Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Ҳазрат Алининг Хайбар жангида ғалаба қозонишлари ҳақида

Ҳазрат Алининг Хайбар жангида ғалаба қозонишлари ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Дастлаб «Хайбар» сўзи ва унинг жойлашуви ҳақида қисқача изоҳ бериб, сўнгра Хайбар жанги тўғрисида керакли маълумотларни тақдим этамиз.

«Хайбар» сўзи ибронийча сўз бўлиб, «қалъа» деган маънони англатади. Ушбу Хайбар қалъаси Мадина шаҳрининг шимолида 165 км узоқликда жойлашган бўлиб, бани Назийр номли яҳудийлар ушбу қалъада яшардилар. Хайбар қалъаси яна 7 та қалъа, кенг экинзор ва хурмозорни ўз ичига олган ва унинг маркази «аш-Шурайф» шаҳри бўлган. Ислом динининг илк даврида Хайбарда яшовчилар яҳудийлар эди. Мусулмон тарихчиларининг ёзишича, Хайбар яҳудийлари Макка ҳукмдорларини мусулмонларга қарши ҳужум қилишга ундагани сабабли пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) улар билан урушдилар. Ва ниҳоят ислом қўшинлари ул ҳазратнинг кўрсатмалари асосида ва ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг қўмондонлиги остида ҳижрий-қамарийнинг еттинчи йилида Хайбар қалъасини забт этишди.

Яҳудийлар Арабистон ярим оролига келганларида, уларнинг бир қисми Хайбарда яшашни ихтиёр қилишди ва Хайбар ҳудудининг иқтисодий салоҳияти туфайли яҳудийлар ўта қудратли кучга айландилар. Улар мустаҳкам қалъалар қуриб, мўл-кўл озиқ-овқат ва қурол-аслаҳа захираларини сақлаб қолиш билан ўзларини енгилмас ва мустаҳкам қудратга айлантирган эдилар. Бу ҳудудда Рабиул-аввал ойининг биринчи кунларида ташкил этиладиган ва «Хайбар бозори» деб номланган йиллик бозор бўлган. Яҳудийларга яқин жойда ушбу бозорни қўриқлайдиган ва бозорга келганларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган «Ғатафон» қабиласи яшар эди.

Хайбардаги яҳудийларнинг саккизта қалъаси бор эди: Ноъим, Қумус, Катибаҳ, Натоҳ, Шақ, Ватийҳ, Салолим ва Саъб[1].

Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) пайғамбар этиб танланишидан олдин яҳудийлар Мадина шаҳри атрофида яшаш ва ўзларини ҳимоя қилиш учун еттита мустаҳкам қалъа қурган эдилар. Уларнинг сони йигирма мингдан ортиқ бўлиб, улар орасида довюрак ва қўрқмас жанговарлар кўп эди. Уларнинг энг машҳури Марҳаб ва унинг оғайниси Ҳорис эди[2].

Хайбар яҳудийларининг энг катта жинояти шу эдики, уларнинг Макка мушрикларига кўрсатган моддий ёрдами сабабли мусулмонларга қарши Хандақ ёки Аҳзоб жанги юзага келди. Шу боис, Хайбар яҳудийлари эндигина шаклланган ислом ҳукуматига қарши фитна ва уйдирма уюштириш марказига айланган эди ва бу қалъада яшовчи яҳудийлар бир неча маротаба Мадинага ҳужум қилишда ислом душманлари билан ҳамкорлик қилишганди, айниқса, Аҳзоб урушида Макка мушриклари қўшинини кучайтиришда муҳим рол ўйнагандилар.

Бундан ташқари, ўша пайтда Эрон ва Рим давлатлари икки буюк империя сифатида бир-бирлари билан узоқ муддат давомида урушиб келган бўлсалар-да, лекин ислом дини учинчи қудратли давлат сифатида юзага келиши бу икки империя учун чидаб бўлмас вазият эди. Шунинг учун Хайбар яҳудийлари Рим ёки Эрон давлатларининг томонига ўтиб, ислом ва мусулмонларни йўқ қилиш учун улар томонидан мусулмонларга қарши ҳужум уюштириш хавфи бор эди. Ва шунингдек, Хайбар яҳудийлари Макка бутпарастларини эндигина шаклланаётган ислом ҳокимиятни ағдариб ташлаш учун рағбатлантиришганидек бу икки империяни ҳам бу ишга ундашлари эҳтимолдан йироқ эмас эди. Айниқса, яҳудийлар ўша пайтда Эрон билан Рим ўртасидаги урушларда улардан бири томонга ўтиб ёрдам кўрсатишарди.

Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу фитна оловини ўчиришга қарор қилдилар. Ул ҳазрат Ҳудайбиядан қайтгач, Зулҳижжа ойи ҳамда еттинчи ҳижрий йили, Муҳаррам ойининг бир неча куни Мадинада қолдилар. Кейин эса ул зот Хайбар яҳудийларининг хиёнати сабабли ва улардан содир бўлиши мумкин бўлган бошқа хиёнатларни ўртадан олиб ташлаш мақсадида ислом аскарлари билан Хайбар томон йўл олдилар.

Бироқ ислом оламининг йирик тарихнавис олими Воқидий айтади: Пайғамбар (с.а.о) Зулҳижжа ойининг олтинчи йили Ҳудайбийядан Мадинага қайтдилар. Сарвари олам ўша ойнинг ҳамда Муҳаррам ойининг ҳаммасини Мадинада ўтказдилар. Ва еттинчи йилнинг Сафар ойида ва шунингдек ўша еттинчи йилнинг Рабул-аввал ойи бошида ҳам дейилган, Хайбар томон йўл олдилар[3].

Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Хайбар қўрғонларига яқинлашганларида бошларини осмонга кўтариб:

«Эй Аллоҳим, Сен осмонларнинг ва улар остидаги мавжудотларнинг Худосисан ҳамда ернинг ва унда ўрнашган барча нарсаларнинг Илоҳисан! Мен Сендан бу обод заминнинг яхшилигини, унинг аҳли ва ундагиларнинг яхшилигини сўрайман. Ва унинг ёмонликларидан ва ундаги мавжудотларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», деб дуо қилдилар.[4]

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зот саҳобалари яҳудийларнинг фитналаридан хабардор эдилар. Шунинг учун улар тунда яширинча йўлга тушиб, Хайбар яҳудийларини ўраб олишди. Яҳудийлар қалъалар тепасига қўриқчилар ва ўқ отарларни тайинлаб қўйиб, Хайбар қалъасига кириш йўлларининг олдида хандақлар қазгандилар.

Тарихчи олимлар Хайбар яҳудийларининг Қамалга олиниш кунларини 10, 15 ва 21 кунлар орасида деб ёзганлар. Ислом аскарлари ўзларининг мардона курашлари ва қаҳрамонликлари билан Хайбар қалъаларини бирин-кетин, лекин аста-секин ва қийинчилик ила забт этишди. Токи улар “Марҳаб” исмли бир машҳур яҳудий қўмондон бошқарадиган ва яҳудийларнинг довюрак жанговарлари маркази бўлган, Қамус қалъаси деб номланган энг катта ва кучли қалъага етиб бордилар. Ушбу қалъа Хайбарнинг сўнгги қалъаси эди. Қамус қалъасидагилар таслим бўлмай қаршилик кўрсатишда давом этардилар. Ислом мужоҳидлари уни қўлга олиш ва забт этишга қодир эмасдилар.

Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қаттиқ бош оғриқлари ул ҳазратнинг ўзлари шахсан жанг майдонига чиқишларига ва қўмондонликни қўлга олишларига тўсқинлик қилиб турарди. Шунинг учун ул ҳазрат жанг байроғини ҳар куни мусулмонлардан бирига бериб, ўша қалъани забт этиш вазифасини унга топширардилар. Бироқ улар бирин-кетин бирор ғалабага эришмай қайтиб келишарди.

Бир куни Сарвари олам жанг байроғини Абу Бакрнинг қўлига топшириб ислом қўшинини унинг қумондонлигида Хайбарнинг сўнгги қалъасини забт этиш томон йўлладилар. Шунда Марҳаб ўз ҳарбий кучларини қувватлантириш ва ислом аскарларини заифлаштириш мақсадида «Ражаз»[5] ўқиган ҳолда қалъадан ташқарига чиқиб, курашишга жангчи талаб қилди. Аммо Абу Бакр бу яҳудий жанговар билан беллашишга ботина олмай, ниҳоят қочиб ортга чекинди.

Эртаси куни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қўмондонлик байроғини Умар ибн Хаттобга бериб, Хайбар қалъасини забт этиш мақсадида ислом қўшинини яҳудийлар билан жанг қилиш учун юбордилар.

Ҳоким Нишобурий бу борада ёзади:

«إنَّ النَّبِيَّ (ص) دَفَعَ الرَّایَةَ یَوْمَ خَیْبَرَ إِلَیٰ عُمَرَ فَانْطَلَقَ، فَرَجَعَ یُجْبِنُ أَصْحَابَهُ وَ یُجْبِنُونَهُ»

«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Хайбар куни байроқни Умарга топширдилар ва у ҳам Хайбар томон йўл олди. Сўнгра Умар ҳамроҳларини қўрқитган ва ҳамроҳлари ҳам уни қўрқитган ҳолда қайтиб келишди»[6].

Мусулмонлар Хайбарнинг сўнгги қалъасини фатҳ қила олмаганликлари сабабли, уларнинг қалбларини қўрқув ва изтироб қамраб олишига оз қолган эди.

Ўшанда Сарвари олам бош оғриққа дучор бўлганлари сабаб чодирдан ташқарига чиқма олмай: «Бошимдаги оғриқ тузалса, ташқарига чиқгайман», – дедилар. Кейин эса ул зот: «Хайбарни забт эта олишдими – деб сўрадилар. Умар Хайбар қалъасини забт эта олмагани ҳақида ул ҳазратга хабар берилгач, бу оғир вазиятни кўрган Сарвари олам шундай деб марҳамат қилдилар:

فَقَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صَلَّى اَللَّهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ: «لَأُعْطِيَنَّ اَلرَّايَةَ غَداً رَجُلاً يُحِبُّ اللَّهَ وَ رَسُولَهُ وَ يُحِبُّهُ اللَّهُ وَ رَسُولُهُ كَرَّاراً غَيْرَ فَرَّارٍ لاَ يَرْجِعُ حَتَّى يَفْتَحَ اللَّهُ عَلَى يَدَيْهِ»

«Эртага мен байроқни шундай кишига бераманки, у Аллоҳни ва Унинг Расулини севади, Аллоҳ ва Расули ҳам уни севурлар. У кетма-кет ҳамла қилиб, ҳеч қачон қочмайдиган, то Аллоҳ унинг қўли билан Хайбарни забт этмагунча, жанг майдонидан қайтмайдиган кишидир».

Ўша кечани саҳобалар эртага фатҳ-зафар байроғини охир-оқибат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) кимга берарканлар деган ўй-хаёллар билан тунашди. Тонг отиши биланоқ, ислом қўшинининг аскарлари Пайғамбар чодирларининг атрофини ўраб олиб, уларнинг ҳар бири Сарвари олам байроқни унга беришларини умид қилишарди. Шу пайт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрат Али (а.с)ни сўраб:

«أَیْنَ عَلِیُّ بْنُ أَبِي طَالِبٍ (ع)؟»

«Али ибн Аби Толиб қаерда?», – дедилар.

Саҳобалар: «Али кўз оғриғига мубтало бўлиб, оғриқдан дард чекмоқда», – деб жавоб қайтаришди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Алини келтиринглар», – дедилар.

«فَلَمَّا جَاءَ بَصَقَ فِي عَيْنَيْهِ وَ دَعَا لَهُ، فَبَرَا حَتَّی کَانَ لَمْ یَکُنْ بِهِ وَجَعٌ»

«Али келгач, Сарвари олам ўзларининг муборак сўлакларини Алининг кўзларига суртиб, шифо сўраб дуо қилдилар. Шунда ул ҳазратнинг дуолари туфайли ҳазрат Али (а)да гўё бирор оғриқ бўлмагандек тузалиб кетдилар».

Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрат Али (алайҳис салом)га дедилар:

«خُذْ هَذِهِ الرَّايَةَ فَامْضِ بِهَا حَتَّی یَفْتَحَ اللهُ عَلَيْكَ»

«Бу байроқни олиб унинг билан йўлга тушгин, токи Аллоҳ Хайбарни сенга очсин».

Шунда Сарвари коинот фатҳ байроғини ҳазрат Али (алайҳис салом)га бердилар. Ҳазрат Али (алайҳис салом) дедилар:

«يَا رَسُولَ اللهِ (ص) أُقَاتِلُهُمْ حَتَّی يَکُونُوا مِثْلَنَا»

«Эй Расулуллоҳ, мен улар билан биз каби мусулмон бўлгунларича урушаман».

Шунда ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилдилар:

«قَالَ اُنْفُذْ عَلَى رِسْلِكَ حَتَّى تَنْزِلَ بِسَاحَتِهِمْ ثُمَّ اُدْعُهُمْ إِلَى الْإِسْلاَمِ وَ أَخْبِرْهُمْ بِمَا يَجِبُ عَلَيْهِمْ مِنْ حَقِّ اللَّهِ فِيهِ فَوَ اللَّهِ لَأَنْ يَهْدِيَ اللَّهُ بِكَ رَجُلاً وَاحِداً خَيْرٌ لَكَ مِنْ أَنْ تَكُونَ لَكَ حُمْرُ اَلنَّعَمِ»

«Йўлга тушиб уларнинг қалъасига етиб боргунча давом этгин. Сўнгра уларни Исломга даъват қилиб, улар зиммасида Аллоҳнинг қандай ҳақ-ҳуқуқи борлигини, (яъни Аллоҳнинг йўллаган сўнгги ҳақ динига эргашишлари кераклигини) айтгин. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ сен орқали бир кишини ҳидоят қилса, сен учун қизил туяларга[7] эга бўлишингдан кўра яхшироқдир».

Хайбар воқеасига тааллуқли бўлган ва ислом уламолари наздида «Роят ҳадиси» деб танилган ушбу ҳадис матни турли иборалар билан Аҳли суннатнинг кўпгина китобларида Сарвари оламдан ривоят қилиб келтирилган[8].

Бироқ баъзи Аҳли суннат манбаларида ушбу ҳадис бир оз лафзий товут билан ривоят қилинган. Ибн Ҳажар Асқалонийнинг сўзига кўра, бу ҳадис «Саҳиҳи Бухорий» китобида тўлиқ шаклда келтирилмай, унинг фақат бир қисмигина ривоят қилинган[9]. Бухорийнинг ривоятига кўра, бу ҳадисдан олдин юз берган воқеалар маълум эмас. Аммо ушбу ҳадис Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан содир бўлишига олиб келган мазкур воқеалар «Саҳиҳи Муслим» ва «Муснади Аҳмад» каби бошқа манбаларда эса зикр этилган.

Айни пайтда баъзи манбалар бутун воқеага ишора қилиб, мусулмонларнинг аввалги мағлубиятларини батафсил келтирганлар, жумладан «Тарихи Табарий»[10] ва «Ал-Мустадрак Нийшобурий»[11] манбаларини зикр этиш мумкин.

Шунингдек, бу ҳадисни ривоят қилишда баъзи манбалар «لَیْسَ بِفَرَّارٍ» ёки «كَرَّاراً غَيْرَ فَرَّارٍ»  «кетма-кет ҳамла қилиб, ҳеч қачон қочмайдиган» ибораларни баъзи шахсларга ишора қилингани сабабли келтирмаганлар.

Шунда ҳазрат Али (алайҳис салом) совут кийиб, «Зулфиқор» қилични қўлларига олиб ислом аскарлари билан югургунча Хайбар қалъаси томон йўл олдилар ва Пайғамбар берган байроқни қаср яқинида ерга ўрнатдилар. Шу пайт қалъа очилиб, ундан яҳудий жанговарлар ташқарига чиқишди.

Яҳудийлардан биринчи бўлиб ўз ҳарбий кучлари билан мусулмонларга ҳужум қилган шахс Марҳабнинг укаси Ҳорис бўлди. Ҳориснинг наъраси ва қичқириғи шу қадар даҳшатли эдики, ислом аскарлари ихтиёрсиз равишда орқага чекинишди. Аммо ҳазрат Али (алайҳис салом) ёлғиз ҳолда майдонда қолиб Ҳорис билан жангга киришдилар. Улар бир-бирларига бир неча зарбалар урдилар ва оқибат ҳазрат Али (алайҳис салом) Ҳорисни қилич зарбати билан ўлдирдилар.

Ҳориснинг ҳамроҳлари Хайбар томон қочиб унинг ичига кириб кетишди ва эшикни ёпиб олишди. Шу вақт яҳудийларнинг энг кучли қумондони бўлган Марҳаб ўз оғайнисининг ўчини олиш учун мусулмонлар билан жанг қилиш мақсадида қалъадан ташқарига чиқди, ваҳоланки, у қуролга ғарқ бўлиб, темир совутни эгнига кийиб олган ва махсус оғир тошдан ясалган бош кийимни бошига кийиб унинг устида урушга хос бош темир бош кийимни қўйиб олган эди. Шунда у Араб қаҳрамонлари услубида қуйидагича Ражаз ўқий бошлади:

قَدْ عَلِمَتْ خَيْبَرُ أَنِّي مَرْحَبٌ

«Хайбар қалъаси мен Марҳаб эканлигимни яхши билади.

شَاكٍ سِلاَحِي بَطَلٌ مُجَرَّبٌ

Тўлиқ қуролланган ва тажрибали жангчи полвонман.

إِذِ اَلْحُرُوبُ أَقْبَلَتْ تَلَهَّبُ

Урушлар олови авж ола бошлаганда,

أَطْعَنُ أَحْيَاناً وَ حِيناً أَضْرِبُ

Гоҳида найза билан урсам, баъзан эса қилич билан зарба ураман».

Ҳазрат Али (алайҳис салом) олдинга чиқиб, унга жавобан ушбу Ражазни ўқидилар:

أَنَا اَلَّذِي سَمَّتْنِي أُمِّي حَيْدَرَةَ

«Онам мени Ҳайдар Арслон деб номлаган кишиман.

ضِرْغَامُ آجَالٍ وَ لَيْثٌ قَسْوَرَةٌ

Қўрқмас киши ва ўрмон шериман.

كَلَيْثِ غَابَاتٍ كَرِيهِ الْمَنْظَرَةِ

Жанг майдонида худди ўрмонлар шерига ўхшаб менда даҳшатли манзара бор.

عَلَى اَلْأَعَادِي مِثْلُ رِيحٍ صَرْصَرَةٍ

Мен душманларга қаттиқ шамол кабидирман.

أَكِيلُكُمْ بِالسَّيْفِ كَيْلَ اَلسَّنْدَرَةِ

Мен сизларни қилич билан қумтепадек уриб ташлайман.

أَضْرِبُ بِالسَّيْفِ رِقَابَ اَلْكَفَرَةِ

Кофирларнинг бўйнини қилич билан чопгайман».

Бу икки жанговарнинг Ражаз ўқиши тугаб, улар жангга киришдилар. Уларнинг ўртасидаги беллашув ва қилич зарбаларининг садоси кузатувчилар қалбида ғалати қўрқув пайдо қилган эди. Шунда Ислом қаҳрамони ва тақволилар сардори ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг кескин қиличи Марҳабнинг фарқига урилиб, унинг қалқони, темир қалпоғи ва тошдан ясалган бош кийимини кесиб ўтиб бошини тишларигача иккига бўлиб ташлади.

Ҳоким Нишобурий бу борада ёзади:

«فَضَرَبَ مَرْحَباً فَفَلَقَ رَأْسَهُ فَقَتَلَهُ وَ كَانَ الْفَتْحُ عَلَى يَدِهِ»

«Шундай қилиб, у Марҳабни қилич билан уриб, бошини ўртасидан ёрди-да, оқибат уни ўлдирди ва фатҳу-ғалаба унинг қўли билан бўлди»[12].

Марҳаб ерга йиқилиши билан ислом қўшинининг қувончга тўла фарёд ва ҳайқириғи ҳавода янгради.

Мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг Марҳабга урган зарбатлари шу даражада қўрқинчли эдики, Марҳаб ортида турган яҳудий жанговарлар ушбу ҳолатни кўриб, қўрқувдан қалъа томон қочиб кетишди ва дарҳол қалъа эшигини ёпиб олишди.

Ҳазрат Али (алайҳис салом) қочган яҳудийларнинг кетидан қалъа эшигигача қувиб бордилар. Ул ҳазрат дарҳол Хайбар дарвозаси томон юзланиб, уни жойидан қўпордилар-да, Хайбар атрофида ковланган Хандақ устига улоқтирдилар, токи бошқа мусулмонлар ундан ўтиб, қалъага кира олсинлар деб.

Ҳазрат Али (алайҳис салом) бу жангда Хайбар дарвозаси жуда оғир бўлиб, дарвозани очиб ёпиш учун қирқ нафар жангчи эркак керак бўлса-да, бироқ ҳазрат Али (алайҳис салом) ўша темир дарвозани бир ўзлари жойидан қўпориб олиб, ундан жанг қилишда фойдаландилар.

Айрим тарих манбаларда бу борада шундай дейилган:

وَ لَقَدْ تَكَلَّفَ حَمْلَهُ أَرْبَعُونَ رَجُلاً فَمَا أَطَاقُوهُ

«Ушбу дарвозани қирқ киши кўтаришга уриниб кўрди, аммо уни силжита олмадилар»[13].

Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Абу Рофиъ исмли хизматкорлари Хайбарни забт этиш ҳақида айтади:

«Расулуллоҳ (с.а.о.в) берган байроқни қўлида тутган ҳолда Али ибн Абу Толиб билан биргаликда Хайбар қалъаларидан бири томон бордик. Али (а.с) қалъага яқинлашган заҳоти унинг ичида яшовчилар ташқарига чиқиб, жанг қилишга киришдилар. Уруш авж олган пайт яҳуд жангчиларидан бири ул ҳазратга бир зарба урди ва натижада қалқон у зотнинг қўлидан тушиб кетди. Шунда Али (а.с) қаср дарвозасини жойидан қўпориб олиб, унинг ортида қалқондек урушни давом эттирди ва шу қадар ҳаракат қилдики, Аллоҳ таоло Хайбарни унга фатҳ этди».[14]

Ибн Исҳоқ Абу Рофиъ (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«Мен Али (алайҳис салом) билан бирга эдим. У ҳазрат бир яҳудий жанговар билан урушиб, қўлидаги қалқони тушиб кетди. Шунда ул зот қалъанинг дарвозасини суғириб олиб, урушнинг охиригача ундан қалқон сифатида фойдаланди».

Абу Рофиъ сўзини давом эттириб айтади:

«Урушдан кейин биз саккиз киши бўлиб дарвозани ўз ўрнига қайтаришга ҳаракат қилдик, аммо бу ишни қила олмадик».[15]

Аллома Шайх Муфид ўзининг «Ал-Иршод» номли китоби шундай ёзади:

«Мўминлар амири Али (а.с) Марҳабни ўлдиргач, унинг ҳамроҳлари зудлик-ла қалъа ичига кириб кетиб, унинг дарвозасини ўзлари томон ёпиб олдилар. Ҳазрат Али (а.с) дарвозага етиб келиб, бир оз ҳаракат билан дарвозани очдилар ва кўпчилик мусулмонлар Хандақдан ўта олмаганлари учун Али (а.с) дарвозани кўприкдек Хандақнинг устига қўйдилар. Шунда мусулмонлар ундан ўтиб, қалъага кирдилар. Улар кўп ғанимат ва ўлжаларга эришдилар. Мусулмонлар қалъадан қайтгач, мўминлар амири Али (а.с) йигирмата эркак ёпиб очадиган қалъа дарвозасини ўнг қўллари билан кўтариб олиб, Хайбардан бир неча зироъ (бир зироъ 70-80 сантметрга тенг келадиган ўлчов бирлиги) нарига отиб юбордилар»[16].

Шундай қилиб, бир неча соатдан сўнг ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг довюраклик ва қаҳрамонликлари билан мустаҳкам ва қудратли бўлмиш Хайбар қалъаси фатҳ этилди. Оқибат, Хайбар қалъаси 1400 Ислом аскарларининг фидоийларча жанг қилиши ва курашуви натижасида кўплаб қурол-яроғ ва 20,000 нафардан ошиқ қўшини билан забт этилди.

Хайбар урушида мусулмонлардан ўн беш ёки ўн саккиз киши шаҳид бўлди. Бироқ яҳудийлардан эса 93 киши ўлдирилди.

Шундан сўнг Ислом қўшини Катибаҳ, Ватийҳ ва Салолим қалъалари томон йўл олишди. Охирги икки қалъа Бани ал-Ҳақийқ тоифасидаги яҳудийларга тегишли бўлиб, Қамус қалъаси билан бирга Катибаҳ қалъалари қаторидан жой олган эди. Ислом қўшини Салолим ва Ватийҳ қалъаларига ҳужум қилишга шайланиб турган вақт мазкур қалъаларда яшовчи яҳудийлар мағлубиятга учрашларига ишонч ҳосил қилгач, улар сулҳ тузишни сўрашди. Оқибат, улар бор нарсаларини мусулмонларга таслим этиб, омонлик ва хавфсизликка эга бўлишди[17].

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фатҳу-ғалабадан кейин Хайбар яҳудийлари билан яхши муносабатда бўлиб, ўша ҳудуддаги ер ва боғларни даромад ва ҳосилнинг ярими мусулмонларга берилиши шарти билан яҳудийларга топширдилар. Хайбар қалъасининг забт этилиши мусулмонлар учун улкан аҳамиятга эга бўлиб, ушбу фатҳу-зафар Макка шаҳрини қон тўкмай забт этиш учун йўл очиб берди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Хайбар жанги ҳақида шундай марҳамат қилади:

وَعَدَكُمُ اللَّهُ مَغَانِمَ كَثِيرَةً تَأْخُذُونَهَا فَعَجَّلَ لَكُمْ هَٰذِهِ وَكَفَّ أَيْدِيَ النَّاسِ عَنكُمْ وَلِتَكُونَ آيَةً لِّلْمُؤْمِنِينَ وَيَهْدِيَكُمْ صِرَاطًا مُّسْتَقِيمًا وَأُخْرَىٰ لَمْ تَقْدِرُوا عَلَيْهَا قَدْ أَحَاطَ اللَّهُ بِهَا ۚ وَكَانَ اللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرًا 

«Аллоҳ сизларга кўпгина ўлжаларни ваъда қилдики, сизлар уларни олурсизлар. Энди мана буни [Хайбар жангида қўлга киритган фатҳу-ғалабани] сизларга тезлаштирди ва [сизларга душман бўлган одамларнинг] қўлларини сизлар[га зарар етказиш]дан тўсиб қўйди. Токи, [бу фатҳу-зафар] мўминларга оят-ибрат бўлсин ва Аллоҳ таоло сизларни тўғри йўлга бошласин. Ва яна бошқа сизлар унга қодир бўлмаган ўлжалар ҳам борки, Аллоҳ уларни Ўзининг чексиз илми билан иҳота қилиб олган ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир зотдир». (Фатҳ сураси, 20 ва 21-оятлар)

Мўминлар амири Али (алайҳис салом) Саҳл ибн Ҳанифга ёзган мактубларида Хайбар қалъаси дарвозасини оддий инсоний куч билан эмас, балки уни ғайбий ва илоҳий куч билан қўпориб ташлаганлари борасида шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ عَلِيٍّ عَلَيْهِ اَلسَّلاَمُ فِي رِسَالَتِهِ إِلَى سَهْلِ بْنِ حَنِيفٍ، قَالَ: وَاللَّهِ مَا قَلَعْتُ بَابَ خَيْبَرَ وَرَمَيْتُ بِهِ خَلْفَ ظَهْرِي أَرْبَعِينَ ذِرَاعاً بِقُوَّةٍ جَسَدِيَّةٍ وَلاَ حَرَكَةٍ غِذَائِيَّةٍ، وَلَكِنِّي أُيِّدْتُ بِقُوَّةٍ مَلَكُوتِيَّةٍ وَنَفْسٍ بِنُورِ رَبِّهَا مُضِيئَةٍ.

«Аллоҳга қасамки, мен Хайбар дарвозасини жисмоний куч-қувват ва озиқ-овқатдан ҳосил бўлган ҳаракатчанлик билан қўпориб, уни қирқ зироъ (тирсак) орқамга улоқтириб юбормадим. Балки, Мен малакутий ва илоҳий куч-қудрат ҳамда Парвардигорининг нури ила ёришган руҳ билан қўллаб-қувватландим».[18]

Аҳли суннатнинг буюк тафсирчи олимларидан бўлган Фахр Розий ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг ушбу нуроний сўзларини изоҳлаб айтади:

وَلِهَذَا الْمَعْنَى نَرَى أَنَّ كُلَّ مَنْ كَانَ أَكْثَرَ عِلْمًا بِأَحْوَالِ عَالَمِ الْغَيْبِ كَانَ أَقْوَى قَلْبًا وَأَقَلَّ ضَعْفًا وَلِهَذَا قَالَ عَلِيُّ بْنُ أَبِي طَالِبٍ كَرَّمَ اللَّهُ وَجْهَهُ: وَاللَّهِ مَا قَلَعْتُ بَابَ خَيْبَرَ بِقُوَّةٍ جَسَدَانِيَّةٍ وَلَكِنْ بِقُوَّةٍ رَبَّانِيَّةٍ.

وَذَلِكَ لِأَنَّ عَلِيًّا كَرَّمَ اللَّهُ وَجْهَهُ فِي ذَلِكَ الْوَقْتِ انْقَطَعَ نَظَرُهُ عَنْ عَالَمِ الْأَجْسَادِ وَأَشْرَقَتِ الْمَلَائِكَةُ بِأَنْوَارِ عَالَمِ الْكِبْرِيَاءِ فَتَقَوَّى رُوحُهُ وَتَشَبَّهَ بِجَوَاهِرِ الْأَرْوَاحِ الْمَلَكِيَّةِ وَتَلَأْلَأَتْ فِيهِ أَضْوَاءُ عَالَمِ الْقُدُسِ وَالْعَظَمَةِ فَلَا جَرَمَ حَصَلَ لَهُ مِنَ الْقُدْرَةِ مَا قَدَرَ بِهَا عَلَى مَا لَمْ يَقْدِرْ عَلَيْهِ غَيْرُهُ وَكَذَلِكَ الْعَبْدُ إِذَا وَاظَبَ عَلَى الطَّاعَاتِ بَلَغَ إِلَى الْمَقَامِ الَّذِي يَقُولُ اللَّهُ كُنْتُ لَهُ سَمْعًا وَبَصَرًا فَإِذَا صَارَ نُورُ جَلَالِ اللَّهِ سَمْعًا لَهُ سَمِعَ الْقَرِيبَ وَالْبَعِيدَ وَإِذَا صَارَ ذَلِكَ النُّورُ بَصَرًا لَهُ رَأَى الْقَرِيبَ وَالْبَعِيدَ وَإِذَا صَارَ ذَلِكَ النُّورُ يَدًا لَهُ قَدَرَ عَلَى التَّصَرُّفِ فِي الصَّعْبِ وَالسَّهْلِ وَالْبَعِيدِ وَالْقَرِيبِ.

«Ғайб оламининг аҳволидан хабардор бўлган ҳар бир кишининг қалби кучлироқ ва заифлиги эса камроқ бўл бўлади. Шунинг учун, Али ибн Абу Толиб – Аллоҳ унинг юзини улуғ қилсин – дедилар: «Аллоҳга қасамки, Мен Хайбар эшигини жисмоний куч билан эмас, балки раббоний ва илоҳий куч-қувват билан жойидан қўпордим».

Бу эса ўша пайтда ҳазрат Али (Аллоҳ унинг юзини эъзозласин)нинг назари жисмлар оламидан узилиб, фаришталар кибриё оламининг нурлари билан ёритдилар. Натижада, у зотнинг руҳи қувватланиб, малакутий руҳларнинг жавҳарларига ўхшайдиган бўлади, қуддус ва буюклик оламининг нурлари унда порлаб турди. Оқибат, ул зот учун шак-шубҳасиз, шундай куч-қудрат ҳосил бўлдики, у ҳазратдан бошқа ҳеч ким қила олмайдиган ишларни қилишга қодир бўлди.

Шунингдек, агар ҳар бир банда тоат-ибодатда устувор ва эҳтиётли бўлса, «Аллоҳ таоло: Мен унинг қулоғи ва кўзлариман», деб айтган даражага етади. Шунда агар Аллоҳнинг жалол [буюклик] нури унинг қулоғига айланса, у ҳолда банда яқин ва узоқни эшитади. Ва қачонки ўша нур унинг кўзига айланса, унда банда яқин ва узоқни кўради ва агар ўша нур унинг қўлига айланса, у ҳолда банда оғир ва енгил ҳамда узоқ ва яқиндаги ишларни бажаришга қодир бўлади».[19]

Хайбар жангига тааллуқли бўлган «Роят ҳадиси» шиа ва Аҳли суннатнинг аксарият ҳадисий ва тарихий китобларида келтирилган бўлиб, ушбу ҳадис мутавотир[20] даражасига етган. Ва шунингдек, кўпчилик Аҳли суннатнинг ва барча шиаларнинг эътиқодига кўра, ушбу ҳадис ҳазрат Али ибн Абу Толибнинг юксак фазилатини баён қилган. Ҳатто Аҳмад ибн Ҳанбал, Муслим ибн Ҳажжож, Абу Исо ат-Термизий каби Аҳли суннатнинг баъзи йирик алломалари ушбу ҳадисни Али ибн Абу Толибнинг фазилати борасида ягона ва бетакрор деб билганлар[21].

Ибн Таймия ҳам ушбу ҳадисни Али ибн Абу Толиб фазилати ҳақида ривоят қилинган энг тўғри ҳадис деб билган, лекин бу фазилат Али ибн Абу Толибга хос бўлиб, бошқаларга тааллуқли эмаслигини ва банда билан Аллоҳнинг ўзаро муҳаббати ҳар бир тақводор мўминга нисбатан амалга ошишини илгари суриб, «Роят ҳадиси» ҳазрат Алининг афзаллиги ва имомати (пешволиги)ни баён қилувчи фазилат эканини қабул қилмаган[22].

Шунингдек, у бу борада айтади: ушбу ҳадис ҳазрат Али (а.с)дан безор эканлигини билдирган носибийларга қарши ҳамда у зотни кофирга чиқарган хорижийларга қарши энг яхши далил ва ҳужжатдир. Зеро, Пайғамбар Аллоҳ ва Унинг Расули Алини яхши кўради деб гувоҳлик берганлар[23].

Бир неча саҳобалар «Роят ҳадиси»ни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилганлар:

Умар ибн Хаттоб[24],

Оиша бинти Аби Бакр[25],

Абдуллоҳ ибн Аббос,

Анас ибн Молик,

Зубайр ибн Авом[26],

Абу Лайло Ансорий

Салама ибн Акваъ

Саъд ибн Абил Ваққос

Саҳл ибн Саъд

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий[27].

Мутаассибликни бир четга суриб масалани холислик билан ўрганиб чиқадиган бўлсак, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Хайбар жангида ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳақларида айтган «Роят ҳадиси» бошқа қатъий далиллар қатори мўминлар амири Али (а.с) барча саҳобалардан афзал ва устун эканликларига ҳамда у ҳазрат, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг мусулмонларнинг ҳақиқий йўлбошчиси ва пешвоси эканликларига очиқ далилдир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБАЛАР:

[1]. Жаъфар Муртазо Омилий, «Ас-саҳийҳу мин сийротин-Набиййил Аъзам», Эрон – Қум, Даарул ҳадиийс нашриёти, 17-жилд, 71-бет.

[2]. Яъқубий, «Тарихул Яъқубий», 2-жилд, 42-бет.

[3]. Муҳаммад ибн Умар Воқидий, «Ат-Тарих вал-Мағозий», Байрут – Муассасатул-Аъламий 482-бет.

[4]. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-Набавийяҳ», 3-жилд, 211-бет.

[5]. Жанговар киши жанг майдонига чиққанида беллашишдан олдин ўзини таништириш ва ҳарбий жангчиларнинг руҳиятни кучайтириш мақсадида айтадиган шеърий сўзларга «Ражаз» дейилади.

[6]. Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳиҳайн», 3-жилд, 41-бет.

[7]. Қизил жунли туялар энг яхши навли ва энг қиммат туялар бўлган.

[8]. Роят ҳадисини ўз китобида ривоят қилиб келтирган Аҳли суннат олимларининг айримлари қуйидагилардан иборат:

  • Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 64-Китобул Мағозий, бобу ғозвати Хайбара, 3971 (4/1542) ва 3972 (4/1542)-ҳадислар.
  • Муслим, «Саҳиҳул Муслим», 32-Китобул-жиҳод вас-сайр, 45-Бобу ғозвати зий қород ва ғойриҳаа, 132-(1807)-ҳадис ва яна 44-Фазоилус-саҳобаҳ, Бобун мин фазоили Али ибн Аби Толиб, 33 – (2405), 34 – (2406), 35 – (2407)- ҳадислар.
  • Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-Набавийяҳ», 2-жилд, 334-бет.
  • Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳиҳайн», 3-жилд, 37-бет.
  • Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий, «Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб», 3-жилд, 36-бет.
  • Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал», 1-жилд, 23-бет.
  • Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-жилд, 108-бет.
  • Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 5-жилд, 284-бет.
  • Ҳофиз Абу Наим, «Ҳилятул авлиё», 4-жилд, 356-бет.

[9]. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий», 9-жилд, 18-бет.

[10]. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 7-йил, Ливан нашрида 3-жилд, 12 ва 13-бетлар, Қоҳира нашрида эса 2-жилд, 456 ва 457-бетлар.

[11]. Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳиҳайн», 4-жилд, 356-бет.

[12]. Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳиҳайн», 3-жилд, 41-бет.

[13]. Ибн Шаҳр Ошуб Ас-Сарвий Ал-Мозандароний «Маноқибу Оли Аби Толиб», 2-жилд, 125-бет.

[14]. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Мийзонул-иътидол фий нақдир-рижол», 2-жилд, 218-бет ва шунингдек, Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий», 9-жилд, 18-бет.

[15]. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-Набавийяҳ», 3-жилд, 335-бет; яна Абу Абдиллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Ас-соллиҳий Ашшомий, «Субулул ҳудо вар-рошаад фий сийрати хойрил ибод», 5-жилд, 200-бет; ва шунингдек, Муҳаммад ибн Шокир ибн Аҳмад Ал-Кутубий, «Уюнут-таваарийх», Қоҳира – Миср, Мактабатун-Наҳзатил Мисрияҳ нашриёти, 1400-ҳижрий қамарий, 1980-милодий йили, 1-жилд, 267-бет.

[16]. Муҳаммад ибн Муҳаммад Шайх Муфид номи билан танилган, «Ал-Иршод фий маърифати ҳужажиллааҳи ъалал ъибаад», Қум – Эрон, Шайх Муфир Конгресси нашриёти, 1413-ҳижрий йили, 1-жилд, 127 ва 128-бетлар.

[17]. Ибн Саъд, «Ат-табақотул кубро», 2-жилд, 106-бет, Ҳусунул Катийбати, минҳаа: ал-Қамус вал-Ватийҳ вас-Салаалим.

[18]. Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристоний, «Ал-Милалу ван-Ниҳал» 1-жилд, 152-бет.

[19]. Фахри Розий, «Ат-тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 21-жилд, 436-бет.

[20]. Агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар тарафидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз (с.а.о) томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «мутавотир» деб аташади.

[21]. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзибут-таҳзиб», 7-жилд, 339-бет.

[22]. Аҳмад ибн Таймия Ал-Ҳарроний, «Минҳожус-суннатин-набавийяҳ», Риёз – Саудия Арабистон, Муҳаммад Рашод Солим нашриёти, 1406-ҳижрий қамарий, 1986-милодий йили, 7-жилд, 367 ва 368-бетлар.

[23]. Юқоридаги Манба, 5-жилд, 44-бет ҳамда 7-жилд, 366-бет.

[24]. Хайруддин ибн Муҳмуд ибн Муҳаммад ибн Али ибн Форис Аз-Зиркилий Ад-Дамашқий, «Ал-Аълаам», Байрут – Ливан, Даарул илм лил-малаайин, 2002-милодий йили, 7-жилд, 257-бетлар.

[25]. Ибн Саъд, «Ат-табақотул кубро», 8-жилд, 39-бет.

[26]. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзибут-таҳзиб», Ҳиндистон – Матбаъату Дааиротил маъарифин-низомийяҳ, 7-жилд, 339-бет.

[27]. Юқоридаги манба, 7-жилд, 337-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.