Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (8)

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (8)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Бинобарин, ҳаммадан ҳам кўпроқ ўз умматига жонкуяр бўлган Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз саҳобаларини мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)га эргашишга чорлаб, шиалик тафаккури уларнинг орасида кенг ёйилишига замин яратганлар. Аммо ушбу суҳбатимиздан шу хулосага келамизки, мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)га эргашишдан иборат бўлган шиалик эътиқоди соф ва холис исломдан бошқа нарса бўлмай, Ислом динининг сақланиб қолишига хизмат қиладиган муҳим омил саналади.

Ушбу маънони Аҳли суннат уламоларининг ҳадисий китобларида ривоят қилинган бошқа ҳадислар ҳам қўллаб қувватлайди. Намуна сифатида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидаги ҳадисни келтирамиз:

«مَنْ أَطَاعَنِي فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ عَصَى اللهَ وَمَنْ أَطَاعَ عَلِيًّا فَقَدْ أَطَاعَنِي، وَمَنْ عَصَى عَلِيًّا فَقَدْ عَصَانِي».

«Кимки менга итоат қилса, дарҳақиқат, Аллоҳга итоат қилган ва кимки менга итоатсизлик қилса, дарҳақиқат, Аллоҳга итоатсизлик қилган ва кимки Алига итоат қилса, дарвоқе, менга итоат қилган ва ҳар ким Алига итоатсизлик қилса, дарҳақиқат, менга итоатсизлик қилган бўлади».[1]

3. Санад жиҳатидан саҳиҳ ва мутавотир даражасида бўлган Ғадийр ва Сақалайн ҳадислари:

Шак-шубҳасиз, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ғадири Хум кунида барча саҳобаларга ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатиб, Аллоҳ таолонинг амри билан ўзларидан кейинги Ислом умматига раҳнамолик ва йўлбошчилик қиладиган кишиларни ошкора баён қилдилар. Уларнинг биринчиси мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) бўлиб, охиргиси эса замонамиз Соҳиби ва Сарвари Имом Маҳдий (алайҳис салом)дирлар. Сарвари коинот «Сақалайн» деб номланган ҳадисда ушбу ҳақиқий раҳнамолар ул зотнинг Аҳли-Байтларидан эканлигини ҳам ошкора баён қилганлар. Биз «Сақалайн ҳадиси» ва «Ғадийр ҳадиси» мавсусига доир суҳбатимизда ушбу ҳадисларнинг маъно-мазмуни тўлиқ ёритиб берганмиз. Ушбу саҳиҳ ва мутавотир бўлган ҳадиси шарифларга кўра, нажот топувчи тоифа бу – Саййидул анбиё Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг ул зотнинг Аҳли-байтларидан бўлган ўн икки имом ва пешволарга эргашган ва у зотларнинг йўлини тутган мусулмонлардир. Шак-шубҳасиз, Ислом уммати орасида фақат исно ашарий, яъни ўн икки имомлик шиаларгина Пайғамбаримизнинг ҳақиқий ворис ва давомчилари бўлган зотларга эргашиб, уларнинг йўлини тутганлар ва фақат уларгина нажот топувчи тоифа бўла оладилар.

4. «Ҳазрати Али ҳақ билан ва ҳақ ҳам Али билан бирга» деган ҳадислар:

عَنْ أَبِي ثَابِتٍ مَوْلَى أَبِي ذَرٍّ، قَالَ: دَخَلْتُ عَلَىٰ أُمِّ سَلَمَةَ فَرَأَيْتُهَا تَبْكِي وَتَذَكُرُ عَلِيًّا وَقَالَتْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: عَلِيٌّ مَعَ الْحَقِّ وَالْحَقُّ مَعَ عَلِيٍّ وَلَن يَّفْتَرِقَا حَتَّىٰ يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ يَوْمَ الْقِيامَةِ.

«Абу Зар (разияллоҳу анҳу)нинг хизматкорлари Абу Собит ривоят қилиб дедики, Пайғамбаримизнинг аёллари Умму Саламанинг ҳузурига кирдим ва уни йиғлаётган ҳолда кўрдим ва ўша ҳолатда ҳазрати Али (алайҳис салом)ни ёдга олиб, шундай дерди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай деб марҳамат қилганларини эшитдим: Али ҳақ билан бирга ва ҳақ ҳам Али билан биргадир ва Қиёмат куни Ҳавзи Кавсар ёнида бу иккаласи менга кириб келгунга қадар, ҳаргиз бир-биридан ажралмас».[2]

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ قَالَتْ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: عَلِيُّ بْنُ أَبِي طَالِبٍ مَعَ الْقُرآنِ وَالْقُرآنُ مَعَهُ، لايَفْتَرِقَانِ حَتَّىٰ يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ.

«Пайғамбаримизнинг аёллари Умми Салама ривоят қилиб дедики, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар: Али ибн Аби Толиб Қуръон билан бирга ва Қуръон у билан биргадир, улар Кавсар ҳовузи ёнида менга кириб келгунларига қадар бир-бирларидан ажралмаслар».[3]

Шуни эслатиш лозимки, мусулмонлар орасида фақат имомия шиаларгина мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)ни ўзларининг биринчи имом ва пешволари деб биладилар. Аммо бошқа исломий мазҳаблардаги мусулмонлар эса ул ҳазратни тўртинчи халифа деб билиб, фазилат ва устунлик жиҳатидан ҳам тўртинчи ўринда кўришади. Бундан ҳам ачинарли ҳолат шуки, Аҳли Суннатнинг Қуръони Каримдан кейинги энг мўътабар ва ишончли манбалари бўлмиш «Саҳиҳул Бухорий»да ҳазрати Али (алайҳис салом)дан атиги йигирматага яқин ҳадис ривоят қилинган, холос. Ҳолбуки, ҳазрати Али (алайҳис салом) икки ёшли гўдаклик чоғларидан Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қарамоқларида бўлиб, доим ул зотнинг тарбиялари остида бўлганлар ва шу боис, ҳазрати Али (алайҳис салом) орқали энг кўп ҳадислар Пайғамбар (с.а.в)дан ривоят қилинган бўлмоқлиги зарур. Лекин афсуски, Аҳли суннатнинг ҳадисий манбаларида бунинг акси мавжуд.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 2-жилд, 266-бет, 793-ҳадисдан 795-гача ҳадислар ва шунингдек, Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадрак», 3-жилд, 138-бет.

[2] Ушбу ҳадисни ўз китобида ривоят қилган Аҳли суннат уламолари қуйидагилардан иборат:

  • Ибн Мағозилий, «Маноқибу Амирил муъминийн», 244-бет.
  • Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 3-жилд, 119-бет, 1162-ҳадис.
  • Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳиҳайн», 124-бет, 3-ҳадис, 61 -ҳадис, бобу маноқиби Алиййин.
  • Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ»,104-бет, 20-боб.
  • Хатиб Бағдодий, «Тариху Бағдод», 14-жилд, 321-бет, 7643-ҳадис.
  • Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ», 7-жилд, 321-бет, бобу фазоили Алиййин.
  • Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-жилд, 135-бет.
  • Термизий, «Сунану термизий», 13-жилд, 166-бет, 3-ҳадис, бобу маноқиби Алиййин.
  • Хоразмий, «Маноқибу Амирил муъминийн», 223-бет.
  • Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 11-жилд, 621-бетдан 643-бетларгача ва бошқа алломалар ушбу ҳадисни ўз китобларида ривоят қилганлар.

[3]. Ушбу ҳадисни ўз китобида ривоят қилган Аҳли суннат алломалари қуйидагилардан иборат:

  • Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳиҳайн» 3-жилд, 124-бет.
  • Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 103-бет, 20-боб.
  • Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-жилд, 134-бет.
  • Жалолуддин Суютий, «Тарихул хулафо», 173-бет, боб фазоилу Алиййин.
  • Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 11-жилд, 603-бет ва бошқа олимлар ушбу ҳадисни ривоят қилганлар.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (5)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Иккинчи ҳадис: Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: ٥٣٤٥ – حَدَّثَنَا …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.