Home / Шариат қонунлари / Намоз / Асрдош Мужтаҳидларимиз / Ҳазрат Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг таржимаи ҳоллари

Ҳазрат Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳазрат Оятуллоҳ Макорим Шерозий 1345 ҳижрий қамарий йил, 1305 ҳижрий шамсий йил ҳамда 1926 йилда Эрон мамлакатининг Шероз шаҳрида диндор ва эҳтиромга сазовор оилада дунёга келдилар. У кишининг катта боболари Ҳожи Муҳаммад Боқир Шероз шаҳрининг тижоратчи кишиларидан бири бўлиб, руҳоний либосига ўхшаш кийим кийиб юрганлар. У кишининг динга қизиқиши кучли бўлгани боис, доим жамоат намозини ўқиш учун масжидга борганлар ва кўпчилик инсонларнинг иззат-эҳтиромига сазовор бўлганлар. Шунингдек Ҳожи Муҳаммад Боқирнинг фарзанди, яъни Оятуллоҳ Макорим Шерозининг кичик боболари Ҳожи Муҳаммад Карим ҳам худди оталари каби тижоратчи ҳамда руҳоний кийим кириб юрадиган ҳурмат-иззатга сазовор киши бўлганлар.

Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг оталари Ҳожи Али Муҳаммад ҳам Шероз шаҳрининг машҳур тижоратчиларидан эдилар. Оятуллоҳ Макорим Шерозий оталари тўғрисида шундей деб айтадилар:

«Отам Қуръонга жуда қизиқардилар. Мен бошланғич мактабда ўқиб юрган пайтларимда баъзан кечалари мени хоналарига чақириб, менга: Носир, Танланган оятлар китобини ва унинг таржимасини менга ўқиб бер, дердилар. (ушбу китоб оятлар тўплами бўлиб, баъзи олимлар томонидан танлаб олинган ва Ризохон даврида мактабларда диний таълимот сифатида ўқитиларди). Мен отамга оятлар ва уларнинг таржимасини ўқиб берар эдим ва у киши завқланардилар».

Оятуллоҳ Макорим Шерозий бошланғич ва ўрта таълим мактабини ўз шаҳарлари бўлмиш Шерозда тугатдилар. У кишининг Аллоҳ таоло тарафидан берилган илмий истеъдодлари ўта кучли бўлгани сабабли ўрта таълим мактаби дарсларини тезлик-ла ўқиб тамомладилар. Ўзининг кучли қобилияти билан тенгдошлари орасида шуҳрат қозонган Макорим Шерозий, яқинлари орасида диний таълим олган кишилар бўлмаса-да, бироқ ўзининг Ислом маърифатига бўлган жуда кучли қизиқиши сабабли 14 ёшида диний таълим олиш учун Шероз шаҳридаги «Бобохон» мадрасасига кириб, қисқа вақт ичида Араб тили грамматикасининг сарф, наҳв, маоний, баён ва бадийъ каби илмларини ҳамда мантиқ илмини мукаммал ўрганади.

Сўнгра Оятуллоҳ Макорим Шерозий Фиқҳ ва Усул илмларини эгаллашга киришиб, ўзининг юксак қобилияти билан 10 йил давомида ўқиб тугатиладиган дарсларни атиги 4 йил ичида илмий ҳавзанинг бошланғич, ўрта ва олий дарсларини ўқиб тамомладилар. Оятуллоҳ Макорим Шерозий илм ўрганишлари билан биргаликда ўзлари ўрганган илмларни бошқаларга ҳам дарс берардилар. Ҳатто баъзи кунларда ўз дарсларини тугатиб, саккизтагача дарс беришга тўғри келарди. Ҳали энди 18 ёшга кирган чоғларида Усул илмининг юқори поғонасида ўтиладиган ўта мураккаб бўлган «Кифоятул Усул» китобини ўқиб тугатиб унга ҳошия ёзишга ҳам улгурадилар. Ўзининг туғилган жойи Шероз шаҳрида ўқиб ўрганган илмлари билан кифояланиб қолмай, ўз илмларини янада кучайтириш учун илм-маърифат маркази бўлмиш Қум шаҳрига келиб ўқишни давом эттиришга қарор қиладилар ва у зот 18 ёшларида Қум шаҳрига келиб, беш йилга яқин у ерда таълим оладилар. Оятуллоҳ Макорим Шерозий Қум шаҳрида беш йилга яқин ўша замоннинг энг мумтоз бир қанча олимларидан, жумладан Оятуллоҳ Буружердий каби буюк устозлар дарсидан баҳраманд бўлдилар.

Илмий изланишлар Оятуллоҳ Макорим Шерозийни ўша даврдаги шиаларнинг илмий маркази бўлмиш Ироқ мамлакатининг Нажаф шаҳрига етаклади. У зот 1369 ҳижрий қамарий йилда Нажафи Ашрафдаги олий илм даргоҳида ўқишга киришиб, Оятуллоҳ Саййид Ҳаким, Оятуллоҳ Саййид Абул Қосим Хуъий, Оятуллоҳ Саййид Абдул Ҳодий Шерозий каби буюк устозларнинг илмидан баҳраманд бўлдилар. Илмий изланиш ва чуқур билим ўрганиш натижада Ҳазрат Оятуллоҳ Макорим Шерозий 24 ёшларида «ИЖТИҲОД», яъни мужтаҳидлик даражасига етдилар. Орадан бир йил ўтиб, бу буюк мужтаҳид 1370 ҳижрий қамарий йилнинг Шаъбон ойида, яъни 1330 ҳижрий шамсий ва 1951 милодий йилда Нажафи Ашрафдан Эроннинг Қум шаҳрига қайтиб келиб, илм-маърифат маркази ҳисобланган Қум шаҳрида яшаб илмий фаолият ва ижтиҳод қилишни ихтиёр қилдилар.

Оятуллоҳ Макорим Шерозий Эронга қайтиб келганларидан сўнг дастлаб «Усул» ва «Фиқҳ» фанларини олий сатҳда, сўнгра эса «Дарси Хориж» сатҳида толиби илмларга дарс бера бошладилар. Мана энди 70 йилдирки илм толиблари бу буюк муҳтаҳиднинг «Усул» ва «Фиқҳ»га оид дарсларидан баҳраманд бўлиб келмоқдалар ва «Дарси Хориж»дан бераётган дарсларига қатнашувчи талаблар ҳам жуда кўп. Ҳозирда икки мингга яқин аҳли илм шогирдлари бор бўлиб, 97 ёшларида ҳам кенг кўламли илмий фаолиятлар юритиб, мужтаҳид шогирдлар етиштириш учун «Хориж» дарсларини ўтмоқдалар. Ва шунингдек, Оятуллоҳ Макорим Шерозий ёшлик чоғлариданоқ китоб ёзишга бел боғлаб, кўп қимматли асарларнинг муаллифи ҳамдирлар.

ЁЗГАН АСАРЛАРИ

Ҳазрат Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг 130 жилдга яқин турли мавзуларда, яъни Қуръон тафсири, калом, фиқҳ, ҳадис ва ахлоқ сингари мавзуларда кўплаб асарлар ёзган бўлиб, уларнинг баъзилари илмий қадр-қиммати учун бир неча маротаба қайта нашр қилинган ва баъзи китоблари эса дунёнинг 10 дан ортиқ тилларига таржима этилган. Бу ерда ушбу китоблардан баъзиларининг номини келтирамиз:

  1. Қуръони Каримнинг таржимаси
  2. Йигирма саккиз жилддан иборат “Намуна” тафсири. Ушбу китоб Форс, араб, урду, инглиз, турк тилларида нашр қилинган.
  3. “Ал-Мийзон” тафсирининг 39 ва 40 жилдлари таржимаси
  4. Қуръонда ахлоқ масалалари
  5. Файласуфнамолар
  6. Исломда бошқарув ва ҳокимиятлик
  7. Ҳазрат Фотима Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) олам аёлларининг саййидаси
  8. Ҳаётдаги ахлоқий масалалар
  9. Ҳақнинг жилваси
  10. Руҳнинг қайтиши ва арвоҳлар билан алоқада бўлиш
  11. Диний савол-жавоблар
  12. Ислом иқтисодида қонун-қоидалар
  13. Диндорликка мойил бўлиш сабаблари
  14. Аллоҳни қандай таниймиз?
  15. Оламнинг яратувчиси
  16. Буюк раҳбарлик ва буюк масъулиятлар
  17. Қуръон ва сўнгги Пайғамбар
  18. Қайта тирилиш ва ўлимдан кейинги ҳаёт
  19. Мусулмон одамнинг ақидаси
  20. Имом Маҳдий – буюк инқилобчи
  21. Унутилган қадриятлар
  22. Марксизмнинг охирги умри
  23. Комилликнинг охирги вазифалари
  24. Бизнинг динимиз
  25. Ёшлар учун Ақоид фанидан эллик дарс. Ушбу китоб форс, араб, инглиз, хитой, франсуз, ўзбек ва рус тилларида чоп этилган.
  26. Хавфли ўйинлар
  27. Намоз – тарбиянинг юксак мактаби
  28. Меърож – ойнинг бўлиниши ва қутбдаги намоз
  29. Шаҳид бўлиш фалсафаси
  30. Шарқнинг орқада қолганининг сабаблари
  31. Ислом динига бир назар
  32. Аллоҳни излаб
  33. Ёшларнинг жинсий муаммолари
  34. Ислом ҳақида нималарни билишимиз керак
  35. Материализм ва Коммунизм ҳақида суҳбат
  36. Қуръон ва Ҳадис
  37. Тақлид ёки Тадқиқ
  38. Хумс байтул-мол мустақиллигини таъминлайди
  39. Имом Маҳдийга интизор бўлиш масаласи
  40. Ўз раъйи билан тафсир қилиш ҳақида
  41. Тақия – чуқурроқ курашиш йўли
  42. Бу масалалар ҳамма ёшларни қизиқтиради
  43. Ислом ва қуллар озодлиги
  44. Ҳаётнинг бир юз бир дарси (форс ва инглиз тилларида)
  45. Намунали оилаларда умр йўлдош қандай бўлиши ҳақида
  46. Ислом ҳукумати
  47. Ваҳийнинг илк рисоласи ёки…
  48. Имом Ризонинг тарихий мунозаралари
  49. “Наҳжул Балоға”да исломий ахлоқ
  50. Масалалар ечими. Ушбу китоб форс, араб, урду, инглиз, турк ва хитой тилларида нашр этилган.
  51. Ёшларнинг аҳком китоби
  52. Аёллар аҳкоми
  53. Ҳаж арконлари (форс ва араб тилларида)
  54. Янги фатволар (араб ва форс тилларида)
  55. Ҳидоят маёқлари
  56. Маҳкам йўлни тутганлар йўли
  57. Фиқҳ қонунлари
  58. Фиқҳ нури. Турли фиқҳий масалаларни ўз ичига олган.
  59. Фиқҳ нури (бошқа масалаларни ўз ичига олган)
  60. Анворул Усул
  61. Имомнинг айтганлари (Наҳжул Балоға ҳақида)
  62. Ислом банклари ва рибо (судхўрлик) масаласи (форс ва араб тилларида)
  63. Рибодан қочиш усуллари
  64. Қуръондаги гўзал мисоллар (форс ва араб тилларида)
  65. Унутилмас ҳикматлар
  66. Ахлоқ соясида жамият соғломлиги
  67. Фиқҳий баҳслар (араб тилида)
  68. Қурбонлик ҳукмлари.

СИЁСИЙ ФАОЛИЯТЛАРИ

Эрон Ислом Инқилобининг ғалабасида Ҳазрат Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг хизматлари беқиёсдир. Шунинг учун Шоҳ ҳукумати томонидан кўп маротаба ҳибсга олиниб қамоққа тушганлар ҳамда “Чобаҳор”, “Маҳобод”, “Қанорак” шаҳарларига уч марта сургун қилинганлар. Ислом Инқилобидан олдин Қум шаҳрида бир нашриётни йўлга қўйишга эҳтиёж сезиларди. Токи тоғут ҳукумати одамларни йўлдан оздирмасин. Ушбу мақсадда Оятуллоҳ Макорим Шерозий бошқа уламолар билан ҳамкорликда «Ислом мактаби» номли ойлик нашриётга асос солдилар. Бу нашриёт чуқур илмий фикрларга бой бўлиб, дунёдаги бутун шиаларнинг илмий журналлари орасида биринчи ўринда турарди.

Мана шундай теран мазмунли илмий асарлар билан Ислом дини ва Аҳли-Байт мактабини авлодларга етказаётган улуғ мутафаккир олим, буюк мужтаҳид ва маржаи тақлид бўлмиш Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Узмо Макорим Шерозийдан Аллоҳ рози бўлсин! У зотнинг умрларини узоқ ва мартабаларини бундан ҳам улуғ қилсин!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжоний 1346 ҳижрий қамарий йил, 1306 ҳижрий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.