Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Бир неча диний савол-жавоблар (5)

Бир неча диний савол-жавоблар (5)

Ассалому алайкум ҳурматли Нажот Кемаси жамоаси. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!

Нега сизларга тилак билдирсам-у сизлар эса фақат саломга алик оласизлар? Менга ҳам чиройли сўзлар билан жавоб қайтаринг, фақат мендан ҳафа бўлманг! Сизларга саволларим бор эди:

1. Бизнинг қўшнимиз ҳар пайшанба ўлганларга атаб ис чиқаради, яъни ҳолватар ёки овқат пиширади. Айтингчи биз унинг берган нарсасини есак бўладими?

2. Менинг опам кимдир мени дуолаб қўйган деб айтаяпди. Ўзи шундай дуолаб қўйиш бор нарсами ва бундай ҳолда нима қилиш керак?

Сизларга дунё ва охират саодатини тилайман, Худо ёрингиз бўлсин!

Ҳурмат билан

Ўткирбек

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ва алайкум ассалом бизнинг самимий ва ҳурматли укамиз. Бизлар ҳам сизга энг яхши тилакларимизни, яъни дунё ва охират саодатини тилаймиз. Аллоҳ сиздан ҳам рози бўлсин!

Бизлар кўпинча вақтимиз танглиги оқибатида дуоларимизни саҳифамизда ёритмаслигимиз мумкин, аммо ишонингки, сиз ва сиз каби динни чуқурроқ билишга ҳаракат қиладиган азизлар учун биз доимо «Аллоҳ рози бўлсин» ёки «билдирган яхши дуоларингиз ўзингизга ҳам ёр бўлсин», – деб айтамиз.

Лекин саволларга жавоб ёзувчи гуруҳ ходимлари ҳар доим ҳам бу дуоларни жавоб билан қўшиб ёзишмайди. Чунки, бунинг ҳамиша ҳам иложи бўлавермайди. Ахир вақтимиз жуда чегаралангандир ва биз бундан бошқа иш-фаолиятлар билан ҳам машғулмиз. Нима бўлганда ҳам сизнинг ёзганларингизни ўқиб самимона йўлланган номангиздан мамнунмиз.

Биринчи саволингизга жавобан шуни айтишимиз керакки, ҳар пайшанба (жума оқшоми) ўлганларни эслаш ва уларга атаб ис чиқариб, бунинг савобини дунёдан ўтганларга бағишлаш яхши амаллардан бўлиб, ҳадиси шарифларда ҳам бу борада айтилган. Шунинг учун ўлганларга атаб чиқарилган исни бемалол тортинмай есангиз бўлади.

Иккинчи саволингизга келсак, сеҳр ва сеҳрлаш бор нарса. Лекин унинг олдини олиш ва ёки ундан қутулишнинг йўли бор.

Олдини олиш учун доим Фалақ ва Нос сураларини ўқиб юриш тавсия этилади. Сеҳрни даволаш учун эса махсус шу илмни эгаллаган Қуръон қориларига мурожаат қилиш керак. Албатта, чаласавод ва хурофий амаллар бажарувчи фолбин ва коҳинларнинг олдига бориш асло ярамайди. Махсус қорилар фақат Қуръони Каримнинг оятлари билан дуо ўқийдилар (саҳиҳ талаффуз билан) ва бу амал бир неча марта такрорланади. Аммо шу нарсани ҳам айтиб ўтишни лозим биламизки, баъзида одамларни шайтон васваса қилиб унга: «сен сеҳрлангансан» ёки «жоду қилингансан» дея талқин этади ва бу ҳол аёллар ичида кўпроқ учрайди, бундай ҳолатларда ундай одамларга ортиқча васвасага учрамасликлари учун Оятул Курсий ва боя айтганимиз икки сурани кўп-кўп ўқиш тавсия этилади.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.