Икки Ёшли Чол

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ёзилган сарлавҳани кўриб ҳайрон бўлгандирсиз. Аммо таажубланишнинг асло ҳожати йўқ. Нега деганда, Қуръони Каримда икки яшар ва ё тўрт – беш яшар чоллар ҳақида айтилган. Чунки, инсоннинг ёши унинг ақлига кўра ўлчанади. Баъзилар умрининг охиригача гумроҳликда ўтадилар. Ёшининг катталигига қарамай, ҳалигача йўлларини топиб олмаган бўладилар. Қандай қилиб дейсизми, мана ўзингиз ўқиб кўринг.

قُلْ هَلْ نُنَبِّئُكُم بِالْأَخْسَرِينَ أَعْمَالًا ﴿١٠٣﴾ الَّذِينَ ضَلَّ سَعْيُهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَهُمْ يَحْسَبُونَ أَنَّهُمْ يُحْسِنُونَ صُنْعًا ﴿١٠٤﴾

(Эй элчимиз Муҳаммад (с.а.о),) айтгин: «Сизларга амаллари юзасидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?!»

«Улар қилган саъйҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, ўзларини эса, чиройли иш қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиганлардир (Каҳф сураси, 103 ва 104-оятлар)

Ҳа, баъзилар етмиш-саксон йил умр кўрадилар, ҳатто яхши яшадим,- деб фахрланадилар ҳам, лекин уларнинг бу умрларида ақллари эмас, балки фақат вазнлари ортиб, бўйлари чўзилгандир, холос. Қиёматда Парвардигор бундай одамлар билан муомала қилганда, икки яшар гўдаклар билан муомала қилгандек рафтор қилади.

Иккинчи тарафдан қарасак, баъзилар ёш бола бўлсалар ҳам, ақллари кўп бўлгани учун ёшлари каттадек ҳисоб-китобга тутиладилар. Карбалода шаҳид бўлган имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг фарзанди Қосим ибн Ҳасан ўн уч ёшида шаҳид бўлган бўлса-да, бироқ унинг ақлининг ривожланиши катта одамларникидек бўлган, шунга яраша ақлига мутаносиб равишда Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳозир бўлади. Бу ҳақиқат Қиёматда ошкор бўлади. Чунки, ақли кўп инсонлар охиратда ақлларига яраша савол-жавобда бўладилар. Мана бу ояти каримага диққат қилинг:

يَا يَحْيَىٰ خُذِ الْكِتَابَ بِقُوَّةٍ ۖ وَآتَيْنَاهُ الْحُكْمَ صَبِيًّا ﴿١٢﴾ وَحَنَانًا مِّن لَّدُنَّا وَزَكَاةً ۖ وَكَانَ تَقِيًّا ﴿١٣﴾ وَبَرًّا بِوَالِدَيْهِ وَلَمْ يَكُن جَبَّارًا عَصِيًّا ﴿١٤﴾ وَسَلَامٌ عَلَيْهِ يَوْمَ وُلِدَ وَيَوْمَ يَمُوتُ وَيَوْمَ يُبْعَثُ حَيًّا ﴿١٥﴾

(Биз унга): «Эй, Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам тутгин!» – (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳукм (пайғамбарлик ва маърифат) бердик.

«Яна унга Ўз даргоҳимиздан меҳрибонлик ва поклик (бердик). Ҳамда у тақводор эди.»

«У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр қилувчи ва исёнчи эмасди.»

«Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам саломлар бўлсин.» (Марям сураси, 12-оятдан 15-оятларча)

Ҳазрат Яҳё пайғамбар бўлганларида тўрт ёки беш ёшда эдилар. Бундан маълум бўладики, ёш бола бўлишларига қарамай, ақллари пайғамбарлик қилишга лойиқ даражада бўлган.

Шундай қилиб, «ақл ёшда эмас, ул зеҳни ўткир бошдадир», деган мақол нақадар тўғри эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.