Home / Аёллар саҳифаси / Оила қуришда эътибор қилиниши зарур бўлган масалалар

Оила қуришда эътибор қилиниши зарур бўлган масалалар

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Маълумки, йигит ва қиз бир-бирини яхши кўрмаса, ўртада норозилик вужудга келишининг заминлари пайдо бўлади. Ислом дини оила қуришда икки томоннинг бир-бирларига нисбатан майли ва истагига эътибор қаратади. Зеро, бу нарса оиланинг давомийлигини таъминловчи асосий воситалардан биридир.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, оилавий ҳаётда эр-хотиннинг зеҳн-заковати уларнинг муштарак турмушдан розиликларини намойиш этувчи кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Эр-хотин дунёқараш ва илмий савия жиҳатидан бир-бирларига яқин бўлишса, бундай оилада ўзаро ҳамфикрлилик ва бир-бирларини тушуниш заминлари бошқа оилаларга нисбатан яхшироқ муҳайё бўлади.

Эр-хотиннинг ижтимоий мавқеи ва маданиятлилик даражасининг ўзаро яқинлиги ҳам оилавий турмушнинг тинч-тотувлиги ва барқарорлигини таъминловчи омилардан бири ҳисобланади. Албатта, ижтимоий мавқе ва маданиятлилик даражаси турлича бўлган эр-хотинларнинг ҳам намунали оила ташкил қилиб, бахтли-саодатли ҳаёт кечираётганларини ҳам ҳаётда кузатиш мумкин. Бундай ҳолатларда ҳар икки томоннинг иймон ва ахлоқи ҳал қилувчи рол ўйнайди. Аммо тадқиқотлардан маълум бўлишича, эр-хотиннинг ижтимоий ва маданий мавқе жиҳатидан ўзаро яқинлиги оилавий тотувликнинг асосий шартларидан биридир.

Оилавий масалалар бўйича тадқиқотчилар оила ташкил қилишда дин, мазҳаб, расм-русум, ишонч-эътиқод каби маънавий омилларнинг ўта таъсирли эканлигини таъкидлашади. Зеро, айни шу масалаларда эр-хотин ўртасида ихтилофлар бўлса, бу ихтилофлар замон ўтиши билан чуқурлаша бориб, охири оилавий муносабатларда совуқликни келтириб чиқаради. Масалан, томонлардан бирининг диндор ва художўй, иккинчисининг диний масалаларга бефарқ бўлиши бора-бора оилавий ҳаётнинг тотувлигига барҳам бериб, уни турли баҳс-можаролар тўгарагига айлантиради.

Ислом шариати оила барпо қилишда иймон ва ахлоқ масаласига улкан эътибор қараган. Аллоҳнинг ҳабиби ва русули Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда шундай буюрадилар:

«Қизингизга дини ва ахлоқи бутун бўлган совчи келган чоғи унинг раъйини қайтарманг»

Никоҳ ва оила бобида ислом дини жуфтлар ўртасидаги тенглик масаласига ҳам юксак эътибор қаратган. Ислом дини таълимотига кўра, никоҳ қилинадиган эр-хотин ижтимоий табақаланиш жиҳатидан ўзаро тенг бўлишлари зарур. Албатта, шуни ҳам эслатиш лозимки, жуфтларнинг тенгсизлиги уларнинг ораларида никоҳ жорий этишга тўсқинлик қилмайди. Аммо ислом уларнинг ижтимоий тенглигини келажак ҳаётларининг тинч-тотувлиги кафолатларидан бири сифатида эъзозлайди.

Ривоят қилишларича, эр-хотин анча вақтдан бери бирга умргузаронлик қилишарди. Кунлардан бир куни эрининг ювош ва босиқлигини унинг уддабурон эмаслигига йўйган хотин шикоятга оғиз очди.

Хотинининг шикоятларидан кўнгли оғриган эр бир ҳафта давомида чуқур ўйга толиб, сукут сақлагач, охир-оқибат унинг наздига қоғоз-қалам қўйиб, деди:

– Менинг барча камчиликларимни шу қоғозга ёзиб чиқ. Мен ҳам сенинг камчиликларингни ёзаман. Бир бошдан ҳаммасини муҳокама қиламиз.

Хотин эри ҳақидаги барча гина-кудуратларини астойдил қоғозга тушира бошлади. Эркак ҳам қўлидаги қоғозга нималарнидир битди.

Ярим соатдан сўнг икковлон қоғозларини бир-бирига узатишди. Эркак аёлининг икки саҳифалик шикоятига кўз югуртириб ҳайрон қолди…

Аммо хотин эрининг ёзганига кўз югуртириши биланоқ хижолатдан қизариб кетди. Шикоятлари битилган қоғозни эрининг қўлидан олиб, йиртиб ташлади. Эри ҳар икки саҳифага фақатгина бир жумла ёзганди:

«Азизим, сени яхши кўраман».

Ёш келин-куёвлар «Сени яхши кўраман» жозибали иборасини унутмасликлари керак. Зеро, миллионлаб кишиларнинг ҳаётий тажрибаси бу иборанинг ўта таъсирли эканлигини исботлаган. Буни Сиз ҳам тажриба қилиб кўринг…

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳижоб тажовузга қарши!

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила Бугунги дунё янгидан-янги ташвишлар ва муаммоларни келтириб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.