Home / Шариат қонунлари / Намоз / Таҳорат / Вузу / Таҳоратга оид бир неча масалалар

Таҳоратга оид бир неча масалалар

  Олдинги мақолаларда айтиб ўтилганидек, Исломнинг амалий кўрсатмалари «аҳком» деб номланади ва вожиб амаллар улар жумласидандир. Шунингдек, намоз вожиб амалларнинг энг асосийси ва муҳими саналади.

 Намозга алоқадор масалалар 3 қисмга бўлинади:

  1. Муқаддамот; намоз ўқийдиган инсон намоздан олдин уларни бажармоғи лозим.
  2. Муқоринот; такбиратул эҳромдан салом бергунга қадар, намоз ўқиганда бажариладиган амаллар.
  3. Мубталот; намозни бузадиган (ботил қиладиган) нарсалар.

Намоз муқаддамоти

   Намоз муқаддималаридан бири таҳорат олишдир ва намоз учун лозим бўлган таҳорат икки қисмдан иборат.

  • Ботиний таҳорат (покланиш), Аллоҳнинг ризолигини талаб қилиб, вузу, ғусл ё таяммум қилиш билан амалга ошади.
  • Зоҳирий таҳорат (покланиш), Аллоҳнинг ризолигини талаб қилиш лозим бўлмай, бадан ва либосни нажосатдан поклаш демакдир.

Вузу

   Намоз ўқийдиган инсон, намоз ўқишдан олдин вузу олмоғи ва бу буюк ибодатни бажариш учун ўзини ҳозирламоғи лозим. Айрим ўринларда ғусл қилиши шарт, яъни: Бутун баданини ювиши керак. Вузу ёки ғусл қила олмаган тақдирда, уларнинг ўрнига «таяммум” номли бошқа бир амални бажармоғи лозим. Бу дарс ва кейинги дарсларда буларнинг ҳар бирининг аҳкомлари билан танишиб чиқамиз.

Вузу амаллари: 1-ювмоқ;

  1. Юз; пешананинг соч чиққан еридан, жағнинг остки қисмигача (узунлиги), бош ва ўрта бармоқнинг ўртасидаги миқдор кенглигида юз ювилади.
  2. Ўнг қўл; қўлнинг тирсагидан, бармоқларнинг учигача ювилади.
  3. Чап қўл.

Вузу амаллари: 2-масҳ тортмоқ;

  1.  Бош; бошнинг олдинги қисми, пешонанинг юқорисига масҳ тортилади.
  2.   Ўнг оёқ;
  3.  Чап оёқ; бармоқларнинг учидан оқларнинг юқори қисмига қадар масҳ тортилади.

Вузунинг ҳукмлари

Юз ва қўлларни ювмоқ

  1.   Эҳтиёт вожибга кўра, юз ва қўлларни юқоридан пастга ювмоқ лозим ва агар пастдан юқори томон ювса, олган вузуси ботил бўлади.[1]
  2.   Агар бирор шахснинг юз ёки қўли, одатдаги инсонларнинг юз ва қўлидан кичикроқ ёки унинг пешонасидан соч чиққан ёхуд бошининг олд қисмида сочи бўлмаса, кўпчилик инсонлар ювадиган миқдорчалик ювмоғи лозим.[2]
  3.   Агар бирор шахс юз ва қўлининг ҳар иккаласи одатдагидан фарқ қилиб, лекин бир-бирига муносиб бўлса, кўпчилик ювадиган миқдорни назарга олиши лозим эмас, балки вузу амалларида баён қилинганидек вузу олмоғи шарт.[3]
  4.   Агар юзнинг териси туклар (соқол ва қош)нинг орасидан кўриниб турса, сувни терига етказмоқ лозим ва агар кўринмаса фақатгина тукларни ювиш етарли бўлиб, сувни туклар остига тегизмоқ лозим эмас.[4]
  5.   Агар юз териси туклар остидан кўриниш ё кўринмаслигида иккиланса, эҳтиёт вожибга кўра, тукларни ювиб, сувни терига ҳам етказсин.[5]
  6.   Оғиз ва буруннинг ичини, лабнинг бир миқдорини ва кўз юмилган пайтда кўринмайдиган миқдорини ювиш вожиб эмас, лекин ювилиши керак бўлган жойлардан бирор жойи ювилмай қолмаганлигига ишонч ҳосил қилиш учун мазкур жойларнинг бир миқдорини ювиш вожибдир.[6]
  7.   Вузу аъзоларидан кесилиб тушган тери ёки гўшт (агар бутунлай узилган бўлса унинг жойи ювилиши шарт) бадан аъзосига илиниб турган ҳолда ҳам ювилиши керак. Ва кўриниб турган ҳар бир ерини ювсин.[7]
  8.   Куйиш оқибатида терининг устида пайдо бўлган жароҳатлар тузалмагунча унинг устки қисмини ювиш етарлидир, ҳарчанд унинг териси тешилган бўлса-да ва шунингдек, унинг бир қисми узилиб тушган бўлса, кўриниб турган терининг ўша мақдорини ювиш етарлидир. Ва қолган қисмини йўлиб ташлаш ёки унинг остига сув тегизиш лозим эмас, лекин тери гоҳида баданга ёпишиб ва баъзан эса ажралиб турадиган ҳолда бўлса, унинг ости ювилиши лозим.[8]
  9.   Яра тузалаётган ҳолда унинг устига қопланган тери, баданнинг териси каби бўлиб, уни йўлиб ташлаш лозим эмас, балки унинг устини ювиш етарлидир, агарчи уни олиб ташлаш осон бўлсада. Аммо қуриган яранинг устига қўйилган дорини олиб ташлаш осон бўладиган бўлса, уни олиш лозим ва агар уни олиб ташлаш мумкин бўлмаса, «жабира» ҳукмига амал қилинади. Бу масала жабиралик вузу аҳкомида батафсил келтирилган.[9]
  10.   Вузу аъзоларини ювмоқ: Биринчи марта вожиб, Иккинчи марта жоиз, Учинчи марта: бидъат ва ҳаромдир.[10]
  11.   Вузу аъзоларини ювишдан мақсад, шунчаки сув тўкиш эмас, балки тўлиқ ювишдир, яъни агар вузу олиш ниятида юз ва қўлни тўлиқ ювса ва иккинчи марта ҳам комил ювса, учинчи марта ювиш ҳаромдир. Шунга биноан, агар вузу аъзоларига бир неча маротаба сув етказса, лекин вузу аъзоларининг ҳамма ерига тегмаса, бир мартаба ҳам ҳисобланмайди ва агар сувни бир маротаба тўкиш билан ёки сувга бир марта киргизиш билан сув вузу аъзоларининг ҳамма ерига тегса, бир марта ювган ҳисобланади.[11]
  12.   Вузу аъзоларини вузу олиш ниятида уч марта ювмоқ бидъат ва ҳаром бўлишдан ташқари, баъзан вузу амали ботил бўлиш (бузулиш)га сабаб бўлади ва бу ҳолат масҳ тортган сув учинчи марта ювилган сувдан бўлганда юз беради. Зероки, масҳ тортиш вузу суви билан бажарилмоғи лозим.[12]

Бошга масҳ тортмоқ

  1.   Масҳ тортиш жойи: Пешананинг юқорисидан иборат бўлган бошнинг тўрт қисмидан бир қисмига (олд қисмига) масҳ тортилади.
  2.   Масҳ тортишнинг вожиб миқдори: Ҳар миқдорда масҳ тортилса, кифоядир. Масҳ тортиш шундай миқдорда бўлмоғи лозимки, кўриб турган бирор шахс бошига масҳ тортди, деса, масҳ тортган ҳисобланади.
  3.  Эҳтиёт мустаҳаб: Ёпилган уч бармоқ кенглигида ва бир бармоқ узунлигида масҳ тортиш эҳтиёт мустаҳабдир.
  4.   Чап қўл билан бошга масҳ тортиш жоиздир.
  5.   Масҳ тортганда намлик бош терисига тегиши шарт эмас, балки бошнинг олд қисми сочига масҳ тортиш саҳиҳдир. Аммо агар инсонинг сочи тараётган вақт юзига тушадиган даражада узун бўлса, тери қисмига ёки сочнинг остки қисмига масҳ тортиш лозим.
  6.   Бошнинг бошқа қисмдаги сочига масҳ тортиш тўғри эмас, ҳарчанд масҳ тортадиган ерга тўпланган бўлса-да.
  7.   Бошга масҳ тортиш юқоридан пастга бўлиши шарт эмас.[13]

Оёққа масҳ тортмоқ

  1.   Масҳ жойи: Оёқнинг устки қисмидир.
  2.  Масҳ тортишнинг вожиб миқдори: Узунлиги; бармоқ учидан оёқнинг кўтарилиш қисмигачадир. Кенглиги; ҳар миқдорда бўлса кифоядир, агарчи бир бармоқчалик бўлса ҳам.
  3. Оёқ устки қисмининг ҳамма ерига масҳ тортиш эҳтиёт мустаҳабдир.
  4.  Ўнг оёққа, чап оёқдан олдин масҳ тортиш керак, лекин ўнг оёққа ўнг қўл билан ва чап оёққа чап қўл билан масҳ тортмоқ лозим эмас.[14]

Бош ва оёққа масҳ тортишнинг умумий масалалари

  1.   Масҳ тортганда қўлни бош ва оёқларга юргизиш лозим ва агар қўлни бош ва оёққа юргизиш ўрнига уларни ҳаракатлантирса, олган вузуси ботил бўлади (бузулади). Лекин агар қўлни юргизганда, бош ёки оёқ бир оз қимирласа, вузуга зарар етмайди.[15]
  2.   Агар масҳ тортиш учун қўлнинг кафтида намлик қолмаган бўлса, қўлни бошқа сув билан намлай олмайди, балки вузу аъзолари орқали қўлини намлаб, масҳ тортмоғи лозим.[16]
  3.   Қўлнинг нами бош ва оёқда намоён бўладиган даражада бўлмоғи лозим.[17]
  4.   Агар қўлнинг кафтидаги намлик бошга масҳ тортадиган миқдорда бўлса, ўша намлик билан бошга масҳ тортиб, оёқларга масҳ тортиш учун эса вузуъ аъзоларининг намлигидан фойдаланилади.[18]
  5.   Масҳ тортадиган ерлар (бош ва икки оёқ усти) қуруқ бўлмоғи лозим, бинобарин, агар масҳ тортиш жойлари ҳўл бўлса, уни қуритмоқ шарт, лекин агар унинг ҳўллиги шу даражада оз бўлсаки, қўлнинг нами ўша ерларда намоён бўлишига тўсқинлик қилмаса, зарари йўқдир.[19]
  6.   Қўл ва бош ёки икки оёқ ўртасида бош кийим ва оёқ кийим каби масҳ тортишга тўсқинлик қиладиган нарсалар бўлмаслиги керак, ҳарчанд жуда ҳам нозик ва ингичка бўлиб, терига намлик етиб борса-да (магар ночор ва оғир вазиятда қолганда ушбу турдаги  масҳ тортиш мустасно қилинган).[20]
  7.   Масҳ қилинадиган ерлар пок бўлиши шарт, демак агар нажас бўлса ва уни поклай олмаса, таяммум қилиши лозим.[21]


[1] . Тавзиҳул масоил, 243-масала.

[2] . Ўша, 238-масала.

[3] . Ўша.

[4] . Ўша, 240-масала.

[5] . Тавзиҳул масоил, 241-масала.

[6] . Тавзиҳул масоил, 242-масала.

[7] . Ал-урватул вусқо, фаслун фий афъолил вузу, 205-бет, 14-масала.

[8] . Ал-урватул вусқо, 1-жилд, 206-бет, 16-масала.

[9] . Ўша, 17-масала.

[10] . Тавзиҳул масоил, 248- масала.

[11] . Истифтоот, 1-жилд, 34-бет.

[12] . Тавзиҳул масоил, 248-масала ва истифтоот, 1-жилд, 34-35 бетлар.

[13] . Тавзиҳул масоил, 249-масала ва 250 ва 251-масалалар ва шунингдек, тавзиҳул масоил, 1-жилд, фаслун фил вузуъ, 23-бет, 12, 13, 14-масалалар.

[14] . Ал-урватул вусқо, 1-жилд, фаслун фий афъолил вузуъ, 210-бет.

[15] . Тавзиҳул масоил, 255-масала.

[16] . Тавзиҳул масоил, 257-масала.

[17] . Ал-урватул вусқо, 1-жилд, фаслун фий афъолил вузуъ, 212-бет, 26-масала.

[18] . Тавзиҳул масоил, 258-масала.

[19] . Ал-урватул вусқо, 1-жилд, 212-бет, 26-масала.

[20] . Ўша, 27-масала.

[21]. Тавзиҳул масоил, 260-масала.

Share

Check Also

Иртимосий вузунинг ҳукмлари

  Иртимосий вузу шундан иборатки, инсон юз ва қўлларини вузу олиш ниятида сувга киргизади ёки …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.