Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Исломда шаҳодатнинг энг юксак ўрни

Исломда шаҳодатнинг энг юксак ўрни

  Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Азиз ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок руҳларига салому саловот йўллаб, муҳаррам ойига бағишланган «Исломда шаҳодатнинг энг юксак ўрни» номли махсус мақоламизни қадрли ўқувчиларга тақдим этамиз.

   Азизлар, муҳаррам ойининг 10-куни, яъни Ошуро куни эди. Ушбу кун азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг севимли неваралари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг ёронлари Карбало даштида шаҳид бўлишди. Бу қайғули муносабат билан сиз азиз тингловчиларимизга, ҳамда барча мусулмонларга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) инқилобларининг хусусиятларидан бири шубҳасиз, имом ва ул ҳазрат ёронларининг қалбларида мавж урган шаҳодат талаблик ҳисси эди. Шаҳодат илоҳий мардларга насиб этадиган шарафли ўлимдир.

  Ошуро кечаси бу жасур ва довюрак шахсиятларнинг ҳар бири Имом ҳазратларига вафодорлик аҳдини билдиришди. Ўша лаҳзаларда ақида учун курашиш ва Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиш улардан ҳар бирининг қалб орзуси эди. Парвардигор Қуръони Каримнинг бир неча оятларида шаҳодат ва Аллоҳ йўлида жонини фидо қилиш масаласини илгари суради. Мисол тариқасида «Тавба» сурасидаги 111-ояти каримада шундай дейилган:

<إِنَّ اللَّهَ اشْتَرَى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنْفُسَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ بِأَنَّ لَهُمُ الْجَنَّةَ يُقَاتِلُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَيَقْتُلُونَ وَيُقْتَلُونَ وَعْدًا عَلَيْهِ حَقًّا فِي التَّوْرَاةِ وَالإنْجِيلِ وَالْقُرْآنِ وَمَنْ أَوْفَى بِعَهْدِهِ مِنَ اللَّهِ فَاسْتَبْشِرُوا بِبَيْعِكُمُ الَّذِي بَايَعْتُمْ بِهِ وَذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ>

  «Албатта Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарида сотиб олди – улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, бас, қилган савдоларингиздан шод бўлаверинг. Ана шунинг ўзи улкан ютуқдир.»

  Ислом таълимотида шаҳодат шунчалик баланд мартабаки, Аллоҳнинг авлиёлари ва хос бандалари доимо шаҳид бўлишни орзу қилиб, дуо қилишган.

  Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳадиси шарифларида шундай буюрадилар:

«فَوْقَ کُلِّ ذِی برٍّ برٌّ حَتَّـی یُقْتَـلَ الْمَرْءُ فِـی سَـبِیلِ اﷲِ، فَـإِذَا قُتِلَ فِی سَبِیلِ اﷲِ فَلَیْسَ فَوْقَهُ بِرٌّ»

  «Ҳар бир яхшиликдан кўра яхшироқ амал бордир. Токи, инсон Аллоҳ йўлида ўлдирилганига қадар ҳар бир яхши амалдан яхшироғи бордир. Агар инсон Аллоҳ йўлида ўлдирилиб, шаҳид бўлса, инсон учун бундан кўра улуғроқ ва юксакроқ яхшилик ва мартаба йўқдир.» (Биҳорул анвор, 74-жилд, 60-бет)

   Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларидан ривоят қилинган ҳадисларда шаҳодат ўлимнинг энг обрўли шаклидир, деб айтилган. Уларнинг таълимотича, шаҳид қонининг қатралари Парвардигор наздида улуғ қадр-қийматга эгадир. Шаҳидлар жаннатга биринчи бўлиб кирадиган, бошқалар уларнинг мақом-мартабасига ҳавас кўзи билан қарайдиган кишилардир. Аллоҳ йўлида жонини фидо қилган банданинг шаҳид деб аталишини уламолар қуйидагича изоҳлаганлар:

  «Раҳмат фаришталари жиҳод майдонида ҳозир бўлиб, фидойи шахслар ҳақида гувоҳлик беришади. Шунингдек, Аллоҳ таоло ва унинг Расули ҳам, Аллоҳнинг йўлида ўлдирилганларнинг жаннат аҳли эканликларига гувоҳлик беришади.»

  Бошқа бир изоҳда келтирилишича, Аллоҳ йўлида ўлдирилганлар доимо тирик ва ҳозиру нозир бўлганликлари учун уларни шаҳид деб, аташади.

  Бу ҳақда Парвардигори карим «Бақара» сурасининг 154-ояти каримасида шундай буюради:

<وَلا تَقُولُوا لِمَنْ يُقْتَلُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتٌ بَلْ أَحْيَاءٌ وَلَكِنْ لا تَشْعُرُونَ>

  «Ва Аллоҳ йўлида қатл этилган шаҳидлар ҳақида: «Булар ўликлар», демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар.»

   Аллоҳнинг мард бандалари илоҳий мақсадлар йўлида шаҳид бўлишни шараф деб, билишади. Зеро, улар билишадики, уларнинг ўлими билан ғафлатда қотган қалбларга бедорлик учқунлари сачрайди. Шу сабабли, шаҳидлар саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) Аллоҳ йўлидаги шарафли ўлимни таҳқирланиб, қарам ва муте ҳолда яшашдан кўра афзал деб, биладилар.

  Ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳу алайҳо) Язид мажлисида қилган хутбаларида шаҳид бўлмоқлик ифтихор эканлигини таъкидлаб, ишларининг оқибати шаҳодат билан якунланганлиги учун Парвардигори каримга ҳамд ва шукроналар айтадилар. Имом Сажжод (алайҳис салом) ҳам Ибн Зиёд таҳдидларига қарши шундай марҳамат қиладилар:

  «Мени ўлимдан қўрқитасанми? Шаҳодат биз учун ифтихор ва шарафдир.»

  Шаҳодат шарафи имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг энг кичик фарзандлари Али Асғарга ҳам насиб айлади. Али Асғар Карбало даштида имом ҳазратларининг ёронлари орасида энг кичиги бўлиб, унинг шаҳид бўлиш манзараси инсон қалбини парчалайди.

  Шу ўринда Карбало даштининг энг кичик аскари ҳақидаги воқеани айтиб бермоқчимиз.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари жанг майдонига назар ташладилар. На Али Акбар, на Қосим, на Аббос ҳеч ким қолмаган эди. Вафодор ёронларининг жонсиз жасадлари Карбало даштида сочилиб ётарди. Бундан руҳланган душман эса, тобора юзсизларча ва сурбетларча яқинлашиб келарди.

  Шунда имом Ҳусайн (алайҳис салом) фарёд этиб дедилар:

«هل مِن ذابٍّ یذبُّ عن حرمِ رسول الله ؟
هل مِن مغیثٍ یرجو الله باغاثتِنا ؟
هل من معینٍ یرجو ما عند الله فی اِعانَتِنا ؟»

   «Аллоҳнинг ризоси учун бизга кўмаклашадиган киши борми?! Аллоҳнинг Расули ҳарамини муҳофаза қилувчи мард борми?! Бизнинг додимизга етиши билан Аллоҳга умид боғлаган бирор додга етувчи борми?! Бизга ёрдам беришида Аллоҳнинг наздидаги нарса (ажр-мукофот)ни умид қиладиган ёрдам берувчи борми?!»

  Аммо Язид лашкаридагиларнинг қалбларига ғафлат муҳри босилган эди. Қулоқлари ҳақни эшитмас, кўзлари ҳақиқатни кўрмас эди. Шунда имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг мурғак, норасида фарзандининг йиғиси авж олади. Худди падари бузрукворига:

 «Отажон, мен жанг майдонига бораман. Сизнинг сўнгги аскарингиздирман»,

деяётгандек эди.

  Имом ҳазратлари яна фарёд этадилар: «Бизга кўмаклашадиган бирор кимса борми?!»

  Али Асғарнинг йиғи садоси авж олади. У сувсизликдан қийналаётган эди.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) чодирга қараб буюрадилар: «Онаси, Али Асғарни келтиринг.»

  Онаси Али Асғарни бағрига босиб, устма-уст ўпгач, отасига узатади. У йиғидан тўхтамайди.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) уни қўлларига олиб, баланд кўтарганча, бўғиқ овозда фарёд чекадилар:

  «Бу норасида чақалоқда нима гуноҳ бор? Бу кимни хафа қилди? Бу болакай кимнинг кўнглига озор берди?!»

  Али Асғар йиғиси кучая бошлади. У худди падари бузрукворининг мазлумлигига, ҳақиқат ва иймоннинг ғариблигига йиғлаётгандек эди.

  Али Асғар отасига кўмак беришга келган эди. Аммо унинг йиғидан ўзга қуроли йўқ эди.

  Язид лашкарининг бош қўмондони Умар ибн Саъд ўз одамларига ҳадикли нигоҳ ташлади. Бу аянчли манзара уларнинг тош қотган юракларини эритиб, қалбларида инсонийлик ҳиссини ўйғотмасин, деб қўрқарди. Али Асғарнинг чинқириғи лашкар қалбига таъсир қила бошлайди.

  Шу пайт Умар ибн Саъд лашкаридаги нокас Ҳармаланинг қаро қалбида бутун ёвузлиги қўзғалади. У қўшиннинг олдига чиқиб, камонга ўқни жойлайди. Лашкар аҳли қўрқув ила унинг ҳаракатларини кузата бошлашади.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) фарёд этиб дедилар:

  «Менга раҳм қилмасанглар ҳам, бу норасида гўдакка раҳм қилинглар!»

  Ҳармала камон тортади. Қалблари тошга айланган сипоҳийлар ҳам, бу даҳшатли манзарани кўришга тоқат қилолмайдилар. Ўқ отилиш лаҳзалари эди. Аммо нишон ким!

  Бу жаҳолат ва пасткашлик ўқи ҳақиқатни нишонга олганди.

  Нокас Ҳармала камонидан учган ўқ Али Асғарнинг томоғини тешиб ўтади. Бу даррандаликни кўрган имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қоматлари букилади.

  Бу ғам-андуҳли манзарани кузатишга осмону заминнинг сабри чидамайди.

  Имом Ҳусайн (алайҳиссалом)нинг мазлумликлари охирги нуқтасига етган эди. Имом ҳазратларининг аламли фарёдлари бутун Карбало даштини тутди:

  «Парвардигоро, ўзинг гувоҳсан. Бу халқ бизни кўмаклашиш ваъдаси билан чорлаб, бошимизга қилич тортишди. Парвардигоро, худди Самуд қавмини азобга гирифтор этганинг каби, булардан қасос ол!»

  Шунда имом Ҳусайн (алайҳис салом) Али Асғарнинг бўғзидан тўкилаётган қонларни қўлларига олиб, осмон томон соча бошлайдилар. Бу қайғули манзарадан фаришталар ҳам нолага келдилар.

  Азизлар, Ошуро кунига бағишланган «Исломда шаҳодатнинг энг юксак ўрни» унвонли мақоламизни якунлар эканмиз, яна бир бор ислом оламидаги ушбу қайғули муносабат билан барча мусулмонларга чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этамиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.