Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / ЎЛИМДАН ҚЎРҚИШНИНГ САБАБИ НИМА?

ЎЛИМДАН ҚЎРҚИШНИНГ САБАБИ НИМА?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Умуман нега ўлимдан қўрқишимиз керак?

Ўлимдан нотабиий қўрқиш ва хавотирланишнинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат:

1. Ўлим ҳақиқатини билмаслик:

Ўнинчи пешвоимиз Имом Али ибн Муҳаммад Ал-Ҳодий (алайҳис салом) ўлим тўшагида касал бўлиб ётган ва ўлимдан қўрқиб тоқатсизлик қилаётган ва йиғлаётган ёр-асҳобларидан бирини кўриб унга шундай дедилар:

«يا عبدالله تخاف من الموت لأنَّك لاتعرفه»

«Эй Аллоҳнинг бандаси, сен ўлимнинг ҳақиқатини танимаганинг учун ундан қўрқаётирсан».

 Манба: Шайх Садуқ, «Маониюл-Ахбор», 290-бет.

Агар инсон ўлимни йўқ ва фоний бўлиш деб билмай, балки ўлимни фоний диёрдан боқий диёрга ўтиш деб тушунса, у ҳолда ўлимдан қўрқмайди.

2. Дунёга қаттиқ кўнгил қўйиш:

Дунёга мафтун бўлган ва моддий ҳаётга шўнғиган одам дунёвий лаззатлардан иложи борича кўпроқ баҳраманд бўлиш учун у бу дунёда абадий ҳаёт кечиришни хоҳлайди ва шунинг учун ҳам ҳар доим ўлимининг етиб келишидан хавотирланиб изтироб чекади ва тушкунликка тушади. Зероки, унинг ўйлашича, ўлим барча лаззатлар, айш-ишратлар ва кўнгилхушликларга чек қўювчи бўлиб, уни барча манфаатлари-ю, кўнгил қўйган ва хуш кўрган нарсаларидан буткул ажратади.

Мўминлар амири ва тақволилар сарвари ҳазрати Али (алайҳис салом) дунёни ўткинчи ва охиратни эса абадий эканини уқтириб, барча одамларни ўткинчи дунёга кўнгил қўймаслик ва юрак боғламаслик томонга чақириб, шундай дедилар:

«أيُّها النَّاسُ إنَّما الدُّنيا دار مجاز، و الآخرة دار قرار»

«Эй одамлар, дунё ўтиш макони ва охират эса абадийлик диёридир».

 Манба: Наҳжул-Балоға (Доктор Субҳий Солиҳ тўплаган), 320-бет.

3. Амалларнинг ҳисоб-китоб қилинишидан қўрқиш: 

Аллоҳ таолонинг сўнгги каломи бўлмиш Қуръони Каримда бу борада шундай дейилган:

وَلَا يَتَمَنَّوْنَهُ أَبَدًا بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ ۚ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِالظَّالِمِينَ

«Улар илгари қилган амаллари [гуноҳлари] туфайли ҳеч қачон уни [ўлимни] орзу қилмаслар. Аллоҳ золимларни билгувчидир» (Жума сураси, 7-оят).

Ушбу ояти карима яҳудийлар ҳақида туширилган бўлиб, улар ўлимни сира орзу қилмасликларига сабаб – ҳаёти дунёда қилган гуноҳларининг кўплиги эканини баён қилган. Улар ўлимдан кейин савол-жавоб борлигини ва гуноҳларга яраша азоб белгиланганини билардилар. Шунинг учун ўлимдан қаттиқ қўрқардилар.

Ушбу ояти карима яҳудийларга хос бўлиб қолмай, барча инсонларнинг кўп гуноҳларга йўл қўйган тақдирда ҳолатини баён қилган. Яҳудийлар фақат мисол тариқасида келтирилган, холос. Шунинг учун мазкур оят биз мусулмонларга ҳам тегишлидир.

Муқаддас Ислом дини ушбу учинчи омилни зарарсизлантириш ва таъсирини камайтириш мақсадида ҳар доим тавба эшиги очиқ эканлигига, Аллоҳ таолонинг кечиримлилигига ва бандаларнинг тавбасини қабул қилишига урғу бериб таъкидлайди.

Нима учун биз ўлимдан қўрқамиз? деган саволга Қуръон муаллими ва муфассири устоз Жаноб Ҳожи Қироатий шундай жавоб берганлар:

Ҳайдовчи йўлда кетаётиб қўрқа бошлайди, қачонки машинасининг бензини тугай деб қолса ёки гиёҳвандлик моддасини ташиётган бўлса ёки ҳаддан зиёд юк ортиб олган ёхуд жуда кўп одам миндирган бўлса ёки рухсат этилмаган тезликда ҳайдаб кетаётган бўлса ёки йўлни йўқотиб қўйган бўлса ёки борадиган жойи аниқ ва тайёр бўлмаса ёхуд унинг билан ҳамроҳ бўлганлар нобоб ва нолойиқ одамлар бўлса. Айтилган ҳолатлардагина ҳайдовчи йўлда кетаётганда қўрқади.

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти машина ҳайдаб кетаётган ҳайдовчига ўхшайди. Агар киши ўлимидан кейинги ҳаёти учун ўзи билан йўл озуқаси олган бўлса, ножўя ишлар қилмаган бўлса, йўлни биладиган бўлса, бориш учун кўзлаган жойи маълум бўлса, дўст ва ҳамроҳлари солиҳ одамлар бўлса ва унинг юриш-туриши шариат қонун-қоидаларига мувофиқ бўлса, у ҳолда бундай одам ҳеч қачон ўлимдан хавотирланмайди!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.