Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (7)

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

2. Ҳазрати Алининг шиалари халойиқнинг энг яхшиларидир, деган ҳадислар:

Аҳли суннат уламолари томонидан ривоят қилинган ҳадисларда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) илк маротаба «шиа» сўзини ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг издошларига нисбатан ишлатиб, ўз саҳобаларини шу йўлга чақирганлар.

  1. Аҳли суннатнинг буюк тафсирчи олими Жалолуддин Суютий қуйидаги Баййина сурасининг 7-ояти:

﴿إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَٰئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ﴾

«Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшиларидир» тафсирида Саййидул анбиёдан бир неча ҳадисларни ривоят қилган:

أخرج ابن عساکر عن جابر بن عبداللّه قال: کنَّا عند النَّبي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ (وآله) وَسَلَّمَ فأقبل علي، فقال النَّبي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ (وآله) وَسَلَّمَ: «والَّذي نفسي بيده اِنَّ هذا وشيعته لهم الفائزون يوم القيامة» و نزلت: ﴿إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَٰئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ﴾ فكان أصحاب النَّبيِّ إذا أقبل علي قالوا: جاء خير البرية

  1. Ибн Асокир ўз санади билан Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий айтади: Биз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларида эдик. Шунда Али кириб келди. Ул ҳазрат унга ишора қилиб шундай марҳамат қилдилар: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, шак-шубҳасиз, бу [Али] ва унинг шиалари [издошлари] қиёмат кунида нажот топувчилардир.» Шу пайт ушбу оят нозил бўлди: «Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшиларидир». Шу боис, Сарвари оламнинг саҳобалари Али (алайҳис салом)нинг келаётганини кўрсалар, «халойиқнинг энг яхшиси келди», деб айтардилар.[1]

و أخرج ابن عدي عن ابن عباس قال: لمَّا نَزَلَتْ: ﴿إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَٰئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ﴾ قال رسول اللّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ (وآله) وَسَلَّمَ لعليٍّ: «هو أنت وشيعتك يوم القيامة راضين مرضيين».

  1. Ибн Удай ўз санади билан Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) айтади: «Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшиларидир» ояти нозил бўлганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрати Али (алайҳис салом)га қараб шундай марҳамат қилдилар: «Оятдаги энг яхши халойиқ сен ва сенинг шиаларинг [издошларинг] бўлиб, сизлар рози бўлувчи ва рози бўлинган ҳолда бўлгайсиз».[2]

وأخرج ابن مردويه عن عليٍّ قَالَ: قال لِي رسول اللّه صَلَّى اللهُ عَلَيهِ (وآله) وَسَلَّمَ: «ألم تسمع قول اللّه: ﴿إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَٰئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ﴾ أنت و شيعتك، و موعدي و موعدکم الحوض اذا جئت الأمم للحساب تدعون غرًّا مُحَجَّلِينَ»

  1. Ибн Мардавайҳ ўз санади билан ҳазрати Али (алайҳис салом)дан шундай ривоят қилади: Ул ҳазрат айтдилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) менга қараб дедилар: «Аллоҳнинг ушбу каломини: «Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшиларидир» эшитмаганмисан?! Бу оятдаги энг яхши халойиқ сен ва сенинг шиаларинг [издошларинг] бўлиб, мен ва сизларнинг ваъдагоҳимиз Кавсар ҳовузидир. Одамлар ёнига ҳисоб-китоб учун келганингда, сизлар пешанасидан нур тараладиган юзи ёруғ ҳолда чақириласизлар».[3]
  2. Ибн Мағозилий ўз санади билан Анас ибн Моликдан ривоят қилади: Саййидул анбиё Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар:

«يدخلون من أمَّتي الجنَّة سبعون ألفًا لا حسابَ عليهم. ثمَّ التفت إلى عليٍّ فقال: هم شيعتك وأنت إمامهم».

«Умматимдан етмиш минг нафар ҳеч бир ҳисоб-китобсиз жаннатга дохил бўлгайлар. Сўнгра ул зот Али (алайҳис салом)га юзланиб: «Улар сенинг шиаларинг бўлиб, сен уларнинг имоми ва пешвосисан», дедилар».[4]

  1. Хоразмийнинг ўз санади билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в) Али (алайҳис салом)га қараб дедилар:

«وإنَّ شيعتك على منابر من نور وإنَّ الحقَّ على لسانك…»

«Ва албатта, сенинг шиаларинг нурдан бўлган минбарлар устида бўлурлар ва шубҳасиз, ҳақ сенинг тилингдадир…»[5]

  1. Ганжий Шофеийнинг ўз санади билан Абу Саид Худрийдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрати Али (алайҳис салом)га ишора қилиб дедилар:

«هذا وشيعته هم الفائزون يوم القيامة».

«Бу [Али] ва унинг шиалари қиёмат кунида нажот топувчилардир».[6]

  1. Ибн Асокир ўз санади билан ҳазрати Али (алайҳис салом)дан шундай ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрати Али (алайҳис салом)га қараб дедилар:

«أنت وشيعتك في الجنَّة».

«Сен ва сенинг шиаларинг жаннатда бўлурсиз».[7]

  1. Ҳайсамий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай ривоят қилади: Сарвари коинот ҳазрати Али (алайҳис салом)га хитоб қилиб дедилар:

«أنت أول داخل الجنَّة من أمتِّي، وإنَّ شيعتك علي منابر من نور…»

«Сен умматим орасидан биринчи бўлиб жаннатга дохил бўлурсан ва албатта, сенинг шиаларинг нурдан бўлган минбарлар устида бўлурлар».[8]

  1. Самҳудий ўз санади билан ҳазрати Али (алайҳис салом)дан шундай ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтадилар:

«السابقون إلي ظلِّ العرش يوم القيامة طوبي لهم. قيل يا رسول الله! ومن هم؟ قال صَلَّى اللهُ عَلَيهِ (وآله) وَسَلَّمَ: شيعتك يا علي ومحبُّوك»

«Қиёмат кунида Аллоҳ Аршининг сояси томон ўзиб кетувчиларнинг ҳоли қандай ҳам яхши!» Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар? деб сўралганда, Пайғамбар (с.а.в): «Эй Али, улар сенинг шиаларинг ва сени суювчилардир», дедилар.[9]

Ушбу мазмундаги ҳадисларни Аҳли суннат уламоларининг кўплари ўз китобларида ривоят қилиб келтирганлар ва биз бу ерда улардан айримларини зикр қилдик.

Юқоридаги ҳадисларнинг санади

Келтирилган ҳадислар Шиа ва Аҳли суннатдан иборат ҳар икки тоифа уламоларининг китобларида шу даражада кўп ривоят қилинганки, ушбу ҳадисларнинг мазмуни пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан содир этилганига ишонч ҳосил қиласан киши. Хусусан мазкур ҳадисларни катта бир тоифа Аҳли суннат уламолари ўз эътиқодларига мувофиқ бўлмаса-да, ривоят қилишлари ушбу ҳадислар инкор этиб бўлмас бир ҳақиқат эканлигидан ва улар тўқиб чиқарилган уйдирма ҳадислар эмаслигидан дарак беради. Шунинг учун, Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадисларни ривоят қилгач, уларнинг санадида бирор камчилик ва нуқсон топмай, уларнинг маъносини ўзи хоҳлаган томонга таъвил-тафсир қилишга ҳаракат қилади.

Юқоридаги ҳадисларнинг маъно-мазмуни

Мазкур ҳадисларда ҳазрати Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг шиалари, яъни издошлари «нажот топувчи тоифа» ва «халойиқнинг энг яхшилари» эканлиги ошкора баён этилган. Демак, ушбу ҳадисларнинг маъно-мазмунига кўра, ҳазрати Али (алайҳис салом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг мусулмонларнинг ҳақиқий пешвоси ва раҳнамоси ҳамда ислом уммати учун энг яхши ўрнак ва намуна эканликларига ёрқин ишорадир. Шу боис, мазкур ҳадисларнинг маъно-мазмунига кўра, Ислом уммати пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)ни ўзларига ўрнак ва намуна қилиб олиб, ул зотга эргашишлари зарур. Саййидул анбиёдан сўнг ҳазрати Али (алайҳис салом)ни пешво ва раҳбар деб билиб ул зотга эргашишни зарур деб билган Сақалайн, Ғадир ва шунга ўхшаш санади саҳиҳ ва мутавотир бўлган ҳадислар юқорида зикр этилган маъно-мазмунни таъкид ва тасдиқ этади.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ушбу ҳадис Аҳли суннат уламоларининг қуйидаги манбаларида келган:

  • Жалолуддин Суютий, «Ад-Дуррул мансур», 6-жилд, 643-бет, Баййина сурасининг 7-ояти тафсирида.
  • Шавконий, «Фатҳул қадир», 5-жилд, 477-бет, мазкур ояти карима тафсирида.
  • Шабланжий, «Нурул абсор», фаслун фий зикри маноқиби саййидино Алий ибн Аби Толиб, 158 ва 159-бетлар.

[2]. Ушбу ҳадисни ўз китобида келтирган Аҳли суннат олимлари қуйидагилардан иборат:

  • Табарий, «Жомиъул баён тафсири», 15-жилд, 335-бет, мазкур ояти карима тафсирида.
  • Олусий, «Руҳул маоний», 15-жилд, 432-бет, мазкур ояти карима тафсирида шу мазмундаги кўплаб ҳадисларни ривоят қилган.
  • Ибн Ҳажар, «Ас-Савоиқул муҳриқаҳ», 11-боб, 1-фасл, 11-оят, 161-бет.

[3]. Ушбу ҳадисни қуйидаги Аҳли суннат олимлари ўз китобларида келтирганлар:

  • Ибн Мардавайҳ, «Маа назала минал-Қуръони», 578-ҳадисдан 581-ҳадисларгача, 346 ва 347-бетлар, Баййина сурасининг 7-ояти тафсирида.
  • Ҳокими Ҳасаконий, «Шавоҳидут-танзил», 2-жилд, 495-бет, 1125-ҳадисдан 1148-ҳадисларгача, ушбу мазмунда йигирма тўртта ҳадис ривоят қилган.
  • Хатиби Бағдодий, «Тарихи Бағдод», исми Исом шахснинг зикрида, 6731-рақамда, Исом ибн Ҳакам Ал-Аъкбарийнинг таржимаи ҳолида, 12-жилд, 289-бет.

[4]. Ибн Мағозилий, «Маноқибу Амирил мўъминийн, 335 дан 339 – гача бўлган ҳадислар, 293 ва 296- бетлар.

[5]. Ал-Муваффиқ ибн Аҳмад Ал-Хоразмий, «Ал-Маноқиб», 17-фасл, 247-ҳадис, 266-бет.

[6]. Ганжий Шофеий, «Кифоятут-толиб», 62-боб, 180-бет.

[7]. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», таржимату имом Али (алайҳис салом), 2-жилд, 345-бет, 845-рақам.

[8]. Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид», бобу маноқиби Алий ибн Аби Толиб, 9-жилд, 131-бет.

[9]. Самҳудий, «Жавоҳирул ақдайн», иккинчи ақд, саккизинчи зикр.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (5)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Иккинчи ҳадис: Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: ٥٣٤٥ – حَدَّثَنَا …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.