Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Барзах олами ҳақида нималарни биласиз?

Барзах олами ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Қабрнинг биринчи кечаси дегани нима? Қабрнинг биринчи кечасида нима ҳодиса юз берадики, ҳамма ундан қўрқади? Барзах олами қаерда? Асосан Барзах оламида кун ва туннинг маъноси борми ёки йўқми? қабилидаги саволлар кўп берилгани сабаб, бу борада муфассалроқ мақола ёзишга қарор қилдик.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар нуқтаи назаридан Барзах ва қабр битта нарса бўлиб, гоҳида унга қабр олами ва баъзан эса Барзах олами дейилади. Барзах сўзи луғатда икки нарсанинг ўртасидаги тўсиқ ва моне маъносини англатади. Шунинг учун, дунё ва охират ўртасида жойлашган оламга Барзах деб айтилади ва шунингдек Қуръоннинг айрим оятларида Барзах сўзи икки денгиз орасидаги тўсиқ ва моне маъносида ҳам келган. Ҳикмат ва фалсафа фанида Барзах деб ўша моддий хусусиятларга эга бўлмаган, бироқ унинг шакли ва тасвирини намоён этадиган ва ундан юқорида турган Мисол оламига айтилади. Зероки, Мисол олами, Ақл олами билан Моддий олам ўртасидаги чегарадир.

Аммо шариати исломия истилоҳида эса ўлим билан қайта тирилиш куни бўлган Қиёмати Кубро оралиғидаги оламга Барзах дейилади. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, Барзах янги ҳаёт ва янги дунёга қадам қўйиш бўлиб, ушбу Барзах олами одамлар учун ҳаёти дунёда қилган амалига яраша ё дўзах чуқурларидан бўлган бир чуқур бўлади ёки беҳишт боғларидан бир боғ бўлади. Демак, Барзах – бу Буюк Қиёмат ва шукуҳли қайта тирилиш томон кириш йўлаги бўлиб, инсон бу дунёдаги ҳаётининг давоми сифатида онглилик, огоҳлик ва уйғониш ҳаётига тўла бўлган Барзах оламига кириб боради.

Ҳадиси шарифда айтилганидек:

«النّاس نيام فإذا ماتوا انتبهوا»

«Инсонларнинг кўпчилиги уйқудадирлар. Улар ўлган вақтларида уйғонадилар».

Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай марҳамат қиладилар:

«Қачонки сизлардан бирингиз вафот этса, агар у беҳишт аҳлидан бўлса беҳиштдаги жойи ва агар у дўзах аҳлидан бўлса дўзахдаги жойи унга ҳар куни эрталаб ва кечқурун кўрсатилади ва унга айтилади: Бу сенинг аниқ жойинг ва ўрнингдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни сени қайта тирилтирганида, сен бу ерга кўчириласан».

Ҳар бир эътиқодли мусулмон келгусида узоқ ёки яқин кунларда шундай кечага дуч келишини билади. Ҳадиси шарифларда қабр сўзи ўша Барзах олами эканлиги хусусида айтилган. Ўша қабристонда қазилган чуқур қабр бўлиб, мурда эгалари бу жонсиз моддий танани унинг ичига қўядилар-да, сўнг бу дунёга тегишли бўлган бу жонсиз жасад билан ишлари бўлмайди ва вафот этган киши учун дунё тизими буткул тугалланиб, Барзах олами бўлган мукаммалроқ бир тизим ўртага келади. Ва энди қиёматга қадар бу жасад билан ҳеч қандай иш ва алоқа бўлмайди.

Шунинг учун, агар қабр сиқуви, қабрнинг биринчи кечасида сўралиш ва савол-жавоб қилиниш, қабрдаги қўрқув ва шунга ўхшаш таъбирлар ишлатилганда, Барзах олами назарда тутилади. Ўлим пайтидан бошлаб, инсон бу дунёдан ўтиши ва руҳ билан бадан ўртасидаги алоқа узилиши билан киши Барзах оламига қадам қўяди.

Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)дан «Барзах» нима деб сўралганда, ул ҳазрат: «Барзах ўша қабр бўлиб, ўлим пайтидан то қиёматгача давом этади», деб марҳамат қиладилар. Бу ўлим вақтидан бошлаб то қиёматгача бўлган вақт оралиғи инсонлар учун «Барзах ҳаёти» бўлади.

Руҳ бадандан узилиб ажралиб чиққан дастлабки соатлар вафот этган киши учун ғалати замонлардир ва ҳатто инсон руҳи танадан ажралиб, киши вафот этган биринчи кунлар ҳам ғалати кунлардир. Зероки, инсон айни пайтда бу дунёдан ўтган бўлса-да, бироқ у ҳали Барзах олами ва ундаги мавжудотлар билан таниш ва улфат бўлмагани, аксинча бу моддий тана ва дунёвий тизим билан кўп йиллар давомида таниш ва улфат бўлгани учун шу даражада ҳайрону-саргардон ва чалкашиб қолган бўладики, ўзининг кимлигини аниқ билолмай туради.

У ҳали ҳам ўзини ўша қабрга қўйилган моддий тана ва жасад деб ўйлайди. Гарчи у ушбу жасаддан ажралган бўлса-да, лекин у ўзини тўғри англаб етмагани учун ўзини ўша моддий бадан деб ўйлайди. У аста-секин Барзах олами билан танишиши ва улфатлашиши ҳамда бу дунёдан узоқлашганини ва энди ундан ажралиб бўлганини тушуниб етиши учун вақт керак бўлади.

Динимизда ва диний кўрсатмаларимизда мурданинг дастлабки ҳолатларига риоя қилинглар, токи у ўзини англаб етсин ҳамда янги олам ва ундаги вазиятларни тушунишига ва унинг ҳайрону-саргардонлиги ва чалкашганлиги ҳолатидан чиқишига ёрдам беринглар, деб таъкидлаб айтилган. Мурда ўзини англаб етиши ва қаердалигини билиб олиши учун Ислом динидаги кўрсатмалар нақадар чиройли йўл кўрсатган. Дастлаб мурдага ғусл бераётиб унинг устига қайноқ сув қуйманг ва жасаднинг одоб-эҳтиромини сақланг, деб кўрсатма берилган.

Ҳадиси шарифларда жасадга нисбатан сабр-тоқатли ва меҳрибон бўлинглар, деб айтилган. Чунки, ўлган одам ғусл берилаётган жойда ҳозир бўлиб, ўзини ва у ердагиларни кўриб туради ва ўзини ўша тана ва жасад деб ўйлайди. Одамлар уни ғусл берганда чапга ва ўнгга бурмоқчи бўлганларида, у азоб чекиши мумкин. У дарахт танасига ўхшаш эмас-ку, хоҳлаган ишни унга нисбатан қилсалар, устига қайноқ сув қуйсалар.

Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ҳадисда ул ҳазрат шундай марҳамат қилганлар:

«Кучсиз ва заиф мўминга муроса-мадора ва меҳрибонлик ила муносабат қилмаган кишига Аллоҳ ғазаб қилади».

Бу мурда энди кучсиз ва заиф мўмин бўлиб, унинг қўли бирор жойга етмайди, ҳамма жойдан узилган ва у бирор ишни қилишга қодир эмас. Шунинг учун унинг ҳолига риоя қилиш керак.

Кейинги босқичда мурдани дафн этиш учун қабр томон олиб борганингизда, уни оҳиста ва секин кўтариб боринг, шошилинч ҳолда қабристонга олиб бориб тўсатдан уни қабрга қўйманг, деб айтилган. Чунки, мурда ҳали ўзини тушуниб етмаган бўлади ва шу учун унинг жасадини чуқур қабрга қўйилиши унга жуда оғир туюлади.

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадисда ул ҳазрат шундай марҳамат қилганлар:

«Мурдани қабрга яқин қолганда ерга қўйинг, бир оз сабр қилиб, сўнг ердан кўтаринг ва бир оз олдинга юргач, иккинчи марта мурдани ерга қўйинг. Яна бир оз олдинга кўтариб боргач, учинчи марта уни ерга қўйинг. Ва охирида эса мурдани қабр ёнида ерга қўйинг, зероки қабр ўта қўрқинчли бўлади. Қўйинг у бунга тайёр бўлсин. Тўртинчи маротаба мурдани кўтариб олиб қабрга қўйинг».

Қандай ҳам яхши бўлади ушбу кўрсатмаларни билган ва бу амалларни бажармоқчи бўлган кишилар мурдани дафн этиш пайтида Зиёрати Ошуро ўқисалар ёки Қуръон садоси, Аллоҳ таолонинг зикри ва салавотлар айтиб турилса. Биз моддий тириклар бу ишларнинг қандай алоқаси ва таъсири борлигини унча билмаслигимиз мумкин, лекин шуни биламизки, Аллоҳнинг зикри мурдага ўзини тезроқ англаб етишига ёрдам беради.

Учинчи босқичда мурдани қабрга қўйганда, уни қимирлатган ҳолда талқин зикрини ўқишлик айтилган, яъни қабрга тушган киши мурдани бироз силкитиб, унга талқин зикрини айтиши билан унга қаердалигини тушунтиради. Талқин зикрини ўқиганда мурдага эътибор қилгин, диққатингни қарат ва қўрқма, иккита фаришта келиб сендан сўраганда, уларга ушбу жавобларни бергин… деб уқтиради. Зероки, мурда ҳайрону-саргардон ҳолда бўлганлиги сабабли, бу кўрсатмалар унга жуда асқотади.

Тўртинчи босқичда эса қабрга тупроқ ташлаб унинг устини ёпганда, мурда тириклик чоғида улар билан улфат бўлган ва уларнинг товуши унга таниш бўлган яқин кишилар унинг ёнида қолишлари ва яна бир бор қабр ёнида туриб мурданинг боши устида талқинни такрор ўқимоқлик айтилган.

Сарвари коинотнинг жигаргўшалари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ўз васиятларида мўминлар амири ва тавқолилар сарвари ҳазрати Али (алайҳис салом)га шундай дейдилар:

«Вафотимдан кейин бошим устида ўтиринг. Дарҳақиқат, бу соат ўликлар тирикларга уларнинг ёнида бўлиб, улар билан улфатлашишларига ва уларни бирданига тарк этиб, ёлғиз қолдирмасликларига муҳтож бўладилар».

Афсуски, баъзида шундай вақтда айрим одамлар мурданинг яқинларини мажбуран қабр атрофидан узоқлаштирадилар. Тўғри, баъзи қариндошлар жуда бетоблик ва сабрсизлик қилишлари мумкин, аммо ўша пайтдаги бетоблик ва сабрсизлик марҳумга кўпроқ фойда келтирадиган бўлиши керак. Яъни, инсон фақат ўз қайғусини бартараф этишни ўйламаслиги керак. Балки мурданинг яқинлари ва танишларидан бир неча киши қабр ёнида қолиб, юқоридаги кўрсатмаларни бажарсинлар.

Бу ишлар қадам-бақадам вафот этган кишини Барзах олами билан танишиб улфатлашишига ёрдам беради. Вафот этган кишининг биз эшита олмайдиган фарёд ва қичқириқлари бўлади. Бу борада қуйидаги воқеани эътиборингизга тақдим этамиз.

Оятуллоҳ шаҳид Дастғайбнинг устозлари бўлган марҳум Оятуллоҳ Ансорий Ҳамадоний (ризвонуллоҳи алайҳ) айтадилар:

«Бир марта Ҳамадонда бир кишининг жаноза маросимига боргандим. Жанозани олиб кетаётганларида, мен мурдани барзахий танаси билан тобут устида кўрдим. Албатта, уни у ердагилардан ҳеч ким кўрмасди. Уни чуқур қоронғулик ва ноаниқлик томон олиб бораётганларини кўрдим. У эса: «эй Аллоҳим мени қутқазгин», деб фарёд қилмоқчи бўларди, лекин унинг тили Аллоҳ сўзига бормасди. Мен уни танирдим. У жуда золим киши бўлиб, ўша замон ҳукмдорларидан бири эди. Унинг тили Худога ва Худодан ёрдам сўрашга бормасди. У одамларга мени олиб кетманглар, деб илтимос қиларди».

Чиндан ҳам вафот этган киши учун биз оддий инсонлар эшита ва кўра олмайдиган ҳолатлар бор. Ўша ҳолатлар мурдага баъзан жуда оғир кечади.

Шунинг учун, вафот этган кишининг дастлабки ҳолатлари ҳайрон-саргардонлик ва қўрқув ҳолатидир. Қабрнинг биринчи кечаси – бу вафот этган киши дафн этилган кечадир. Барзах оламида қиёмат кунидан фарқли ўлароқ, кечаю кундуз бор. Аммо қиёмат кунида эса қуёш, ой, кун ва тун ўртадан кўтарилади. Бироқ Барзах оламида ҳали ҳам кеча ва кундуз бор.

Қуръони Каримда Фиръавн ва унинг аҳли тўғрисида айтилишича, улар доимо эртаю кеч оловга кўндаланг қилиб туриладилар. Яъни, Барзах оламида қиёматгача олов билан куйдирилиб азобланадилар.

النَّارُ يُعْرَضُونَ عَلَيْهَا غُدُوًّا وَعَشِيًّا ۖ وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ أَدْخِلُوا آلَ فِرْعَوْنَ أَشَدَّ الْعَذَابِ

«Улар [Фиръавн аҳли] эртаю кеч оловга кўндаланг қилиниб куйдирилурлар. Ва қиёмат соати қоим бўладиган кунда эса [дўзах фаришталарига]: «Фиръавн аҳлини энг ашаддий азобга киритинглар», дейилур.» (Ғофир сураси, 46-оят)

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) ушбу ояти кариманинг тафсирида айтадилар:

«Ушбу ояти карима қиёмат кунидан олдинда бўлган Барзах оламига тегишли бўлиб, унда эрталаб ва кечқурун борлиги айтилган. Зероки, Қиёмат кунида кун ва тун бўлмайди. Демак, кофирлар ҳар куни эрталаб ва кечқурун азобланадилар деб айтилиши қиёматдан олдинда бўлган Барзах олам эканлиги маълум бўлади».

Қуръоннинг бошқа бир оятида Барзах олами ҳақида яна шундай дейилган:

وَمِن وَرَائِهِم بَرْزَخٌ إِلَىٰ يَوْمِ يُبْعَثُونَ 

«Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларига қадар Барзах бордир.» (Мўъминун сураси, 100-оят)

Вафот этган киши дафн этилгач, Барзах оламида нотаниш дунё ва нотаниш мавжудотларга биринчи кеча дуч келгани ва тағин кеча бўлгани ҳам янада кўпроқ ҳайрат-саргардонлик ва қўрқувга сабаб бўлгани учун мурдага жуда оғир кечади. Бирор киши қорунғу кечада осонликча қабристонда ухлай оладими? Одатда одамлар бундай ишдан қўрқишади.

Энди вафот этган киши бир томондан нотаниш ва кўникмаган дунёга қадам қўйиши ва бошқа томондан у ерда ғалати ва ғароиб юзларни кўриши, чунки, Барзах оламидаги баъзи бир чеҳралар ўта даҳшатли ва қўрқинчли бўлади, учинчи томондан эса мурда ўзи билан таниш ва улфат бўлган одамлардан узоқлашиб ёлғизлик ва яккалик ҳолатига тушиб қолиши уни жуда оғир ҳайрон-саргардонлик, қўрқув ва изтироб ҳолатига солиб қўяди.

Шунинг учун Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Мурдага энг оғир соат қабрнинг биринчи кечасидир. Бу мурда дафн этиладиган ўша биринчи кечадир».

Юқорида айтиб ўтилган кўрсатма ва дастуриламаллардан ташқари вафот этган кишини ушбу оғир ҳайрон-саргардонлик, қўрқув ва изтироб ҳолатидан чиқишига ёрдам берадиган амаллардан бири – бу шариати исломияда айтилган ваҳшат намозидир ва ушбу намоздан ҳам таъсири кучлироқ бўлган амал – бу мурданинг қабрга қўйиладиган биринчи кечасида унинг томонидан садақа чиқаришдир.

Аммо вафот этган киши ҳали ўзини англаб етмагани ва қабрда яшашни истамай тургани учун ҳайрон-саргардон ва қўрқув ҳолатида бўлади. Шуни ҳам билмоқ керакки, руҳнинг баданга боғлиқлиги танани бошқариш ва уни ҳаракатлантириш учун эмас. Бироқ олдиндан руҳ билан тана ўртасида улфат ва боғлиқлик бўлгани учун вафот этганидан кейин ҳам шу ҳолат барқарор қолади. Шунинг учун, вафот этган кишининг қабрига Қуръон оятларини ўқиб дуо қилишга келганларни мурда билиб туради, уларни кўради ва улар билан улфатлашади.

Билишимиз зарур бўлган нарса шуки, биз инсонлар дунёдан ўтганимиздан кейин то қиёмат кунига қадар озуқага муҳтожмиз. Ушбу озуқани ҳар бир инсон шу дунёнинг ўзида ўзи учун муҳайё қилиши зарур. Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) ҳам ўз издошларига:

إنِّي أَخَافُ عَلَيْکُمْ فِي الْبَرْزَخِ

«Мен сизларнинг Барзахдаги ҳолатингиздан қўрқаман».

Яъни ул ҳазрат бизнинг Барзах оламига қўли бўш ва озуқасиз ҳолда кириб боришимиздан қўрқишларини айтганлар. Ҳар бир киши қабрининг биринчи кечаси ва Барзах олами учун ўзи билан озуқа олиб бориши керак. Барзах оламига кириб борганимизда у ер ҳам худди шу дунёга ўхшашдир. Бу дунёда озуқага, уй-жойга, ҳимоячига, таълим олишга ва ҳоказоларга эҳтиёжимиз бўлганидек, Барзах оламида ҳам шу нарсаларга муҳтож бўламиз.

Қиёмат кунига қадар бўлган Барзах оламида ҳам худди шу дунё каби таълим олиш масканлари, ўйланиш ва оила қўриш, уй-жой, озуқа ва керакли жиҳозлар бўлади, аммо юқорироқ даражада ва ўша Барзах оламига муносиб шаклда. Бунинг учун ҳар бир инсон шу дунёнинг ўзида ўша ўта юқори ва олий даражали шароит ва ҳолатлар учун тайёр бўлиши керак. Зеро, ҳар бир маконнинг шароити қанчалик ривожланганроқ бўлса, тайёргарлик ва сарф-харажатлар ҳам шунга яраша кўпроқ ва юқорироқ бўлмоқлиги лозим.

Барзах олами бу дунёга қараганда анча юқори ва юксак мартабада бўлгани учун у ердаги битта уйнинг қадр-қиймати бутун бошли бу ер куррасига тенг келади. Зеро, инсоннинг нафси ва руҳи она қорнида бўлган вақтда ўта кичик бир жойга кифояланади, аммо бу дунёга келган кейин эса инсонга анча каттароқ ва кенгроқ жой керак бўлади ва энди она қорнидаги тор жойга сиғмайди. Бу дунёга келгандан сўнг инсоннинг қудрати ва истеъдоди бир неча минг, балки миллион баробар ошди.

Барзах олами ҳам инсон учун шундай бир жойки, у ерга борганда бу дунёдаги уй-жойлар она қорнидек жуда тор бўлади. Чунки, Барзах оламига боргандан кейин инсон руҳи шу қадар юксалиб қудратга эга бўладики, инсонга кенг ва чексиз фазо керак бўлади. Барзах оламидаги кўй-оҳанглар, уй-жойлар, ичимликлар, егуликлар, уйланиш ва оила қуришликлар, таълим олиш масканлари, олигоҳлар ва бир сўз билан айтганда, яшаш шароити бу дунёдагига қараганда, анча юқори ва таққослаб бўлмас даражада ривожланган ва чиройли бўлади.

Шунинг учун ҳар бир инсон Барзах оламига муносиб шаклда бу дунёда тайёргарлик кўриб, нафси ва руҳини тайёрлаши керак. Бу дунёдаги вақтимиз ва фурсатимиз кўп эмас. Агар ҳадиси шарифларда Ражаб ойи ёки Шаъбон ойининг ҳатто бир кунида рўза тутиш инсонга жаннатга кириш ато этилиши айтилган. Аллоҳ таоло ўзининг чексиз фазлу-раҳмати билан Ражаб, Шаъбон ва Рамазон ойларини шу даражада буюк ва азаматли қилиб қўйганки, биз инсонлар ундан имкон қадар унумли фойдаланишимиз билан Барзах олами учун нафсимиз ва руҳимизни тайёрлайлик ва бу ҳаётимиздаги қисқа фурсатни осонликча қўлдан бериб қўймайлик.

✍️Инсонни «қабр»даги ўта оғир азоб-уқубатлардан қутқарадиган ва барча амаллардан кўра самаралироқ бўлган нарсалардан бири – бу сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳл-Байтларини яхши кўриш ва у буюк зотларга муҳаббатли бўлиш бўлиб, ушбу ҳолатни у буюк зотларнинг зиёратига бориш ҳамда уларнинг кўрсатган йўлидан юриш билан изҳор этмоқлик зарурдир.

Бу борада саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) айтадилар:

«Менинг зиёратимга келган кишини кўришга келадиган ўринлардан бири унинг қабрининг биринчи кечасидир».

Демак, кимки ҳаёти давомида Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом)ни Машҳади Муқаддас шаҳрига бориб зиёрат қилса, ул зот ўша кишининг энг оғир пайтида, яъни қабрининг биринчи кечасида уни кўришга келадилар ва уни Барзах оламининг қўрқуви ва азоб-уқубатларидан қутқарадилар.

Қолган маъсум имомларимизни зиёрат қилганда ҳам худди шундай ҳолат юз беради.

Мўминлар амири ва тақволилар сарвари ҳазрати Али (алайҳис салом) Барзах оламидаги инсонлар билан қилган суҳбатларига диққат билан эътибор қаратиш бизни ғафлат ва бехабарлик уйқусидан уйғонишимизга ёрдам беради деган умидда ушбу суҳбатни бу ерда келтирамиз.

Ҳазрати Али (алайҳис салом) Сиффийн жангидан қайтаётиб Куфа қабристонига яқинлашганларида, баъзи асҳоблари ҳам ул ҳазрат билан бирга эдилар. Шунда ул ҳазрат қабристон аҳлига салом бериб, шундай деб марҳамат қилдилар:

يا أهلَ الدِّيارِ المُوحِشَةِ، و المَحالِّ المُقفِرَةِ، و القُبورِ المُظلِمَةِ، يا أهلَ التُّربَةِ، يا أهلَ الغُربَةِ، يا أهلَ الوَحدَةِ، يا أهلَ الوَحشَةِ، أنتُم لَنا فَرَطٌ سابِقٌ، و نَحنُ لَكُم تَبَعٌ لاحِقٌ

«Эй ёлғизлик уйларининг яшовчилари, қуруқ ва бўш жойлар ҳамда қоронғу қабрлар эгалари! Эй тупроқ аҳли, эй ғариблик ўлкасининг аҳли, эй ёлғиз қолганлар, эй қўрқув диёрининг аҳли! Сизлар биздан олдин ўтдингиз ва биз ҳам сизларнинг ортингиздан сиз томонга етиб боргаймиз».

Шунда қабристон аҳлидан Амирул-мўмининга шундай жавоб келди:

«Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳи ва Баракотуҳу Ё Амирал-мўминин».

Ҳазрат Али (алайҳис салом) уларга: «Сизлар нариги олам [Барзах олами] ҳақида хабар бергайсизми? Ёки мен бу томондаги [дунёдаги] рўй берган хабарларни сизларга айтайми?» деб марҳамат қилдилар. Улар: «Эй Амирал-мўминин, сиз дунёдаги хабарларни бизга айтинг», деб жавоб қайтаришди.

Шунда ул ҳазрат дедилар:

و أمّا الأزواجُ فَقَد نُكِحَتْ، و أمّا الأموالُ فَقَد قُسِمَتْ. هذا خَبَرُ ما عِندَنا فَما خَبَرُ ما عِندَكُم؟

«Хотинларингиз [бошқага] турмушга чиқдилар, мол-мулкларингиз сизлардан кейин бўлиниб кетди [ва минг куч сарфлаб қурган уйларингизни бошқалар эгаллаб олишди]. Бу биз томондан бўлган хабардир! Энди сизлар томондан қандай хабар бор?»

Улар ул ҳазратга жавобан шундай дейишди:

«Эй Амирал-мўминин, бизнинг сизга берадиган хабаримиз шуки, ўлимдан кейин бизнинг кафанларимиз йиртилиб чириди, бизнинг у қадар зийнат ва чиройимиз бўлган сочларимиз тўкилиб сочилиб кетди ва танамиз ҳам шунчалик парчаланиб кетдики, жирканч ва хунук ҳолатга айланиб қолди. Фақат битта нарса бизга жуда асқотди. У ҳам бўлса, дунёда қилган амалларимиз эди. Амалларимиз биз билан бирга қолиб, бизга жуда катта ёрдам беришди».

ثُمَّ التَفَتَ إلى أصحابِهِ ـ فقال : أما لَو اُذِنَ لَهُم في الكَلامِ لأَخبَرُوكُم أنَّ خَيرَ الزّادِ التَّقوى

Бир ривоятга кўра, ҳазрати Али (алайҳис салом) атрофларидаги ёр-асҳобларига қараб шундай дедилар:

«Билингизки, агар уларга гапириш учун рухсат берилганида эди, улар сизларга энг яхши йўл озуқаси тақводорлик эканлигини айтган бўлардилар».

📚 Манба: «Наҳжул-Балоға», 130-ҳикмат.

💠 Мақоламиз ниҳоясида мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)дан ушбу мавзуга доир ўта гўзал ва олий мазмунли яна бир ҳадисни келтирамиз:

وَالدُّنْيَا دَارٌ مُنِيَ لَهَا الْفَنَاءُ، وَلِأَهْلِهَا مِنْهَا الْجَلاَءُ، وَهِيَ حُلْوَةٌ خَضْرَاءُ، وَقَدْ عَجِلَتْ لِلطَّالِبِ، وَالْتَبَسَتْ بِقَلْبِ النَّاظِرِ; فَارْتَحِلُوا مِنْهَا بِأَحْسَنِ مَا بِحَضْرَتِكُمْ مِنَ الزَّادِ، وَلاَ تَسْأَلُوا فِيهَا فَوْقَ الْكَفَافِ، وَلاَ تَطْلُبُوا مِنْهَا أَكْثَرَ مِنَ الْبَلاَغِ

«Дунё тез орада йўқ бўладиган орзулар уйидир, унинг аҳли ундан кўчиши муқаррардир. Дунё ширин ва чиройли бўлиб, у изловчиси томон шошиб боради ва томошабиннинг қалбини алдайди. Демак, ундан ўзингиз тўплаган энг яхши йўл озуқаси [тақводорлик] билан кўчиб ўтингиз ва унда керакли миқдордан ортиқ нарсани сўрамангиз ва ундан етарли миқдордан кўпроғини талаб этмангиз».

📚 Манба: «Наҳжул-Балоға», 45-хутба.

Шуни унутмайликки, олдимизда турган Барзах олами ва охират сафари учун йўл озуқаси бўлган энг самарали амал – бу тақво бўлиб, тақвонинг биринчи поғонаси Аллоҳ таоло бизга фарз қилган амалларни бажариб, ҳаром қилган амаллардан сақланишдир.

Тақво хусусида кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун қуйидаги мақолага мурожаат қилишингиз мумкин👇

https://najotkemasi.net/2015/10/ta-vo-nima.html

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.