Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Лайлатур Рағоиб кечаси ҳақида

Лайлатур Рағоиб кечаси ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳадиси шарифларда Ражаб ойининг биринчи жума оқшоми “Лайлатур Рағоиб”, яъни орзу-истаклар кечаси деб номланган. “Лайлатур Рағоиб” кечаси оламнинг барча ўлкаларида ислом аҳли учун хайру-баракотли ва муборак бир кеча ҳисобланади.

Бу кечада фаришталар Аллоҳ таолонинг фазл-раҳматини ердагиларга етказиш учун ерга тушадилар. Исломнинг маърифий таълимотларида бу кеча юқори қадр-қийматга эгадир. Бу кечада инсон банда эканлигига иқрор бўлиб, Аллоҳ таолонинг даргоҳига дуо-илтижо ва муножот қилиши ҳамда бунинг маъносини чуқур англаб етиши учун жуда яхши фурсатдир.

“Рағоиб” сўзи “рағийба” сўзининг кўплик шакли бўлиб, рағбат ва майл-истак маъносини англатади. Шу боис, “Лайлатур Рағоиб” рағбат ва хоҳиш-истаклар кечаси бўлиб, ушбу кечада мўъмин кишилар Аллоҳ таоло даргоҳига холисона бандалик, тоат-ибодат ва дуо-илтижо қилиб ўз ҳожатлари-ю орзу-истакларини У Буюк Зотдан сўрайдилар.

Бу файзли ва қадрли кечада Ҳақ таолонинг бандалари метин ирода ва азму қарор билан маънавий юксалиш ва улкан ажр-мукофот олиш учун “Лайлатур Рағоиб” кечасининг амалларини бажарадилар. Аммо “Лайлатур Рағоиб”нинг иккинчи маъноси – бу Парвардигори каримнинг авф ва мағфирати ҳамда раҳмати ёғадиган ва бандаларга нозил бўладиган кеча демакдир.

«Лайлатур-Рағоиб» кечаси кириб келиши муносибати билан бу азаматли ва улуғ кечанинг амалларини Ҳақ таолога кўнгил қўйиб Унинг бандаси бўлишга интиладиган кишиларга тақдим этамиз.

Қумлик муҳаддис марҳум Шайх Аббоснинг “Мафотиҳул-Жинон” китобида Ражабул-Муражжаб ойи хусусида шундай дейилади:

«Огоҳ бўлгингизким, Ражаб ойида ҳазрат Имом Ризо (алайҳис салом)нинг зиёратига бориш мустаҳаб амал саналади ва ушбу ойда бу амални бажариш эса ўзига хос имтиёзга эгадир. Ражаб ойида Умра сафарига бориш ҳам юксак фазилат ва ажр-мукофотга эга бўлиб, бу ойда ушбу фазилатли амални бажариш Ҳаж сафарининг фазилатига тенг бўла олиши ҳақида айтилган».

Ривоят қилинишича, тўртинчи пешвоимиз ҳазрат Имом Зайнулобидин (алайҳис салом) Ражаб ойида Умра амалига мушарраф бўлиб, кечаю кундуз Каъбанинг ёнида намоз ўқиганлар. Ҳолбуки, доим сажда қилиш вақтида ушбу зикр ул ҳазратнинг муборак тилларидан эшитиларди:

«Бандангнинг кўп гуноҳини кечиргил, Сенинг кечиримли бўлишинг чиройлидир».

 Ражаб ойининг биринчи жума оқшоми «Лайлатур Рағоиб» кечаси бўлиб, бу кечанинг файзу баракотларидан бири инсоннинг барча гуноҳлари кечирилишидир. Бу ҳақда шундай дейилган:

Ушбу муборак кечадан бир оз вақт ўтгач, осмонлар-у ерда бирор фаришта қолмай, уларнинг барчаси Каъба атрофига тўпланишади.

Шунда Аллоҳ таоло уларга: «эй фаришталарим, нима хоҳласаларингиз Мендан сўранглар», деб марҳамат қилади. Фаришталар: «бизнинг тилагимиз Ражаб ойининг рўзадорларини авф этишингдир», деб жавоб қайтаришади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: «Мен бу ишни бажардим», деб марҳамат қилади.

Ушбу кечада Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан юқори фазилат ва ажр-мукофотга эга бўлган бир намоз етишган бўлиб, кимда-ким бу кечада ушбу намозни ўқиса, ўлимидан сўнг қабрга қўйилгач, Аллоҳ таоло намозининг савобини унга ҳамдам ва шерик бўлиши ва уни ёлғизликдан олиб чиқиши учун энг яхши ва гўзал кўринишда унинг томон юборади. Шунда ўқиган намозининг савоби очиқ ва порлоқ юз ила ҳамда жозибали ва ширин сўз ила унга айтади:

«Эй Менинг Дўстим, сенга башорат ва хушхабар бўлсинким, сен барча қийинчиликлар ва машаққатлардан нажот топдинг».

Шунда қабрдаги киши ундан:

 «Сен кимсан? Аллоҳга онт бўлсинки, сенинг юзингдан чиройлироқ юзни кўрмаганман, сенинг сўзларингдан ширинроқ сўзни эшитмаганман ва сенинг муаттар ҳидингдан яхшироқ ҳидни ҳидламаганман!», деб сўрайди.

Унга шундай жавоб беради:

 «Мен фалон кеча, фалон ой ва фалон йилда адо этган намозингнинг савобиман. Бу кеча мен сенинг ёнингга ҳаққингни адо этиш, ёлғизлигингда сенга мунису-ҳамдам бўлиш, қўрқувни сендан бартараф этиш ва қиёмат кунида маҳшар майдонида бошинг устига соя солиб туриш учун келдим. Демак, хурсанд бўлгин! Зеро, хайр ва яхшилик зинҳор сендан ажралмагай».

Ушбу намознинг ўқилиш тартиби қуйидагича:

Дастлаб Ражаб ойининг биринчи пайшанба кунида имкон қадар рўза тўтилади. Жума оқшоми кириб келиши билан мағриб (шом) ва ишо (хуфтон) намози ўртасида 12 ракъат намоз ўқилади:

Ушбу намознинг ҳар икки ракъати бир салом билан тугатилади ва унинг ҳар бир ракъатида бир маротаба «Ҳамд сураси», уч маротаба «Қадр сураси» ва 12 маротаба эса «Тавҳид сураси» ўқилади. Ва ушбу 12 ракъат намоз тугаши биланоқ етмиш маротаба:

«اَللَّهُمَّ صَلِّ عَلَي مُحَمَّدٍ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ وَ عَلَي آلِهِ [وَآلِ مُحَمَّدٍ]»

Ўқилиши: «Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадинин-Набиййил Уммиййи ва алаа аалиҳии».

Таржимаси: «Эй Аллоҳим, Уммий (дарс ўқимаган) Муҳаммад пайғамбар (с)га ва ул ҳазратнинг муттаҳар хонадонига дуруду-салавот йўллагин!» дейилади.

Кейин саждага бориб етмиш маротаба:

«سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ الْمَلائِكَةِ وَالرُّوحِ»

Ўқилиши: «Суббуҳун Қуддусун Роббул-малааикати вар-Руҳ».

Таржимаси: «Фаришталар ва Руҳнинг Парвардигори барча айбу-нуқсонлардан пок ва муназзаҳдир» дейилади.

Бошни саждадан кўтаргач, етмиш маротаба:

«رَبِّ اغْفِرْ وَ ارْحَمْ وَ تَجَاوَزْ عَمَّا تَعْلَمُ إِنَّكَ أَنْتَ الْعَلِيُّ الْأَعْظَمُ»

Ўқилиши: «Роббиғ-фир варҳам ва тажааваз ъамма таъламу, иннака Антал Алиййул Аъзам».

Таржимаси: «Эй Раббим, мени кечиргил, мени Ўз раҳматингга олгин ва мен ҳақимда Ўзинг биладиган гуноҳлардан кечгин. Зеро, Сен олий мартабали ва энг буюк Зотсан» дейилади.

Яна иккинчи маротаба саждага бориб етмиш марта:

«سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ الْمَلائِكَةِ وَالرُّوحِ»

Ўқилиши: «Суббуҳун Қуддусун Роббул-малааикати вар-Руҳ».

Таржимаси: «Фаришталар ва Руҳнинг Парвардигори барча айбу-нуқсонлардан пок ва муназзаҳдир» дейилади.

Ушбу зикрлардан сўнг, инсон ўзининг ҳожатларини Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан сўрайди! Унинг изну-иродаси билан ҳожатлари раво бўлади.

 Бу ерда ўта ингичка бир масалага эътибор қилмоқлик зарурки, бундай мустаҳаб ва юқори ажр-мукофотга эга бўлган амалларни бажарганда, агар инсонда ибодат қилишга хоҳиш ва иштиёқ бўлмаса, ўзини машаққатга солиб қийнаб қўймаслиги керак. Аммо ҳар ҳолда бундай мустаҳаб амалларга бефарқ ва беэътибор ҳам бўлмаслик керак.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.