Home / Долзарб мавзулар / Мусиқа ва Ислом / Ислом нигоҳидан мусиқа ва қўшиқнинг зарарлари

Ислом нигоҳидан мусиқа ва қўшиқнинг зарарлари

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ислом нуқтаи назаридан мусиқа ва қўшиқнинг зарарлари ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало шуни таъкидлашимиз лозимки, айрим оят ва ҳадислар ҳамда баъзи психологларнинг сўзларига кўра, «Ғино» хусусиятига эга қўшиқ ва оҳанглар одамнинг фасод ва бузғунликка мойиллигини юзага келтириши, унинг руҳият ва асабига кўрсатадиган салбий таъсири, мустамлакачилар ўзларининг ёвуз мақсадлари йўлида ундан фойдаланишлари ва ҳоказоларни «Ғино» оҳангидаги қўшиқ ва ашулаларнинг Исломда ҳаром қилингани ҳикматларидан деб билиш мумкин.

Шунингдек, «Ғино» оҳангидаги қўшиқ ва ашулаларнинг ҳаром эканлиги хусусида ворид бўлган ҳадислар мавжуд бўлиб улар далил-исбот сифатида келтирилган. Ушбу ҳадисларнинг баъзиларида мусиқа ва чолғу асбобларидан фойдаланиш ман этилган бўлиб, улар фуқаҳолар томонидан баъзи куй ва мусиқаларнинг ҳаром эканлигини исботлаш учун далил сифатида қўлланилган.

Бу ерда Қуръони Каримнинг баъзи оятлари, ҳадислар ва руҳшуносларнинг фикрларини ўрганиш билан «Ғино» оҳангидаги қўшиқ ва ашулаларнинг ҳаром эканлигига доир айрим фалсафа ва ҳикматларни баён этамиз:

1. «Ғино» хусусиятига эга «мутриб» қўшиқ ва оҳанглар одамда фасод, ахлоқсизлик ва бузғунликка мойилликни юзага келтиради:

Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ النَّبيُّ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَآلِهِ: الغِنَاءُ رُقِيَّةُ الزِّنَا

«Ғино зинонинг нарвонидир».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 79-жилд, 247-бет, 99-боб: Ғино боби, 26-ҳадис, Байрут, Муассасатул вафо нашриёти.

Тажриба ва кузатувларнинг маълум қилишича, кўп одамлар «Ғино» хусусиятига эга куй ва қўшиқларни тинглаш таъсири остида тақво ва художўйлик йўлидан оғиб, фасод ва ахлоқсизликка юз тутганлар. «Ғино» оҳанги куйланган йиғинлар одатда фасод ва бузуқлик ўчоқлари бўлади.[1]

2. «Ғино» оҳанги ориятсизлик ва ҳамиятсизликка олиб келади:

Олтинчи пешвоимиз ҳазрати имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

قَالَ أبُوعَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلاَمُ: إذا ضرب في منزل الرجل أربعين صباحًا بالبربط ودخل الرجال وضع ذلك الشَّيطان كل عضو منه على مثله من صاحب البيت ثم نفخ فيه نفخةً فلا يغار بعدها حتى تؤتى نساؤه فلا يغار

«Агар бирор кишининг уйида қирқ кун давомида куй чалинса [ёки эшитилса] шайтон ўша уйга кириб ўз қудрати ва нуфузини ишга солади. Ва бунинг натижасида уй эгасидан орият ва ҳамият буткул олинади. [Шу даражагача етиб борадики,] унинг хотинига яқин келинса ҳам [хотини билан бошқалар зино қилса ҳам] у учун бунинг аҳамияти бўлмай қолади».

Манба: Шайх Кулайний, “ал-Фуруъ минал-Кофий”, 6-жилд, 433-бет, Бобул-Ғино, 14-ҳадис; Шайх Ҳур ал-Омилий, “Васоил аш-шиъа” 12-жилд, 232-бет, 100-боб, 1-ҳадис.

3. «Ғино» оҳанги инсонни Аллоҳнинг зикридан чалғитиб уни ғофиллардан қилиб қўяди:

Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган:

وَمِنَ النَّاسِ مَن يَشْتَرِي لَهْوَ الْحَدِيثِ لِيُضِلَّ عَن سَبِيلِ اللَّـهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَيَتَّخِذَهَا هُزُوًا ۚ أُولَـٰئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُّهِينٌ

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар илмсизлик юзасидан Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у [йўл]ни масхара қилиш учун беҳуда сўзни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хорловчи азоб бордир» (Луқмон сураси, 6-оят).

Ушбу ояти каримада «беҳуда» ва «бемаъни» сўз Аллоҳнинг йўлидан оздирувчи омиллардан бири эканлиги айтилган. «Беҳуда» ва «бемаъни» сўз одамни шу даражада ўзи билан машғул қилиб қўядики, муҳимроқ ишларни бажаришдан ортда ва ғафлатда қолишига сабаб бўлади ва бу оят тафсирида ривоят қилинган ҳадисларда «беҳуда» сўздан мурод «Ғино» хусусиятига эга куй ва қўшиқлар эканлиги айтилган.[2]

Олтинчи пешвоимиз ҳазрати имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

قَالَ أبُوعَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلاَمُ: ما لَهُ و للمَلاهي؟! فإنَّ المَلاهيَ تُورِثُ قَساوَةَ القَلبِ و تُورِثُ النِّفاقَ

«Мўминнинг «беҳуда» ва «бемаъни» қўшиқлар билан нима иши бор?! Шубҳасиз, бемаъни қўшиқлар бағритошлик ва иккиюзламачиликка олиб келади».

Манба: Муҳаммад Рейшаҳрий, “Мийзонул ҳикмат” 10-жилд, 308-бет, 18469-ҳадис.

Оқибат, инсон қўшиқ ва ашулалар эшитиши натижасида Аллоҳ таолони ва қиёмат кунини унутишига сабаб бўлади.

4. «Ғино» оҳанги инсон иродасини заифлаштиради ва унинг шахсиятини шикастлайди:

Ғино оҳангидаги куй ва қўшиқларни чалиш ёки тинглаш шу қадар киши иродасини бўшаштириб, унинг жинсий ғаризаси (инстинкти)ни қўзғайдики, одамни иродасиз ва беихтиёр ҳолда ҳаракатлантиради ва кишининг ҳис-туйғуларини қўшиқчи ва хонанданинг ихтиёрига топшириб қўяди.

5. «Ғино» инсон руҳияти ва асабига салбий таъсир кўрсатади ва унинг руҳий мувозанатини бузиб юборади:

Инсоннинг бутун организмига таъсир ўтказадиган мавзулардан бири бемаъни ва енгил-елпи куй ва қўшиқлардир. Зеро, қўшиқ инсон организмининг симпатик ва парасемпатик тизимига таъсир этиб, унинг руҳий мувозанатини бузади ва бунинг ортидан тана саломатлигига босим ўтказади. Ғамгин ёки қувноқ кайфиятдаги куй ва қушиқлар баъзан асаб мувозанатини шу даражада бузадики, ошқозоннинг сўриши, шира ажратиши, овқат ҳазм қилиши, итариб чиқариши, юрак уриши ва қон босими ҳамда организмдаги бошқа суюқликларга путур етказиб, шахсни кўплаб касалликларга яқинлаштиради.

Шунингдек, куй ва қўшиқнинг асаб тизимига ўтказадиган кучли босими таъсирида юзага келадиган ташқи қўзғатишлар, инсондан фикрлаш қобилиятини олиб қўяди ва оқибат, қўшиқ тингловчи шахсларда телбалик ва хасталик белгилари пайдо бўла бошлайди.[3]

Шундай экан, «Ғино» хусусиятига эга куй ва қўшиқлар асаб тизимини бузадиган омиллардан биридир. Дунёнинг машҳур хонанда ва мусиқачиларининг таржимаи ҳоли шуни кўрсатадики, улар ўз ҳаётлари давомида руҳий нохушликларга чалиниб, бора-бора асабий соғликларини йўқотганлар. Уларнинг баъзилари руҳий хасталикларга мубтало бўлган бўлсалар, айримлари ақл-ҳушларини қўлдан бериб қўйганлар ва улардан бир гуруҳи фалаж ва нотавонликка учраб ва баъзилари эса мусиқа ва қўшиқ куйлаётган пайтда қон босими юқорига кўтарилиб, тўсатдан юрак хуружига дучор бўлганлар.[4]

Бу ерда уларнинг айримларига ишора этамиз:

Мусиқачиларнинг етмиш беш фоизи фикрий безовталикларга тутилганлар. Жиннилик ва телбалик ҳолатига мубтало бўлган мусиқачилардан Бетҳовен, Шуберт, Дворжак, Шуман ва Ницшеларни кўриш мумкин. Менделис, биринчи Бах ва Шопен эса нерв фаолиятининг бузилиши натижасида жиннилик даражасига етиб борган мусиқачилар гуруҳидандир.

Интеллектуал журнали бўлиб ўтган бир мусиқа консерти ҳақида ёзади:

«Ўғил ва қизлар титратувчи ва шўх қўшиқларни куйлаётиб, зал ларзага келади-да, қизлар қичқириб бир-бирларининг сочларини ҳовуч-ҳовуч юлиб бош ва қулоқларига мушт ура бошлашади. Ва ўғиллар эса ҳушдан кетишади».[5]

«Мелбурн шаҳрида эллик минг киши мусиқа консертини тинглагач, бирданига ҳамма ҳаяжонланиб бирор сабабсиз бир-бирларига жароҳат етказа бошлашди. Полиция етиб келгунича, бир неча киши пичоқлаб ўлдирилди, бир неча аёлга тажовуз қилинди ва кўп кишилар яраландилар».[6]

Бинобарин, баъзи шифокорларнинг гувоҳлик беришича, «Ғино» хусусиятига эга қўшиқ ва оҳанглар асаб фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, кишининг депрессия (оғир руҳий ҳолат)га тушиб, юқори қон босимига мубтало бўлишига сабаб бўлади.[7]

Ҳар қандай қўшиқ ва мусиқа ҳам асаб тизими учун зарарли бўлмаслиги мумкин, балки қўшиқ ва ашула эшитишга мук тушиб ҳаддан ортиқ бунга одатланиб қолса, шунда юқорида келтирилган зарарлар кўрина бошлайди. Аммо диққат қилишимиз лозимки, агарчи қўшиқнинг мазкур зарарларини кўп ўринларда учратмасак-да, лекин унинг маънавий жиҳатдан салбий оқибатларига совуққонлик билан енгил қарамаслик керак.

6. Мустамлакачилар ўзларининг ёвуз мақсадлари йўлида «Ғино» оҳангидан қурол сифатида фойдаланишади:

Жаҳон мустамлакачилари ҳар доим халқларнинг, айниқса ёш авлоднинг уйғонишидан қўрқиб келганлар. Чунки, улар ўзларининг мустамлакачилигини давом эттириш учун режалаштирган кенг кўламли дастурларининг асосий қисми – бу жамиятни ғафлат, жаҳолат ва билимсизлик ҳолатида сақлаб, ҳалқлар орасида турли носоғлом ўйин-кулги воситаларини ривожлантиришдир. Фисқу фасод ва бузғунчилик масканларини ҳамда қимор клубларини барпо этиш ва шунингдек, бошқа носоғлом ўйин-кулги турларини, жумладан «Ғино» хусусиятига эга куй ва қўшиқларни кенг ривожлантириш мустамлакачиларнинг одамлар онгини заҳарлаш учун қўллайдиган энг муҳим воситаларидандир.[8]

7. «Ғино» оҳанги инсон ҳаётидан хайру баракотни кетказади:

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«لا تَدخُلُ المَلائکَةُ بيتاً فِيهِ خَمرٌ أو دفٌّ أو طَنبُورٌ أو نَردٌ وَلاتُستَجابُ دُعاءُهُم وَ تَرفَعُ عَنهُم البَرَکَةُ»

«Фаришталар май, (шилшилали) доира, танбур ва нарда каби мусиқа ва қимор асбоблари бўлган уйга кирмаслар, ўша уйдагиларнинг дуоси ижобат бўлмас ва хайру баракот улардан кўтарилур».

Манба: Шайх Ҳур Омилий, “Васоил аш-шиъа” китоби, 17-жилд, 315-бет, 13 (22638)-ҳадис; Муҳаддис Нурий, “Мустадрак ал-Васоил аш-шиъа” 13-жилд, 218-бет, 15 (15174)-ҳадис.

Диний адабиётлар ва ҳадиси шарифларда фаришталар бирор уйга кирганида ўзлари билан хайру баракот олиб келиши ва кирмаганида эса ўша уйдан хайру баракот кўтарилиб, қилинган дуолар ижобат бўлмаслиги таъкидлаб айтилган. Демак, бирор уйда шилшилали доира, танбур ва нарда каби мусиқа ва қимор асбоблари бўлса ва ушбу асбоблар билан «Ғино» хусусиятига эга куй ва қўшиқлар (оғир куйда чалинган ашулалар бундан мустасно) чалинса ёки ҳатто доимий тарзда эшитиб келинса, шубҳасиз, у ердан хайру баракот кўтарилади ва дуолар қабул бўлмайди.

8. «Ғино» оҳанги умрни қисқартиради ва тўсатдан ўлимга сабаб бўлади:

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

قَالَ أبُوعَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلاَمُ: بيت الغناء لا تؤمن فيه الفجيعة ولا تجاب فيه الدعوة ولا يدخله الملك.

«Ғино оҳанги куйланган уй тўсатдан келадиган ўлимдан омонда бўлмагай, у уйда дуолар ижобат бўлмагай ва фаришта у уйга кирмагайдир».

Манба: Шайх Кулайний, “ал-Фуруъ минал-Кофий”, 6-жилд, 433-бет, Бобул-Ғино, 15-ҳадис.

Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан маълум бўлишича, яхши ва солиҳ амаллар инсон ризқининг зиёда ва умрининг узоқ бўлишига сабаб бўлади. Бунинг акси ўлароқ, гуноҳ, бузуқлик ва «Ғино» хусусиятига эга «мутриб» қўшиқ ва оҳангларни куйлаш ёки эшитиш эса хайру-баракани кетказиб, инсон умрини қисқартиради.

Мусиқачилар ҳаётини синчиклаб кўздан кечирадиган бўлсак, уларнинг тақрибан ҳаммаси инсоннинг ўртача ва табиий умр кўришидан маҳрум ва бенасиб бўлганлар. Уларнинг аксари табиий ҳолдаги ўртача ёшнинг яримига, яъни 60 ёшга етмай жувонмарг бўлишган. Статистика маълумотига кўра, мусиқачилар 30 ва 40 ва 50 ёшлар орасида ҳаётдан кўз юмишган.

Бу ҳақиқат янада равшанроқ бўлиши учун, ҳатто табиий ҳолдаги ўртача ёшнинг ярмидан ҳам озроқ умр кўрган мусиқачиларнинг номуносиб ҳолда тўсатдан ўлимга дучор бўлганлари ҳақидаги кўрсаткични қисман келтирамиз:

1. «Малибран»; оврўпалик машҳур мусиқа санъаткори куйлаётган ҳолда 27 ёшида юрак хуружига учради.

2. Баъзи мусиқачилар ўз жонига суиқасд қилиш билан ҳаётига хотима ясаганлар. Жумладан машҳур мусиқачи «Шумана»ни бу ерда мисол қилиб келтириш мумкин. Зеро, у ўзини «Рейн» дарёсига улоқтириши билан худкушлик қилган.

3. Пергулувзий; Италиялик мусиқачи, 1710 – 1736, 26 ёшда вафот этган.

4. Блейний; Италиялик мусиқачи, 1801 – 1835, 34 ёшда вафот этган.

5. Морис Жауберт; Франциялик мусиқачи, 1900 – 1940, 40 ёшда вафот этган.

6. Шусвин; Франциялик мусиқачи, 1855 – 1890, 30 ёшда вафот этган.

7. Мендилес; Германиялик машшоқ, 1809 – 1847, 38 ёшда вафот этган.

8. Шуман; Германиялик мусиқачи, 1810 – 1856, 46 ёшда вафот этган.

9. Шуберт; Австриялик машшоқ, 1797 – 1828, 31 ёшда вафот этган.

10. Моцарт; Австриялик машшоқ, 1756 – 1791, 35 ёшда вафот этган.

11. Иванович Глинка: Россиялик мусиқачи, 1804 – 1857, 53 ёшда вафот этган.

12. Дорагу Мичский: Россиялик машшоқ, 1813 – 1869, 56 ёшда вафот этган.

13. Александр Бердин: Россиялик мусиқачи, 1834 – 1887, 53 ёшда вафот этган.

14. Чайковский: Россиялик машшоқ, 1840 – 1893, 53 ёшда вафот этган.

15. Скрябин: Россиялик мусиқачи, 1872 – 1915, 43 ёшда вафот этган.

16. Диягилов: Россиялик қўшиқчи, 1872 – 1929, 57 ёшда вафот этган.[9]

Шунга ўхшаш кўплаб машшоқ ва мусиқачилар жуда қисқа умр кўриб, умрларидан барака топмай оламдан ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини зикр қилиш мумкин бўлмагани учун айримларини мисол ва намуна сифатида келтирдик.

Мусиқачиларнинг қанча умр кўргани ҳақидаги статистикадан яққол маълум бўладики, қўшиқ ва ашула ўзининг содиқ ишқибозлари бўлмиш мусиқачию машшоқларга ҳеч қачон ва ҳеч бир жойда вафо қилмаган, балки уларга ҳаддан ортиқ меҳрсизлик кўрсатиб, намуна учун улардан ҳатто бир кишига ҳам 100 йил умр кўришга ижозат бермаган. Аксинча, уларнинг деярли ҳаммасини жувонмарг этиб, 20 ва 50 ёшлар орасида ёки бир оз кўпроқ умр кўрар-кўрмас жонларини олиб қўйган!

Яна бир ҳақиқатни эътироф этмай иложимиз йўқ. Агар мабодо мусиқачилар орасида олтмиш ёшдан ошган кишиларни учратиб қолгудек бўлсак, бундайлар кўпинча куй ва қўшиққа унча ҳам берилиб кетмай, ҳаётларининг муҳим ва қалтис қисмини турли ва сокин касблар билан ўтказишган.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Ҳусайн Абдуллоҳий Хуруш, “Мусиқанинг асаб ва руҳга таъсири” 29-бет; Олусий, “Тафсири Руҳул Маоний” 21-жилд, 6-бет; Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Тафсири Намуна” 17-жилд, 25 ва 26-бетлар.

[2]. Шайх Ҳур ал-Омилий, “Васоил аш-шиъа” 12-жилд, 84-бет, абваабу маа юктасабу биҳи: 15-боб, 1-ҳадис.

[3]. “Maine” турли даражаларга эга бўлган телбаликнинг бир тури.

[4]. Ҳусайн Абдуллоҳий Хуруш, “Мусиқанинг асаб ва руҳга таъсири” 29 ва 92-бетлар; Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Тафсири Намуна” 17-жилд, 26-бет.

[5]. Ҳусайн Абдуллоҳий Хуруш, “Мусиқанинг асаб ва руҳга таъсири” китобининг иқтибосига кўра, Интеллектуал журналининг 556-сони ва 26-бет.

[6]. “Мусиқа, дин ва илм нигоҳидан” Кайҳон журналининг 6265-сони, 20-бет, Руйтерс хабар агентлигидан иқтибос келтирилган.

[7]. Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Тафсири Намуна” 17-жилд, 24-бет.

[8]. Юқоридаги манба, 17-жилд, 27-бет.

[9]. Ҳусайн Абдуллоҳий Хуруш, “Мусиқанинг асаб ва руҳга таъсири” номли китобдан иқтибос келтирилди.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Мусиқанинг охиратдаги оқибатлари

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан 1. «Ғино» оҳанги эгаларининг қиёматдаги ҳолатлари: Бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.