Home / Шариат қонунлари / Намоз / Асрдош Мужтаҳидларимиз / Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаийнинг таржимаи ҳоллари

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаий буюк фақиҳ ва мужтаҳид бўлишлари билан бир қаторда Эрон Ислом Жумҳуриятининг диний раҳбари ва шунингдек, илмий ҳавзадаги олий таълимотли мадрасанинг тажрибали устозларидан бири ҳисобланади. Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий 1318 ҳижрий шамсий йилининг 29 фарвардин ойида, 1358 ҳижрий қамарий йилнинг 28 сафар ойида, 1939 милодий йилнинг 19 апрелда Эроннинг муқаддас Машҳад шаҳрида диндор ва руҳоний оилада дунёга келганлар. Оталари Оятуллоҳ Саййид Жавод Ҳусайний Хоманаий Машҳаднинг буюк ва машҳур уламоларидан бўлганлар. Боболари Оятуллоҳ Саййид Ҳусайн Ҳусайний Хоманаий эса Нажафдаги озарбайжонлик уламоларнинг улуғи бўлганлар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий болалик йилларини қийинчиликлар билан бошдан ўтказганлар. У киши беш ёшида катта акаси Саййид Муҳаммад билан бирга эски мактабга ўқишга кирадилар. Бир қанча муддатдан сўнг «Диёнат ад-Дорут-таълимий» номли бошланғич исломий таълим олиш мадрасасига кирадилар. Олтинчи синфни тугатгач ўрта таълим мактабига ўқишга кириб у ерни икки йилда битириб, ўрта таълим гувоҳномасини оладилар. 

ИЛМИЙ ФАОЛИЯТЛАРИ

«Лумъа» китобининг 3 ёки 4 қисмини оталаридан таълим олган бўлсалар, қолганини Мударрис Табризийдан ўрганадилар. Кейин Шайх Ансорийнинг «Расоил» ва «Макосиб» номли усул ва фиқҳ китобларини Ҳожи Шайх Ҳошим Қазвинийдан ўргандилар. Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий болалик чоғида кучли истеъдодга эга бўлганлари учун бутун илмий ҳавзанинг дарсларини беш ярим йилда ўқиб тамомлайдилар. Сўнгра «Дарси Хориж», яъни мужтаҳидлик даражасига етиш учун таълим бериладиган юқори поғонадаги фиқҳ ва усул дарсларини эса устозлари Оятуллоҳ ал-Узмо Милоний ҳузурида ўқидилар ва ундан кейин 1336 ҳижрий шамсий йилда Нажаф шаҳрига ҳижрат қилиб, у ерда қисқа муддатли ўқиш давомида буюк Оятуллоҳлар: Ҳаким, Хуъий ва Шоҳрудийлардан таълим олдилар.

Оятуллоҳ Хоманаий Эронга қайтиб келгач эса Қум шаҳрининг илмий ҳавзасидаги икки йирик мужтаҳид: Оятуллоҳ ал-Узмо Буружердий ва Ҳожи Муртазо Ҳоирий Яздийларга шогирд тушиб, уларнинг илмларидан баҳраманд бўлдилар ва шунингдек, Усул ва Фиқҳ соҳаларида ҳам ҳазрат Имом Хумайнийдан таълим олдилар. Шу билан биргаликда, Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий Қум шаҳрининг илмий ҳавзасида ўта мураккаб ва юқори даражали дарс ҳисобланган Охунд Хуросонийнинг «Кифоатул Усул» номли китобларини дарс бердилар.

Ҳозирги кунда Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий раҳбарлик мақомида давлатнинг турли бошқарув ишлари бўйича фаолият юритиб, жуда банд бўлсалар-да, лекин ҳар кун Теҳронда «Дарси Хориж»ни ташкил этиб, илмий фаолиятлар юритиш, кўплаб шогирдлар тарбиялаш ва турли фиқҳий саволларга жавоб ва фатволар бериш ишларини ҳам жадал тарзда амалга оширмоқдалар. Шунинг учун, баъзи уламоларнинг гувоҳлик беришича, Ҳазрат Оятуллоҳ Хоманаий мужтаҳидликнинг «АЪЛАМ» даражасига етганлар.

СИЁСИЙ ФАОЛИЯТЛАРИ

Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий 1334 ҳижрий шамсий йилдан бошлаб Эроннинг Шоҳ ҳукуматига қарши сиёсий ҳаракатларини бошлаб юбордилар ва Эронда Ислом Инқилоби ғалаба қозонгунига қадар бир неча маротаба қамалиб, Эроннинг узоқ шаҳарларига сургун қилинадилар. Ислом Инқилобининг ғалабасидан кейин Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий Ислом давлатининг турли муҳим лавозимларида ишлайдилар. Жумладан, Ислом Инқилоби Кенгаши аъзоси, Мудофаа Вазирлигининг ўринбосари, Теҳрон жума намозининг Бош Имом Хатиби, Теҳрон халқининг сайлаган Исломий Кенгаш Мажлисидаги вакили ва шунингдек икки муддатга Эрон Президенти каби лавозимларда фаолият юритадилар.

Эрон Ислом Инқилобининг Буюк Раҳбари Ҳазрат Оятуллоҳ Имом Хумайний вафотларидан сўнг мужтаҳидлардан ташкил топган раҳбарлик мақомини аниқловчи экспертлар кенгаши томонидан у зотнинг ўринларига Ҳазрат Оятуллоҳ саййид Али Хоманаий Раҳбар этиб тайинландилар. Албатта, бундан ташқари, Имом Хумайнийнинг ўғиллари Саййид Аҳмад Хумайний ҳам оталарининг қилган васиятлари ҳам худди шундай эканлигини айтиб гувоҳлик берадилар. Шариати исломиянинг таъбири билан айтганда, Оятуллоҳ саййид Али Хоманаий «Валиййи Фақиҳ», яъни фиқҳ аҳкомлари асосида раҳнамолик қиладиган Фақиҳ ва Мужтаҳид ҳисобланадилар. Ҳозирги кунда ҳам ушбу юксак ва оғир масъулиятли вазифани шарафли ўтаб келмоқдалар.

Бу буюк инсон ва олий мақом раҳбар бутун дунёда бир неча минг илмий таълим муассасалари, олий ўқув юртлари ва мадрасалар таъсис этиб, етукли ва мутахассис олимлар етишиб чиқишида ва Қуръон Каримнинг ҳаётбахш таълимотлари ҳамда Аҳли-Байт мактабининг илм-маърифатлари дунёга кенг тарқалишида улкан ҳисса қўшмоқдалар. Эндиликда холис ва соф Ислом дини бўлмиш Аҳли-Байт мактабининг байроғини юқорига кўтариб, Фаластин, Яман, Сурия ва Африкадаги мазлум мусулмон халқларига моддий, маънавий ва ҳатто ҳарбий ёрдам бериш билан уларга умид бағишлаётган ҳам Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийдирлар. Ва шунингдек, замонамизнинг Буюк Фиръанларига, босқинчи, зўравон ва мустамлакачи бўлган Ғарб давлатлари-ю, сионист режим бўлган қонхўр Исроил давлатига қаршилик кўрсатиб, уларнинг шайтоний сиёсатларининг олдини олаётган ва уларнинг кўзига тикан бўлиб ботаётган ҳам Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийдирлар.

Ўн иккинчи илоҳий пешвоимиз ва сарваримиз, замонамизнинг соҳиби Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф) ғойибликдан чиқиб, зуҳур қилгунларича, Аллоҳ таоло бу ҳаким ва доно раҳбар Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийнинг умрларини зиёда қилиб Ўз паноҳида асрасин, Омин ё Роббал оламин!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжоний 1346 ҳижрий қамарий йил, 1306 ҳижрий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.