Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / ҚАБРДА НИМАЛАР КЕЧАЯПТИ ЭКАН?

ҚАБРДА НИМАЛАР КЕЧАЯПТИ ЭКАН?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Шак-шубҳасиз, ҳаммамизнинг борадиган манзилларимиздан бири қабр бўлиб, ҳар куни: “Мен ғариблар уйиман”, “Мен ваҳшат манзилиман”, “Ёлғизлик уйиман”, “Мен роҳат ва фароғат ериман” ва ҳоказо каби сўзларни айтиб қайтариб туради.

Қабрга қўйишнинг биринчи босқичи

Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” номли ҳадислар мажмуи китобида ёзишича, маййитни қабр ёнига олиб борганда, уни зудлик билан гўрга қўйиш керак эмас, балки аввал бир оз сабр қилмоқлик лозимдир. Чунки, қабр ичида маййитни турли можаролар кутиб турган бўлади. Аввал қабр олдига келтириб бир оз кутилса, маййит қабрга кириш учун ўзини тайёрлайди. Лаҳад ҳам у ерда даҳшатли воқеалар рўй бермасин дея Аллоҳга ёлворади. Шунинг учун шошиб маййитни лаҳадга қўймаслик керак, балки бир оз сабр қилиб аста-секин оз-оздан яқинлаштириб кейин қабрга қўйилса яхшироқдир.

Аллома Муҳаммад Тақий Мажлисий қабрдаги ҳодисалар ҳақида ёзиб жумладан шундай деб айтади: Одам ўлганидан кейин унинг руҳи баданидан ажралади? Лекин “Нафси нотиқа” деган қисми эса бадандан бутунлай ажралиб кетмаган бўлади. Бу эса қабрга қўйилган бадан савол-жавоб, қабр азоби ёки қабрдаги роҳатликни сезиши учун керак бўлади. Шундай экан, қабрда юзага келиши кутилган ҳолатдан ғафлатда бўлмаслик зарурдир.

Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)дан ривоят қилинишича:

«Қачон ораларингиздан бирор ким бу дунёни тарк эса, уни қабрга қўйишга шошилманглар, балки қабр ёнига олиб борганингизда, лаҳаднинг ичига эмас, унинг четида бир муддат қўйинглар. Шу вақт ичида, маййит ўзини қабрда бўладиган савол-жавоб учун тайёрлаб олади.

Баро ибн Озиб (Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг машҳур саҳобаларидан бири)дан қуйидагича ривоят қилинган:

Бир куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан кетаётган эдик, бир гуруҳ одамларнинг тўпланиб турганини кўриб қолдик. Ул ҳазрат ўша ердаги одамларга ишора қилиб нима учун йиғилишганлигини сўрадилар. Шунда бир одамнинг вафот этганлигини ва ҳозир уни дафн этиш учун гўр қазишмоқчи эканликларини айтишди. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) тезлик билан ҳалиги тўпланганлар ёнига бордилар. Мен ҳам нима гап бўлар экан, деб ул зотга эргашдим. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қабр тепасига бордилар-да, у ерда тиз чўкиб ўтирдилар ва ул зот кўзлари тўла ёш билан шундай деб марҳамат қилдилар:

«إِخْوَانِي لِمِثلِ هَذَا فَأَعِدُّوا»

«Биродарларим, ўзларингизни мана шундай кун келиши учун тайёрлаб қўйинглар.»

Онамиз ҳазрат Фотимати Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) васиятларида ҳазрат Али (алайҳис салом)га қарата шундай деганлар: Мени бу фоний дунёни тарк қилганимдан кейин ўзингиз ғусл қилинг ва кафанланг. Қабрга ҳам мени ўзингиз қўйинг ва устимдан тупроқ тортинг. Сўнгра юзимнинг рўпарасида ўтириб Қуръон ўқиб дуо қилинг, зеро маййитнинг энг саодатли дақиқалари тирик одам билан қиладиган алоқасидир (яъни тирикларнинг ўтганлар учун ўқийдиган Қуръон ва дуоларидир).

Бу борада қуйидаги ибратли воқеага эътиборингизни жалб этамиз:

Оятуллоҳ Занжонийнинг ҳикоя қилишларича: Отам оятуллоҳ Занжоний Хадича исмли бир содда ва мўмина онахонни танир эдилар. Шу онахон дунёдан ўтганларидан кейин отам уни эслаб пайшанба кунлари кечқурунлари Ёсин сурасини доимо ўқирдилар. Лекин бир куни нима бўлди-ю пайшанба куни одатдагидек Ёсин ўқиш эсларидан чиқиб қолди. Ўша куни кечаси бундай туш кўрибдилар: Хадича онахон ўз ҳовлисидаги тандирда нон ёпаётган эмиш, ёнида ўтирганларга қараб, мана бу ноннинг иккитасини оятуллоҳ Занжонийга ажратиб қўйинглар, кейин олиб борарсизлар, чунки, у киши ҳар пайшанбада менга нон жўнатиб турадилар, аммо нимагадир бугун шу ишни қилмадилар.

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.