Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилган қуйидаги ҳадисда:

مَا أَنَاْ عَلَيْهِ الْيَوْمَ وَأَصْحَابِي

«Мен ва саҳобаларимнинг бугунги йўлидан борганлар нажот топувчи тоифадир.» Мен ва саҳобаларимнинг бугунги йўли нажот йўли, деб таъкидлангани шояд ушбу ҳақиқатга ишорадирки, Саййидул анбиёнинг умрлари охирида ва ундан кейин кўпчилик саҳобаларнинг тутган йўли ул зотнинг кўрсатмалари ва Суннати шарифлари асосида эмасди ва бизнинг фикримизча, биринчидан саҳобаларнинг йўли нажот йўли эканлиги ҳақидаги ҳадис тўқима ва уйдирма бўлиши мумкин ва агарда саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам ушбу ҳадис тарихий воқеа-ҳодисаларга тўғри келмайди. Қуръони Каримда айтилишича, ҳазрати Нуҳ пайғамбар ва ҳазрати Лут пайғамбарнинг хотинлари ва ҳатто ҳазрати Нуҳ (алайҳис салом)нинг ўғилларидан бири у буюк зотларнинг йўлидан бормай, охир-оқибат Аллоҳнинг азобига дучор бўлишди. Демак, Аллоҳнинг танлаган Пайғамбарлари билан ҳамроҳ ва суҳбатдош бўлмоқлик инсонни тубдан ўзгартириб нажот топувчилардан қилади дегани эмас, балки ҳар бир инсон ҳаётида ўз ирода-ихтиёри билан қабул қилган ақидаси ва бажарган амалига яраша нажот аҳлидан ёки ҳалок бўлувчилардан бўлади.

Бу ерда айтилганлардан ташқари яна бир ингичка масалани айтиб ўтишимиз керак. Ушбу масала шундан иборат: Саййидул анбиёнинг саҳобалари бошқа одамлар қатори оддий кишилар бўлиб, мусулмонларга ҳидоят ва нажот йўлини кўрсата оладиган инсонлар бўлмаганлар. Зеро, инсонларга ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатадиганлар Аллоҳ таоло томонидан йўлбошчи ва раҳнамо этиб тайинланган бўлиши лозим. Бунинг учун Аллоҳ таоло Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни Ўзининг сўнгги элчиси ва пайғамбари этиб танлаган ва ул зотдан кейин эса Ислом умматига, қолаверса бутун инсониятга ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатиш учун у зотнинг Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки имом ва раҳнамоларни тайин этган. Уларнинг биринчиси мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) бўлиб, охиргиси эса замонамиз соҳиби ва пешвоси Имом Маҳдий (алайҳис салом)дирлар. Шак-шубҳасиз, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг ушбу ўн икки имом ва пешволарнинг йўлидан борган мусулмонларгина нажот топувчи тоифадан бўлиб, бу ҳақда Қуръони Карим оятларидан ва Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларидан жуда кўплаб далиллар мавжуд. Биз бу ерда уларнинг баъзиларини келтирамиз ва хулоса чиқаришни эса ўзингизга қўйиб берамиз:

1. Ўн икки халифа ва раҳнамо ҳақидаги ҳадис:

Аҳли суннатнинг энг мўътабар ва ишончли китоби бўлмиш «Саҳиҳи Бухорий»да ўн икки раҳнамо ҳақида қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

حدثني محمد بن المثني حدثنا غندر حدثنا شعبة عن عبد الملك سمعت جابر بن سمرة قال سَمِعْتُ النَّبِيَّ – صَلَّى اللهُ عَلَيهِ (وآله) وَسَلَّمَ – يقُولُ: «يَکُونُ إِثْنَا عَشَرَ أَمِيرًا – فَقَالَ کَلِمَةً لَمْ أَسْمَعْهَا – فَقَالَ أَبِي إِنَّهُ قَالَ کُلُّهُم مِنْ قُرَيشٍ»

Жобир ибн Самура айтади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Мендан кейин ўн икки амир бўлажак», дедилар. Сўнг эса яна бир қандайдир сўз дедилар, мен уни эшитолмадим. Шунда отам деди: Ул зот: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир»[1], деб марҳамат қилдилар.

«Саҳиҳул Муслим»да ушбу ҳадис қуйидагича ривоят қилинган:

Жобир айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай деб марҳамат қилганларини эшитдим:

سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيهِ (وآله) وَسَلَّمَ – يَقُولُ: «لَا يَزَالُ الإِسْلَامُ عَزِيزًا إِلَىٰ إِثْنَا عَشَرَ خَلِيفَةً ثُمَّ قَالَ کَلِمَةً لَمْ أَفْهَمْهَا، فَقُلْتُ لِأَبِي: مَا قَالَ؟ فَقَالَ کُلُّهُمْ مِنْ قُرَيشٍ»

«Модомики, ўн икки халифа ва ворис бор экан, ислом азиз ва юксак қолажак». Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни англай олмадим. Бу ҳақда отамдан сўраганимда, отам: Ул ҳазрат: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир»,[2] деб марҳамат қилдилар, деди.

Шунингдек, Муслим ибн Ҳажжож Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан мазкур ҳадисни қуйидагича ҳам ривоят қилади:

«لَا يَزَالُ أَمْرُ النَّاسِ مَاضِيًا مَا وَلِيَهُمْ إِثْنَا عَشَرَ رَجُلًا».

«Модомики, ўн икки киши [xалифа] инсонларга раҳнамолик қилар экан, уларнинг иши ўнгидан келади».[3]

Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал китобида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуддан ушбу ҳадис қуйидагича ривоят қилинган:

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ул зотнинг халифалари ва ворислари ҳақида сўралганда, ул ҳазрат:

«إِثْنَا عَشَرَ کِعِدَّةِ نُقَبَاءِ بَنِي إِسْرَائِيلَ»

«Уларнинг сони бани Исроил нақибларининг [бошлиқларининг] сони сингари ўн иккитадир»,[4] деб марҳамат қилдилар.

Ушбу ҳадиси шарифларга кўра, нажот топувчи тоифа фақат ўн икки халифа ва йўлбошчини тан олиб, уларга эргашган ва уларнинг кўрсатган йўлидан борган мусулмонларгина бўла олади, холос. Гап шундаки, ўн икки имомга эътиқод қилувчи шиалардан бошқа исломий мазҳаблардан қайси бири бу даъвони қила олади?

Сўзимизнинг тасдиғи сифатида Аҳли суннатнинг йирик олимлари ўн икки халифа ва йўлбошчи ҳақидаги мазкур ҳадисларга доир билдирган фикр-мулоҳазаларини кўздан кечирамиз.

«Саҳиҳул Муслим» китобига шарҳ ёзган Имом Нававий мазкур ҳадисларнинг маъно-мазмуни ҳақида айтади:

ويحتمل أوجهًا آخر والله أعلم بمراد نبيِّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ (وآله) وَسَلَّمَ

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу ҳадисдан бошқа маъноларни назарда тутгандирлар. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг кўзлаган мақсадини билувчироқдир».[5]

«Саҳиҳи Бухорий» китобига шарҳ ёзган Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний бу борада ёзади:

والعلم عند الله تعالى بعد ذکر أقوالٍ مختلفةٍ حولَ عدد الخلفاء والأئمَّة الَّذين لا بُدَّ أن يکونوا من قريش ولم ينته إلى النَّتيجة.

«Қурайш қабиласидан бўлиши шарт бўлган халифалар ва имомлар сони хусусида турли қавлларни [назарларни] зикр қилиб [муайян] натижага эриша олмагач, унинг илми Аллоҳ таоло наздидадир, деймиз».[6]

Демак, ушбу ҳадисларни Аҳли-Байт мазҳаби тарафдорлари эътиқод қиладиган ўн икки имом ва раҳнамолардан бошқа ҳеч кимга татбиқ этиб бўлмайди. Чунки, Аҳли суннат уламолари мазкур ҳадислар кимга тегишли эканлиги ҳақида тўғри фикр-мулоҳаза билдира олишмаган. Негаки уларнинг ақидасига биноан, агар дастлабки тўрт халифага бани Уммайя ва бани Аббос халифаларини қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, уларнинг сони ўн икки нафардан ошиб кетади ёхуд агар ёлғиз бани Аббос халифаларини назарга оладиган бўлсак-да, яна ўн икки сонга тўғри келмайди. Ҳар қандай ҳисоблаган тақдирда ҳам, ўн икки халифа ва раҳнамони чиқариб бўлмайди. Аммо ушбу ҳадисдан фақат шиаларнинг ўн икки имомигина назарда тутилгани тўғрисида аниқ ва равшан далил-исботлар мавжуд.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», Китобул аҳком, бобул истихлоф, 6796-рақамли ҳадис.

[2]. Муслим, «Саҳиҳул Муслим», китобул умаро, Ан-носу табаун лиҚурайш боби, вал-хилофату фий Қурайш унвони, ҳадис рақами: 1821/4598.

[3]. Oлдинги мaнбa.

[4]. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснади Аҳмад», 1-жилд, 398-бет.

[5]. Имом Нававий, «Саҳиҳул Муслим бишарҳин-Нававий», Байрут, Ливан чопи, дорул китобил-арабий нашриёти, 12-жилд, 201-бетдан 203-бетларгача ва шунингдек, имом Нававий, «Шарҳу Саҳиҳи Муслим» Байрут, Ливан чопи, дорул қалам нашриёти, 33-китобул имаараҳ, 12-жилд, 443-бетдан 445-бетларгача.

[6]. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий», Байрут, Ливан чопи, дорул кутубил илмийя нашриёти, Китобул аҳком, 2-бобул умароҳ мин Қурайш, 13-жилд, 147-бетдан 150-бетларгача.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (5)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Иккинчи ҳадис: Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: ٥٣٤٥ – حَدَّثَنَا …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.