Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Мавло Али (алайҳис салом) умматнинг ҳидоятчиси (3)

Мавло Али (алайҳис салом) умматнинг ҳидоятчиси (3)

  4. Али халифаликка ҳаммадан кўра лойиқроқ эмасмиди?

Фараз қилайлик Пайғамбаримиз ўзларидан кейин ҳеч кимни халифа этиб тайинламаганлар, у ҳолда уммат раҳбар танлаши учун илм ва тақвода мартабаси ҳаммадан юқорироқ бўлган инсонни четлаб ўтиши тўғри иш ҳисобланадими?! Уламоларнинг аксарияти ҳатто аҳли суннатдан бўлганлари ҳам имом Алини бутун саҳобалар ўртасида Ислом аҳкомларини билишда энг доно ва билимдон деб эътироф этишади.

   Аҳли суннат уламолари бу ҳақида Пайғамбаримизнинг аёллари Оишадан қуйидагича ривоят қилганлар:

 کَثْرةُ مُرَافَقَتِهِ لِلرَّسُولِ صَلَّی اللهُ عَلَیْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ، و سُکْنَاهُ مَعَه، زِوَاجِه مِنَ ابْنَتِهِ فاطمةَ إِلَي جَانِبِ مَا حَبَاهُ اللهُ مِنَ الْفِطْرَةِ السَّلِيمَةِ… کُلُّ ذلک أَوْرَثَهُ الْعِلْمَ الْغَزِيرَ؛ حَتَّي قَالَتْ عَائِشَةُ: «أَمَا إِنَّهُ لأَعْلَمُ النَّاسِ بالسُّنَّةِ في زمنٍ کان الصَّحَابةُ مُتَوَافِرِينَ».

  Аллоҳ таоло Алига ато этган покиза ва тўғри фитрат (табиат)дан ташқари, Али доимо Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва васаллам) ёнларида бўлиб ул зот билан биргаликда ҳаёт кечиришлари  ва ул ҳазратнинг қизлари Фотимага уйланишлари… буларнинг ҳаммаси имом Али кўп илмлар вориси бўлишига сабаб бўлди. Шу боис, Оиша ул зот ҳақида шундай дерди: «Огоҳ бўлингиз, шубҳасиз, Али бутун саҳобалар мавжуд бўлган замонда Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)суннатларига ҳаммадан кўра огоҳдир».[1]

  Ул зотдан қолган илмий ҳадислар ва тарихий воқеаларнинг гувоҳлигига биноан, Али (алайҳис салом) илм-маърифатда ҳаммадан кўра афзал эди ва қачонки, уммат турли хил илмий муаммоларга дуч келиб қолсалар, ул ҳазрат ҳал қилиб берар эдилар.[2] Алининг шижоати, тақвоси, зоҳидлиги (дунёга рағбатсизлиги) уни бошқалардан ажратиб турувчи сифатларидан ҳисобланарди. Шунинг учун уммат ўзига халифа танлаб олиши керак бўлган тақдирда ҳам Алини танлаш зарур бўлар эди.

  Аҳли суннатнинг йирик илоҳиётчи олими бўлмиш Қози Азудуддин Ижий бу ҳақида шундай дейди:

الجُمْهُور عَلَي أَنَّ أهْلَ الإِمامة و مُسْتَحِقَّهَا مَنْ هُوَ عَالِمٌ مجتهدٌ فِي الأُصُولِ وَ الْفُرُوعِ لِيَقُومَ بِأُمُورِ الدِّينِ مُتَمَکِّناً مِنْ إقامةِ الْحُحَجِ وَ حَلِّ الشُّبَهِ فِي الْعَقَائِدِ الدِّينِيَّةِ.

  Умум илоҳиётчи олимларнинг шартига биноан, Ислом умматига раҳбарлик қиладиган ва пешволикка лойиқ бўлган шахс диннинг асоси ва унинг аҳкомини мукаммал билган олим ва мужтаҳид бўлмоғи лозим. Токи, дин кўрсатган йўл-йўриқларни   тўлақонли бажариб, уларни турли хил далил ва ҳужжатлар билан исботлай олишга қодир ва диний эътиқотда пайдо бўлган ҳар-хил шубҳаларга жавоб бериб уларни еча оладиган бўлсин.[3]

  Абу Бакр халифаликни эгаллагандан сўнг мусулмонларга хитоб қилиб шундай дерди:

«إِعْلَمُوا أيُّهَا النَّاسُ أَنِّى لَمْ أجْعَلْ لِهَذَا الْمَكَانِ أنْ أَكُونَ خَيْرَكُمْ، وَ لَوَدَدْتُ أَنَّ بَعْضَكُمْ كَفَانِيهِ».

  Эй инсонлар! Билингизки, мен сизларнинг энг яхшингиз бўлганим учун, ушбу ўринни эгаллаб олганим йўқ. Сизларнинг айримларингиз хилофат мансабини ўз зиммасига олишини истардим.[4]

  Буюк таричи олими Яъқубий Абу Бакрнинг қилган эътирофи хусусида шундай ёзади:

«إنِّي وُلِيْتُ عَلَيْکُمْ و لَسْتُ بِخَيْرِکُمْ».

  Шубҳасиз, сизларнинг устингиздан ҳукмдор бўлдим, ҳолбуки, мен сизларнинг энг яхшингиз эмасман.[5]

  Абу Бакр бошқа бир жойда ўзининг халифалик мансабига нолойиқ эканини эътироф этиб шундай дейди:

«أَقِيلُونِي فَلَسْتُ بِخَيْرِکُمْ».

   Мени хилофат мансабидан четлаштирингиз, зероки, мен сизларнинг энг яхшингиз эмасман.[6]

  Ҳолбуки, юқорида айтиб ўтганиздек, Ислом умматининг пешвоси ҳаммадан афзал ва устун ва Ислом дини кўрсатган йўл-йўриқни ва унинг таълимотларини ҳаммадан яхши биладиган шахс бўлмоғи лозим. Акс ҳолда Аллоҳга ва Унинг Расулига ва мусулмонлар жамиятига хиёнат қилган ҳисобланади.

  Бу ҳақида эътиборингизни Ислом умматининг донишманди бўлмиш Ибн Аббоснинг сўзига жалб этамиз:

مَنْ وَلَّي وَلياً مِنَ المُسلِمِينَ شَيئاً مِنْ أُمُورِ المُسلِمِينَ و هو يَعلَمُ أَنَّ فِي المُسلِمِينَ مَنْ هُوَ خَيرٌ لِلمُسلِمِينَ مِنهُ، و أَعلَمُ بِکِتِابِ اللهِ و سُنَّةِ رَسُولِهِ صَلَّی اللهُ عَلَیْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ، فَقَدْ خَانَ اللهَ و رَسُولَهُ و خَانَ جَمَاعَةَ المُسلِمِينَ.

  Кимки, мусулмонлар орасида ўзидан ҳам яхшироқ ва Аллоҳнинг китобини ва Унинг Расулининг суннатини чуқурроқ биладиган шахс борлигини била туриб, мусулмонларнинг пешвоси ва йўлбошчи бўлиб, уларнинг устидан ҳукмдорлик қилса, шубҳасиз, Аллоҳга ва Унинг Расулига ва мусулмонлар жамоасига хиёнат қилибди.[7]

  Кимда ким Аллоҳнинг йўлини тутишда имом Алига эргашиб, ул зотни ўзи учун валий ва пешво қилиб олса, ҳидоят йўлини топгани шубҳасиздир. Аҳли суннатнинг буюк муфассир ва илоҳиётчи олими бўлмиш Аллома Фахриддин Ар-Розий бу ҳақида шундай дейди:

مَنِ اقْتَدَی فِي دِينِهِ بِعَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ فَقَدِ اهْتَدَی، و الدَّليلُ عَلَيْهِ قَوْلُهُ1: اللَّهمَّ أَدِرِ الحَقَّ مع عليٍّ حيثُ دارَ

  Кимки, динида Али ибн Аби Толибга эргашса, муҳаққақ ҳидоят топибди. Бунга далил Расулуллоҳнинг ушбу сўзларидир: «Эй Аллоҳим, Али қаерда бўлса, ҳақни ҳам унинг гирд-теварагида қилиб қўйгин».[8]

  Албатта юқорида зикр қилган даъвомизга жуда кўплаб далиллар мавжуд бўлиб, ушбу китобда уларнинг айримларини кўриб чиқамиз.

  Қўлингиздаги ушбу ғадирнома имом Али (алайҳис салом)ни «Ғадир» кунида зиёрат қилиш учун ўнинчи имомимиз ҳазрати Али ибн Муҳаммад (имом Алийян Нақий (алайҳис салом))дан мўтабар санадлар (услублар) билан содир бўлган бўлиб, ҳақиқатни изловчи инсон учун бир олам илму маърифатга тўлиб тошгандир.

  Мазкур ғадирномада имом Али (алайҳис салом) пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва васаллам) дан сўнг Аллоҳ томонидан барча мусулмонларга ҳақ халифа, пешво, бошлиқ ва йўлбошчи этиб танлангани Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида зикр қилингани таъкидланган. Ғадирномада Пайғамбаримизнинг имом Али(алайҳис салом) хусусларидаги ҳадисларини нақл қилиш ва имом Али (алайҳис салом)нинг бошларига тушган оғир воқеаларда тутган йўллари баён қилинган. Шу билан биргаликда Али(алайҳис салом)да бўлган олий даражали фазилатлар, халифалик мансабини даъво қилиб уни эгаллаб олган кимсаларда умуман бўлмагани борасида сўз юритилган. Имом Али(алайҳис салом) пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва васаллам)дан кейин энг афзал, энг устун, энг юксак ва энг улуғ зот эканликлари ва барча инсонларга раҳбарлик ва йўлбошчилик қилишга сазовор бўлган ёлғиз инсон эканликлари турли хил далил-исботлар билан келтирилган.

  Шунинг учун имом Али (алайҳис салом)нинг «Ғадир» кунидаги ушбу зиёратномалари пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва васаллам) дан сўнг, у зотнинг Аҳли-байтлари, хонадонларига эргашган мусулмонлар тўғри йўлда эканликларини баён қилиш билан олий мазмунга эга бўлган ҳужжат ва далилдир. Шу боис, ушбу ғадирномани бошқа кунларда балки, ҳар куни ва ҳар ерда ўқиш жуда ҳам фойдали ва савоб амал бўлиб, Аллоҳнинг ибодатига рағбат қилувчилар ва  имом Али (алайҳис салом)нинг зиёратларига муштоқ бўлгувчилар мазкур зиёратни ғанимат, деб биладилар.

   Ушбу китоб имом Али (алайҳис салом) барча гуноҳ ва нопокликлардан йироқ бўлган «маъсум» эканликлари ва пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва васаллам)дан сўнг халифалик, пешволик ва йўл бошчиликдан иборат бўлган имом Али (алайҳис салом)нинг ҳақ-ҳуқуқлари у зотдан тортиб олиниши билан ҳаётлик чоғларида мазлум эканликларини баён қилгандир.

   Имом Алиян Нақий (алайҳис салом) ушбу зиёратномада биз томонга нур даричасини очганликлари туфайли, ҳар ким имом Али (алайҳис салом)ни танимоқчи бўлиб, у ҳазратнинг изларидан бориб, ҳақ йўлда юришни истаса ва ушбу зиёратномадаги ибораларнинг маъносига диққат билан назар солса, ҳақ йўлни топишига ҳеч қандай шак-шубҳа бўла­ олмас.

  Ғадирномадан олдин имом Али (алайҳис салом)нинг юксак мартабалари янада намоён бўлиши учун, назарингизни пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва васаллам)нинг қуйидаги айрим ҳадисларига жалб қиламиз:

عَنْ إِبى لَيْلَي الْغَفَّارِى، قالَ: سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ يَقُولُ: سَتَكُونُ مِن بَعْدِى فِتْنَةٌ، فَإِذَا كانَ ذَلِكَ فَأَلْزِمُوا عَلِىَّ بْنَ أَبِى طالِبٍ، فَإِنَّهُ أَوَّلُ مَنْ يَرَانِى وَ أَوَّلُ مَنْ يُصَافِحُنِى يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَهُوَ مَعِىَ فِى السَّمَاءِ الأَعْلَى وَ هُوَ الْفَارُوقُ بَيْنَ الْحَقِّ وَ الْبَاطِلِ.

  «Аби Лайло ривоят қилиб дедики, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан эшитдимки, шундай марҳамат қилардилар: мендан сўнг (ғаразгўй кимсалар хилофат мансаби устида тортишишлари оқибатида) фитна юзага келгай, шундай ҳолат рўй берганда, Али ибн Аби Толибни маҳкам тутиб, Унга эргашингиз. Зероки, у қиёмат кунида мени кўрадиган ва мен билан куришадиган илк кишидир ва у (Али(алайҳис салом)) юқори осмонда мен билан бирга бўлур ва у (Али(алайҳис салом)) ҳақ ва ботил (ноҳақлик)нинг ўртасини ажратувчи зотдир».[9]

  عَنْ أَبِى ثَابِتٍ مَوْلَى أَبِى ذَرٍّ، قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى أُمِّ سَلَمَةَ فَرَأَيْتُهَا تَبْكِى وَ تَذَكُرُ عَلِيَّا وَ قالَتْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ يَقُولُ: عَلِىٌّ مَعَ الْحَقِّ وَالْحَقُّ مَعَ عَلِىٍّ وَ لَنْ يَفْتَرِقَا حَتَّى يَرِدَا عَلَىَّ الْحَوْضَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ.

  «Абу Зар (разияллоҳу анҳу) нинг хизматкорлари Абу Собит ривоят қилиб дедики, Пайғамбаримизнинг аёллари Умму Саламанинг ҳузурига кирдим ва уни йиғлаётган ҳолда кўрдим ва ўша ҳолатда имом Али (алайҳис салом)ни ёдга олиб, шундай деди: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан эшитдимки, марҳамат қилардилар: Али ҳақ билан биргадир ва ҳақ Али билан биргадир ва Қиёмат куни Ҳавзи Кавсар ёнида бу иккаласи менга кириб келгунга қадар, ҳаргиз бир-биридан ажралмас».[10]



Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Имом Алининг ушбу фазилатини ўз китобида нақл қилган аҳли суннат уламолари қуйидагилардан иборат:

  1. Исмоил ибн Иброҳим Ал-Бухорий, «Ат-тарихул кабийр», 2-жилд, 255-бет.
  2. Ал-Муваффиқ ибн Аҳмад Ал-Хоразмий, «Ал-маноқиб», 7-фасл, 84-рақам, 91-бет.
  3. Абу Зайд Ас-Саъолибий Ал-Моликий, «Тафсиру Саъолибий ал-мусаммаа бил жавааҳирил ҳисаан фий тафсийрил Қуръон», 1-ж, 52-б.
  4. Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий, «Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб», 3-ж, 1104-б, дорул жайл нашрида, аммо дорул кутубил илмийяҳ нашрида эса 3-ж, 206-бет.

[2]. Қўлингиздаги китобнинг охирги мавзусида бу ҳақида намуналар келтирилган.

[3]. Қози Азудуддин Ижий, «Шарҳул маваақиф», 8-ж, Ал-марсадур робиъ фил-имаамаҳ, Ал-мақсадус сааний, 380 ва 381-бетлар.

[4]. Ибн Қутайбаҳ, Ад-Дийнаварий, «Ал-имомату вас-сиёсаҳ», 1-ж, 16-бет.

[5]. Яъқубий, Тарихул Яъқубий, 2-ж, Айёми Аби Бакр, 12-б.

[6]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳи наҳжул балоға», 1-жилд, 169-бет.

[7]. Мазкур сўзнинг манбаи:

  1. Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 16-ж, 44035- ҳадис, 88 ва 89-бетлар.
  2. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 53- жилд, 256- бет, 6452-Муҳаммад Шаҳрёр Ан-Нисобурийнинг таржимаи ҳолида келтирилган.

[8]. Мазкур сўзнинг манбаи:

  1. Фахри Розий, «Ат-тафсирул Кабийр ва мафаатийҳул ғайб», 1-ж, Фотиҳа сурасидан олинадиган фиқҳий масалалар баёнида 9-масала, 5-ҳужжат, 210-б.
  2. Фахри Розий, Ал-маҳсул фий илми усулил фиқҳ, 4-ж, 4-масала, 1452-б.

[9]. Ушбу ҳадисни ўз китобида нақл қилган Аҳли суннат алломалари қуйидагилардан иборат:

  1. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 3- жилд, 123- бет, 1164- ҳадис.
  2. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Мийзонул-иътидол фий нақдир-рижол», 2- жилд, 3- бет, 2587- ҳадис ва 1 жилд, 188 -бет, 740 ҳадис.
  3. Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 93 ва, 43- боб 152- бет.
  4. Ганжий Шофиий, «Кифааятут-толиб», 44 боб, 188 бет.
  5. Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 11- жлид, 612- бет.

[10] Ушбу ҳадисни ўз китобида ривоят қилган Аҳли суннат уламолари қуйидагилардан иборат:

  1. Ибн Мағозилий, «Маноқибу Амирил муъминийн», 244-бет.
  2. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 3-жилд, 119-бет, 1162-ҳадис.
  3. Ҳоким Нишобурий, «Ал-мустадраку алас-саҳиҳайн», 124- бет, 3- ҳадис, 61- ҳадис, бобу маноқиби Алиййин.
  4. Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ»,104-б , 20-боб.
  5. Хатиб Бағдодий, «Тариху Бағдод», 14-ж, 321-б, 7643-ҳ.
  6. Ибн Касир, «Албидояту ван-ниҳояҳ», 7-ж, 321-б, бобу фазоили Алиййин.
  7. Ҳайсамий,«Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9- ж, 135-б.
  8. Термизий, «Сунану термизий», 13-ж, 166-б, 3-ҳ, бобу маноқиби Алиййин.
  9. Хоразмий, «Маноқибу Амирил муъминийн», 223-б.
  10. Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 11-ж, 621-бетдан 643-бетларгача ва бошқа алломалар ушбу ҳадисни ўз китобларида нақл қилганлар.
Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.