Home / Шариат қонунлари / Намоз / Асрдош Мужтаҳидларимиз / Ҳазрат Оятуллоҳ Ҳусайн Нурий Ҳамадонийнинг таржимаи ҳоллари

Ҳазрат Оятуллоҳ Ҳусайн Нурий Ҳамадонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Узмо Ҳож Шайх Нурий Ҳамадоний 1344 ҳижрий қамарий йил, 1304 ҳижрий шамсий йил, 1925 милодий йилда Эроннинг Ҳамадон шаҳрида дунёга келдилар. У зот етти ёшларида оталарининг ҳузурида бошланғич билимларни ўрганиб, Форс тили адабиёти, Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» китоби, «Иншои Нисоб» китобларини то «Маолим» китобигача ўқиб тугатдилар. Сўнгра Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний 1322 ҳижрий шамсий йил, 1943 милодий йилда 18 ёшларида Қуръони Карим ва Аҳли-Байт таълимотларининг юқори поғоналарига етиш учун илм-маърифат маркази бўлмиш Қум шаҳрига ҳижрат қилдилар.

Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний Қум шаҳрида Оятуллоҳ Муҳаммад Боқир Султоний Таботабоий, Оятуллоҳ Домод, Оятуллоҳ Шайх Муҳаммад Мужоҳидий ва Оятуллоҳ Мирзо Маҳдий Табризий каби буюк мужтаҳидларнинг ҳузурларида уларнинг теран илмларидан баҳраманд бўлдилар. Ва шунингдек, Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний Қум шаҳрининг буюк фуқаҳо ва мужтаҳидлари бўлмиш Оятуллоҳ ал-Узмо Буружердий, Оятуллоҳ Рафиъий Қазвиний, Оятуллоҳ Ҳож Саййид Али Ясрибий Кошоний ва Ҳазрат Имом Хумайнийнинг «Дарси Хориж»ларидан ҳам баҳраманд бўлиб, ёшлик чоғларидаёқ «ИЖТИҲОД», яъни мужтаҳидлик даражасига етдилар.

Эрон Ислом Инқилоби ғалабасидан сўнг Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний устозлари Имом Хумайнийнинг Европадаги вакили этиб тайинланиб, Ислом Инқилобини таништириш ҳамда Аҳли-Байт мактаби таълимотларини кенг тарқатиш учун турли давлатларга сафар қилдилар. Шунинг билан бирга, Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний кенг кўламли илмий фаолиятлар юритиб, юқори поғонада «Усул» ва «Фиқҳ» дарсларини илм толибларига ўргатиш ва китоблар ёзиш билан ҳам шуғулландилар. Эндиликда бу буюк мужтаҳиднинг Фиқҳ, Усул, Ақоид, Ахлоқ, Қуръон тафсири ва Ҳадис соҳаларида бир неча илмий асарлари мавжуд.

Бугунги кунда Ҳазрат Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний 98 ёшларида ҳам Қум шаҳрида кенг кўламли илмий фаолиятлар юритиб, мужтаҳид шогирдлар етиштириш учун «Усул» ва «Фиқҳ» фанларидан «Хориж» дарсларини ўтмоқдалар. Ҳазрат Оятуллоҳ Нурий Ҳамадонийни «АЪЛАМ» даражасига етганлар деб қабул қилган уламолар ҳам бор. Шунинг учун, ҳозирда Эрон, Озарбойжон, Гуржистон ва айрим Аҳли-Байт издошлари яшайдиган давлатлардаги мусулмонлар орасида бу буюк мужтаҳидга тақлид қиладиганлар бир талай.

Аллоҳ таоло замонамизнинг буюк мужтаҳидларидан бўлган Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Узмо Нурий Ҳамадонийнинг умрларини узоқ қилиб, Аҳли-Байт мактабига хизмат қилишда у зотни қўллаб қувватласин!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжоний 1346 ҳижрий қамарий йил, 1306 ҳижрий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.