Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Ошуро воқеасида аёлларнинг фаол иштироки

Ошуро воқеасида аёлларнинг фаол иштироки

  Шаҳидлар сарвари имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг шаҳид бўлган айёмларига бағишланган «Ошуро воқеасида аёлларнинг фаол иштироки» унвонли махсус суҳбатимизнинг навбатдаги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бизни тинглаб боринг.

  Ҳижрий қамарийнинг 61-йили муҳаррам ойида имом Ҳусайн (алайҳис салом) инқилоблари рўй беради. Ушбу қонли инқилоб халқнинг ухлаган виждонини уйғотиш ва жамиятни ислоҳ этиш учун барпо этилган эди. Зеро, ўша вақтдаги нолойиқ ҳоким барча исломий қадриятларни оёқ ости қилган эди. Имом Содиқ (алайҳис салом) Арбаъйин зиёратида боболари Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом) ҳазратларининг юзага келтирган инқилобларидан кўзда тутилган мақсадларини шундай баён қиладилар:

«وَ بَذَلَ مُهْجَتَهُ فِیکَ لِيَسْتَنْقِذَ عِبَادَکَ مِنَ الْجَهَالَةِ وَحَيْرَةِ الضَّلَالَةِ»

  «Бандаларингни жаҳолат ва нодонликдан ҳамда гумроҳлик ҳайратидан нажот бериш учун пок қонини сенга Парвардигорим фидо қилди.»

  Бани Ҳошим аёллари имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг сафарга чиқаётганликларидан хабардор бўлганларидан сўнг, бирон-бир чора топиш учун бир уйда тўпланадилар. Имом ушбу сафардан омон қайтмасликларини билардилар. Ушбу вазиятдан рози эмасликларини аёллар йиғи ва нола билан баён қилишни хоҳлашади. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) уларни олдиларига келиб, бундай буюрадилар: «Худо ҳаққи, ушбу хабарни ошкор қилмангизким, Аллоҳ ва пайғамбарига итоатсизлик бўлади.»

  Аёллар айтишади: «Биз қандай қилиб йиғидан ўзимизни тутайлик, чунки, бугун биз учун худди Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлат қилган кунлари, Али ва Фотиманинг шаҳодат кунлари ҳамда Пайғамбаримиз қизлари Руқайя, Зайнаб ва Умми Кулсумларнинг риҳлат кунлари кабидир. Ҳусайнжон, Худо ҳаққи, бизни ўз жонингиз ўрнига фидо қилинг, ўзингиз ўлимдан узоқда бўлинг, Эй бизнинг қўлимиздан кетган яхшиларимизнинг маҳбуби…»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг сўзлари бани Ҳошим аёлларини тинчлантиролмади. Улар Имомнинг аммалари Умми Ҳоний олдига бориб: «Умми Ҳоний! Сиз ўтирибсиз, аммо Ҳусайн ўз хонадони билан йўл олмоқчи», дейишди.

  Умми Ҳоний шошилиб имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳузурларига боради. Имом уни кўришлари билан буюрадилар: «Аммажон, нега бунчалик безовтасиз?»

  Умми Ҳоний дейди: «Қандай қилиб безовта бўлмаслигим мумкин? Чунки, етим ва бечораларнинг ғамхори ёнимдан кемоқда.»

  Умми Ҳоний йиғлаган ҳолда имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг сифатларидан сўз оча бошлайди: «Ҳусайн оқ юзлидир ва одамлар унинг баракотидан булутлардан ёмғир хоҳлашади. У етим ва бечораларнинг қувончи ва ғамхўридир. У Ҳошим хонадонидандир ва ўзини бошқалар учун фидо қилган. Ваҳоланки, маҳрумлар унинг олдида неъмат ва фазилатга эришадилар. У Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қалбининг маҳбубидир.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) буюрадилар: «Аммажон, хавотир олманг! Тақдирда нима бўлса, ўшани кўрамиз. Улар (душманлар) жангларда доимо зафар қозонган, аммо Али фарзанди устидан ғалаба қилишолмайди. Ишлар Аллоҳнинг ғайб илмига топширилган ва муқаддар бўлган (тақдирда белгиланган).»

  Аёллар ислом ва мусулмонлар ҳаётининг нажоти ҳамда ислом жамиятини ислоҳ қилиш имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг фидокорликларига боғлиқ бўлганини билишганидан сўнг, жон диллари билан Имомга ҳамрохлик қилишади.

  Исломнинг илк давридан бошлаб, унинг сиёсий, ижтимоий, маданий ва иқтисодий ҳаёти ҳамда унинг шаклланишига аёллар салмоқли ҳисса қўшиб келишган. Ислом жамиятида турли низо, тортишувлар ва урушларга қарамай, аёлларнинг инкор қилиб бўлмайдиган, ҳаётий ролини ислом тарихида яққол кузатиш мумкин.

  Бошқача айтганда, агар ислом дини имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг инқилоблари билан қайта жонланган бўлса, унда аёлларнинг ҳам, қўшган улкан хизматлари бор ва бу каби фидокорликлар инсоният тарихида кам учрайдиган ҳолдир.

  Ошуро воқеасида қаҳрамонлик кўрсатган жанг майдонининг довюрак ва жасур мардлари қўрқмас аёллар қўлларида тарбия топган эдилар. Ушбу тенг бўлмаган курашда жонбозлик кўрсатган эркакларга аёлларнинг огоҳлиги ва басирати ҳамда қўллаб –қувватлашлари беназир ва чуқур таъсир қилган. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) карвонида аёлларнинг сабр ва чидамликлари, йўлни давом эттириш учун уларнинг тарғиботлари бошқаларга катта ижобий таъсир кўрсатарди.

  Аёлларнинг ушбу соҳадаги фаол ҳаракатлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг шаҳид бўлишларидан олдин бошлаган эди. Улар умр йўлдошлари ва фарзандларини ҳақ йўлга ҳидоят ва тарғиб этишни Ошуро воқеаси вақтида бошлашган бўлса, кейинчалик ушбу ҳаракатни бошқа муслима аёллар бутун исломий ўлкалар бўйлаб давом эттиришади.

  Карбалодаги ижтимоий ва маданий ишлар фақат мардларнинг иши эмаслигини аёллар яхши кўрсата олишди. Дин ва Ҳақ бобидаги масалаларнинг ҳал этиш вақти етганда, ушбу мавридда пок бўлган инсон, яъни у аёлми ёки эркакми, ҳамма ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиши лозим. Албатта исломда уруш ва тўқнашувлар саҳнасида аёлларнинг иштироки вожиб қилинмаган. Ҳатто Карбало майдонида ҳам, имом Ҳусайн (алайҳис салом) аёлларни жанг майдонидан узоқлаштирардилар. Шунинг учун, Карбало курашида аёллар ҳарбий урушда иштирок этмадилар. Ошуро воқеасида фақат икки аёл жанг майдонига борадилар. Бироқ имом Ҳусайн (алайҳис салом) уларга миннатдорчилик изҳор этиб, уларни йўлдан қайтарадилар. Карбалодаги аёлларнинг муҳим роли, ушбу ҳаракатнинг моҳиятини бошқаларга етказиш бўлди.

  Аёлларнинг Карбало воқеасида эгаллаган муҳим мавқеларини умумий тарзда уч қисмда кўриб чиқиш мумкин:

  Биринчиси; Ошуродан олдин ижобий таъсир ва фаол иштирокка эга аёллар.

  Иккинчиси; Ошуро воқеаси юз бераётганида муҳим таъсирга эга бўлган аёллар.

 Учинчиси; Ошуро воқеасидан кейин, имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг ҳақ хабарларини бошқаларга етказган аёллар.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) карвонларига ҳамроҳ бўлишни ўз умр йўлдоши Зуҳайр бин Қайнга тарғиб қилган аёллардан бири, Дулҳам эди.

  Зуҳайр бин Қайн Бажалий Ҳажжи Акбар зиёратини охирга етказиб, Ироққа қайтаётганди. У имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўша замоннинг нолойиқ ва золим ҳокими Язидга байъат қилишдан бўйин товлагани ва ўз ёронлари билан Ироқ томон бораётганини эшитган эди. Зуҳайр имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг йўли Худо йўли эканлигини биларди. Аммо Аллоҳнинг ширин ибодатини курашнинг оғир кунлари билан қўшишни хоҳламасди. Шуннинг учун, Имомдан узоқроқ бўлишга ҳаракат қиларди. Йўлда Имомнинг карвони дам олиш учун тўхтаса, у ҳаракат қиларди ва Имомнинг карвони йўлга тушса, у ҳаракат қилишдан тўхтарди. Аммо ушбу сафар давомида бир куни ҳар иккала карвон ҳам, бир-бирига яқин бўлган жойда тўхташади.

  Зуҳайр ҳамсафарлари билан таомланаётган пайт, унинг олдига имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг юборган одамлари уни Имом чақираётганини айтади. Ҳамма ўтирганлар ҳайрон бўлиб, бир бирларига қарашади. Зуҳайр ҳам жавоб бериш ўрнига ерга қараб, сукут сақлаб турарди. Шу пайт унинг умр йўлдоши Дулҳамнинг овози эшитилди: «Субҳоналлоҳ, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг фарзанди сизни чақирган. Нимага, жавоб бермайсиз?»

  Зуҳайр хотинига қараб, яна нигоҳини бошқа томонга бурди. Дулҳам яна унга айтди: «Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг олдига бориб, уни сўзларини эшитиб, узр сўраб, қайтиб келсангиз, нима бўлади?»

  Дулҳамнинг ушбу сўзлари Зуҳайрни ҳаракатга келтиради. У имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг олдларига бориб, очиқ чеҳра билан қайтади. Шунда у хотинига айтади: «Нарсаларни йиғиштир. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) карвонига қўшиламиз. Дулҳам шод бўлиб, чодирларни йиғиштиради.»

  Қадрли тингловчилар, «Ошуро воқеасида аёлларнинг фаол иштироки» номли махсус суҳбатимизнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Биз эса сизлар билан хайрлашамиз. Аллоҳ таоло ёру мададкорингиз бўлсин.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.