Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а) ҳаракатларининг бошланиши ва Куфа халқининг чақириғи

Имом Ҳусайн (а) ҳаракатларининг бошланиши ва Куфа халқининг чақириғи

 Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Севимли пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, ул ҳазратнинг пок неваралари, жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шаҳодат айёмларига бағишланган «Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг бошланиши ва Куфа халқининг чақириғи» номли мақоламизга диққатингизни жалб этамиз.

  «Муҳаррам» ойи ҳижрий қамарий тақвимининг илк ойи бўлиб, шу билан бирга Ислом тарихидаги энг эсда қоларли ва абадий ҳодисани эслатувчи ой ҳисобланади.

  Ҳижрий-қамарийнинг 60 ва 61 йилларида рўй берган бу ҳодисани дунё мусулмонлари қайғули тарзда эсга олишади.

  Аллоҳнинг суюкли пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) неваралари – имом Ҳусайн (алайҳис салом) туғилган жойлари Мадинаи Мунавварани ахлоқсизлик ва адолатсизликка қарши чиқиш учун тарк этган йиллари ислом тарихида муҳрланиб қолди.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз ҳижратларидан кўзлаган макон Маккаи мукаррама эди. Барчага аёнки, Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жоҳилиятга қарши 23 йилги курашлари давомида исломни башарият учун энг охирги ва мукаммал дин сифатида баён этадилар.

  Аммо жоҳиллар ва мунофиқлар доиман исломга зарба бериш пайида эдилар ва Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) доимий равишда уларнинг ошкора ва яширин ҳаракатларидан хавотирда эдилар.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларидан кейин, қулай вазиятдан фойдаланувчи бу риёкорларнинг фаолият кўрсатишлари учун шароит ва замин яралади. Ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлат қилганларида, ул ҳазратнинг суюкли неваралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайн (алайҳис салом)лар 6 ва 7 ёшда эдилар. Уларга нисбатан ҳамманинг муносабати яхши эди. Аммо йиллар давомида фитначилар исломга қарши кўплаб ишларни амалга оширишади.

  Уммавийлар ҳукумати ҳижрий қамарийнинг 60-йили Муовия ўғли Язидга топширилади ва у ҳукумат тепасига келади. Шом аҳли унга байъат қилишади. Сўнгра Язид Мадинага ҳам ўзига байъат олиш учун одам юборади.

  Диний қадриятларни поймол ва оёқ ости қилган, Қуръон ва диний аҳкомлардан умуман узоқ бўлган Язид ҳукмронлиги замонида мол-дунёга ҳирс қўйиш мусулмонлар орасида авжига чиқади.

  Мадинада бўлган имом Ҳусайн (алайҳис салом) бундай нопок ва бузғунчи шахсни ҳеч қачон қабул қилмас ва унинг қаршисида сукут ҳам сақлай олмас эдилар.

  Аммо бошқа томондан эса, Язид учун имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан байъат олиш жуда ҳам муҳим эди, чунки, ўзининг нопок ишларини шу йўл орқали хаспўшлаб (яшириб), мусулмонлар кўнглидан жой олмоқчи эди.

  Шунинг учун ҳам, Язид ҳукуматни қўлга киритган куниданоқ, Мадина ҳокимига мактуб йўллаб, имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан байъат олишни талаб қилади.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Язиднинг ислом таълимотлари бўйича, етарли салоҳияти ва яроқлилиги йўқлиги сабабли, мусулмонлар етакчиси ва раҳбари бўла олмаслигини ва унга байъат қилишга ҳозир эмасликларини эълон қиладилар. Ул ҳазрат бу ҳаракатлари билан, мусулмонларга уларни ким бошқараётганини тушунтирмоқчи эдилар.

  Язид Мадина ҳокимига имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қаттиқ қўл бўлиб, ул зотнинг вазиятини оғирлаштиришни буюради. Мадина ҳокими Язиднинг буйруғига биноан, имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ё Язидга байъат қиласиз ёки бўлмаса, сизни қатл этамиз, деб айтади. Шундан сўнг, имом Ҳусайн (алайҳис салом) Мадинани тарк этиб, Макка томон йўл оладилар.

  Имомнинг бундай қарорга келишларининг асосий сабабларидан бири ўзиларининг улкан ҳаракатларини ташкил этиш эди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Мадинани тарк этаётиб, бир гуруҳ инсонларга:

  «Мен уммат орасида юзага келган оғиш ва саҳв-хатони ислоҳ этмоқ ва ислом йўлида қилинган ишларни қайта тикламоқ учун Мадинани тарк этмоқдаман, ҳамда амри маъруф ва наҳий мункар қилишни хоҳлайман»,

 деб айтадилар.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) томонларидан Макка шаҳрининг танланиши ҳам, шу сабабдан эди. Ҳаж мавсумининг яқинлашиши билан кўплаб ҳожилар Маккага боришар ва бу нарса имомни ўз ҳаракатларини амалга ошириш ва амри маъруф ва наҳий мункар қилиш учун қулай фурсат эди.

  Бошқа томондан эса, имом Ҳусайн (алайҳис салом) Маккада йиғилган кўпчилик халойиқ орасида Язид ҳукуматининг моҳиятини фош эта олардилар. Имом тўрт ой давомида Маккада истиқомат қиладилар.

  Исломий ҳудудларнинг бошқа бир диёри бугунги Ироқдаги Куфа шаҳри бўлиб, Язид ҳукуматидан оғир аҳволга келганди. Куфаликлар Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтлари ва имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Язидга байъат қилмаганлари хабарини эшитиб, ул ҳазратга кўплаб мактублар йўллашади.

  Табиийки, бўлаётган ишлардан гап-сўзлар ҳам кўпайиб бораётган эди. Баъзилар ул зотни Язидга қарши чиқишга ҳам ундашарди. Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларининг Куфадаги иштиёқмандлари Хузоъий деган шахснинг уйида тўпланишиб, имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мактуб йўллашади, ҳамда ул ҳазратга байъат қилишга ваъда бериб, Куфага даъват этишади. Куфаликларнинг ушбу мактубидан сўнг, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ушбу диёрга ўз вакилларини жўнатадилар. Токи, бу шаҳардаги вазиятни ўрганиб ул зотга хабарини етказсин деб.

  Имом томонидан юборилган ушбу вакил ул ҳазратнинг энг яқин ва садоқатли ёронларидан бўлган Муслим ибн Ақийл эди.

  Тарихда келтирилишича, Муслимнинг Куфага келиши билан, унга 18 минг киши байъат қилади.

  Муслим ибн Ақийл имомга мактуб йўллаб, халқни унга байъат қилишга тайёр эканлигини билдиради. Шундан сўнг, имом Ҳусайн (алайҳис салом) Куфа шаҳрини бузғунчи Язид тузумига қарши оёққа туриш учун муносиб, деб биладилар.

  Диққатга сазовор томони шундаки, байъат қилган куфаликлар ичида шаҳар мансабдорлари ва обрўли шахслари ҳам бор эди.

  Кутишга вақт йўқ эди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳижрий қамарийнинг олтмишинчи йили, зулҳижжа ойининг саккизинчи кунида ҳаж маросимини охиригача етказмай, Куфа шаҳри томон йўл оладилар.

  Шу ўринда, бир нарсани ҳам айтиб ўтиш жоизким, имом Ҳусайн (алайҳис салом) сафарга отланаётган вақт, ул зотнинг ҳузурларига кўплаб яқинлари келиб Имомни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилишади. Аммо Имомнинг қарорлари қатъий эди.

  Йўлда ҳам ул ҳазратга кўплаб кишилар хиёнаткор бани Уммайянинг қўлига ўзиларини туттирмаслигини айтишади. Йўлда ўша замон шоирларидан бўлган Фараздақ ҳам Имомга дуч келади.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) шоирдан одамларнинг фикри қандай эканлигини сўрайдилар?

  Шоир: «Одамларнинг қалби сиз билан, қиличлари бани Умайя билан», деб айтади.

  Ҳатто Мадина ҳокими ҳам, «омонлик» мактубини Имомга йўллаб, ул зотнинг қайтишларини сўрайди. Аммо Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Куфа халқи вафодор эмаслигини билсалар-да, ўз йўлларини давом эттирадилар.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) йўлда бораётиб, Куфадаги вазиятни бошқача тус олганидан хабардор бўладилар. Ул ҳазратга Язид томонидан раҳм-шафқатсиз Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг Куфага ҳоким этиб тайинлангани борасидаги хабар етиб келади.

  Имом томонидан вакил қилиб юборилган Муслим ибн Ақийл тарафдорлари Убайдуллоҳ ибн Зиёд одамлари томонидан тарғибот-ташвиқот қилиниб, уларни ўзлари томон оғдириб олишади. Албатта, таҳдидлар, яъни Муслим ибн Ақийлни танҳо қўйиб, Убайдуллоҳ ибн Зиёд тарафига ўтган кишиларгина омон қолиши каби таҳдидлар ҳам, ўз таъсирини кўрсатади.

  Куфадаги тарафдорларнинг хиёнати оқибатида Муслим ибн Ақийл қўлга олиниб, Дорул-иморанинг томидан пастга улоқтирилиб, қатл этилади.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) кўпчилик қўрққанидан ва бошқа бир гуруҳ эса мол-дунё истагида танлаган йўлларидан қайтишганини фаҳмлайдилар. Муслим ибн Ақийлнинг шаҳид бўлганлик хабари етиб келганда, Куфага бўлган сафарни давом эттириш ёки эттирмаслик масаласи яна ўртага ташланади. Ниҳоят имом Ҳусайн (алайҳис салом) яна сафарни давом эттириш қарорини эълон қиладилар. Чунки, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ушбу ҳаракатларидан кўзлаган мақсадлари, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиб, ётган виждонларни уйғотиш ва боблари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келтирган ислом динини қайта тиклаш ва жонлантириш эди.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг садоқатли, вафодор ёронлари Куфа шаҳрига етмасданоқ, Карбало диёрида Язид қўшинлари томонидан қуршаб олинади.

  Ҳижрий қамарийнинг 61-йили, муҳаррам ойининг ўнинчи куни тенг бўлмаган ушбу нобаробар урушда, Язиднинг минглаб қўшини баробарида 72 нафар фидокор ёронлар қаттиқ оёқда туриб жанг қилишади.

  Карбалода юзага келган ушбу мудҳиш воқеа, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазрат ёронлари фожиали тарзда шаҳид бўлган кун ислом тарихида абадий муҳрланиб қолади, ҳамда келажакда ислом динининг янада юксалишига замин яратади. Ҳозиргача ислом динининг сақлаб қолиниши ҳам ушбу пок зотларнинг тўкилган қонининг баракоти туфайлидир.

   Аллоҳнинг салому дуруди имом Ҳусайн (алайҳис салом)га, ул зотнинг фарзандларига ва вафодор ёронларига бўлсин! Шу ерда жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шаҳодат айёмларига мўлжалланган «Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг бошланиши ва Куфа халқининг чақириғи» номли мақоламиз ўз ниҳоясига етди.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.