Home / Долзарб мавзулар / Мусиқа ва Ислом / Мусиқа Ислом дини нигоҳидан

Мусиқа Ислом дини нигоҳидан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мусиқа бизнинг давримизда кенг ривожланган санъат турларидан бири бўлиб унинг жамият ҳаётидаги муҳим ўрнини инкор этиб бўлмайди. Охирги пайтларда овоз техникасининг ривожланиши билан Ислом динининг мусиқага бўлган муносабати ҳамда «Ғино» деб аталмиш мусиқасидаги айрим оҳангнинг ҳаром қилинганлиги масаласи устида қизғин баҳслар олиб борилмоқда. Ҳатто сайтимиз ўқувчилари томонидан шариати исломия аҳкомига биноан, қандай ашулани эшитиш мумкин ёки аёл куйлаётган ашулани эшитса бўладими, қабилидаги саволлар бизга туша бошлади. Шу боис, биз ҳам ана шу баҳсда қатнашиб сайтимиз ўқувчиларига қайси мусиқа турлари ҳалол ва қайсилари ҳаром эканлиги ҳақида баҳс юритмоқчимиз. Ўйлаймизки, бу баҳс сиз азизларни ҳам бефарқ қолдирмаса керак.

Шубҳасиз, ҳаёт барпо этилишининг асл мақсади – бу камолотга етишдир. Шунинг учун ушбу мақсадга етиш йўлидаги ҳар қандай воситани Аллоҳ таоло инсоният учун таъминлаб қўйган. Мана шу ўринда инсонлардаги эшитиш қуввати борлиги катта аҳамиятга эга. Чунки, инсон эшитиш орқали ҳақиқатни осонроқ ва тезроқ қабул қилади. Бошқа тарафдан эса инсондаги унинг ҳаётини бошқарувчи марказ – бу унинг мияси ҳисобланади. Иккинчи муҳим орган эса инсоннинг қалбидир. Зеро, қалб ҳис-ҳаяжон ва ишқу-иймон марказидир. Инсондаги бу икки ҳис, яъни кўриш ва эшитиш ҳисси, инсоннинг муҳим бўлган икки органи, яъни мияси ва қалбига олиб борувчи йўлдир. Қуръони Каримда бу борада шундай дейилади:

وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ ۚ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَـٰئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا

«(Эй инсон,) ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки, қулоқ, кўз ва дил буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) саволга тутилур». (Исро сураси, 36-оят)

Юқоридаги ояти каримадан маълум бўладики, қиёмат куни барпо бўлганда, ҳар биримиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриб қулоғимиз билан эшитган, кўзимиз билан кўрган ва баъзан қалбу фикримиздан ўтказган нарсалар тўғрисида саволга тутилгаймиз. Шунинг учун эшитадиган мусиқа ва қўшиқларимизнинг шариати исломияда қайси бири жоиз (мумкин) ва қайси бири ҳаром эканлигини аниқлаб олишимиз зарур.

Шариатда мусиқа ва ашула эшитишнинг ҳукми ҳақида

«Мусиқа» ёки «мусиқиё» луғатда Ғино маъносига тенг бўлган юнонча сўз бўлиб, диний тушунча ва фиқҳий истилоҳга кўра эса, бу икки атама бир-биридан фарқлидир. Шариатда «Ғино»нинг маъноси товушни томоқда чўзган ҳолда айлантириб чиқариш бўлиб, бундай оҳанг тингловчида қувонч, ҳаяжон ва ўйнаш ҳиссини юзага келтиради. Ва бу тарздаги оҳанг айш-ишрат, ахлоқсизлик ва беҳуда ўйин-кулги йиғинларига хос ва муносиб келиши ҳам қўшимча қилинган. Демак, шу йўсинда куйланган ҳар қандай оҳанг, қўшиқ ва ашулани тинглаш шариатда ҳаром этилган.

Лекин мутлақо чолғу асбоблари билан чалинган товушга эса «мусиқа» дейилади. Шунга биноан, шариати исломияда ҳаром қилинган ғино, яъни муайян оҳанг ва куй билан мусиқа ўртасида фарқ бор. Демак, умумий маънодаги мусиқа исломда ҳаром қилинмаган, балки юқорида айтилгандек, тингловчида қувонч, ҳаяжон ва ўйнаш ҳиссини пайдо қиладиган ҳамда айш-ишрат, ахлоқсизлик ва беҳуда ўйин-кулги йиғинларига хос ва муносиб бўлган айрим қўшиқ ва оҳангларгина шариати исломияда ҳаром қилингандир, холос.[1]

Қуръони Каримда «Ғино» деб аталмиш айрим қўшиқ ва оҳангларга беҳуда сўз дейилган ва илмсизлик юзасидан Худонинг йўлидан оздириш ҳамда у йўлни масхара қилиш учун бундай беҳуда сўзларнинг айрим одамлар томонидан қўлланиши айтилган ва бунинг оқибати эса тавба қилмаган тақдирда хорловчи азоб билан тугаши уқтирилган:

وَمِنَ النَّاسِ مَن يَشْتَرِي لَهْوَ الْحَدِيثِ لِيُضِلَّ عَن سَبِيلِ اللَّـهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَيَتَّخِذَهَا هُزُوًا ۚ أُولَـٰئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُّهِينٌ

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар илмсизлик юзасидан Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўл)ни масхара қилиш учун беҳуда сўзни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хорловчи азоб бордир». (Луқмон сураси, 6-оят)

Буюк муфассир аллома саййид Муҳаммад Ҳусайний Таботабоий юқоридаги ояти кариманинг тафсирида хурофий ҳикоялар, одамни фисқ-фасодга етаклайдиган романлар ёки турли қўшиқларни тинглаш, ҳаяжонли ўйин-кулги ва бошқа чолғу асбоблари каби инсонни Ҳақ таолодан чалғитиб ўзига машғул қиладиган ҳар бир нарса «беҳуда сўз» туркумига киради[2].

Юқоридаги ояти кариманинг айрим шаъни нузулига кўра, оятдаги «беҳуда сўз»дан мурод чўрилар томонидан куйланган «Ғино»дир[3]. Муҳаммад ибн Муслим бу борада қуйидагича ривоят қилади: Мен имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан ушбу сўзларни айтаётганларини эшитдим:

«Аллоҳ таоло дўзах азоби ваъдасини берган гуноҳлардан бири – бу Ғинодир».

Сўнгра ушбу оятни тиловат қилдилар:

وَمِنَ النَّاسِ مَن يَشْتَرِي لَهْوَ الْحَدِيثِ

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар беҳуда сўзни сотиб олурлар...»[4]

Баъзи оҳанг ва қўшиқларнинг ҳаром эканлигига асосий далил-исботларимиз Қуръон оятлари ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда имомларимиздан ривоят қилинган ҳадислардир. Мазкур ҳукм борасида Қуръон оятларидан Фурқон сурасининг 72-ояти, Ҳаж сурасининг 30-ояти, Мўъминун сурасининг 3-ояти ва Луқмон сурасининг 6-оятини далил сифатида келтира оламиз. Имомларимиз ушбу оятларнинг тафсирида оятларда келган «ботил сўз», «беҳуда сўз» ва «бемаъни сўз»лардан мурод «Ғино» хусусиятига эга куй ва қўшиқлар эканини айтганлар.

«Ғино» сўзи луғатда товушни чўзиш, балки ҳар қандай товуш ва овоз маъносини англатади[5] ва Шайх Ансорий (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг таъбирича, бу маъно-мафҳумларнинг ҳеч бири ҳаром эмаслиги тамоман равшан ва ошкордир.[6] Шу сабабдан, барча фақиҳ ва мужтаҳидлар беҳуда ва бемаъниликни ҳаром қилинган «Ғино» оҳангидаги қўшиқларга тааллуқли деб билганлар, яъни «Ғино» хусусиятига эга бемаъни ва беҳуда ашулаларни эшитиш ҳаромдир, деб фатво берганлар.[7]

Фақиҳлар наздида «беҳуда» ва «бемаъни» сўзларнинг маъноси Худони ёддан чиқариб, бузуқликка учраш демакдир[8]. Уларнинг фатвосига кўра, айш-ишрат, ахлоқсизлик ва қўзғатувчи ўйин-кулги йиғинларига хос ва мос бўлган айрим «Ғино» хусусиятига эга қўшиқ ва оҳангларгина ҳаромдир, холос[9]. Баъзи фуқаҳо ва мужтаҳидлар эса «Ғино» оҳангига «беҳуда» ва «бемаъни» бўлишдан ташқари «мутриб», яъни ҳаяжонлантирувчи ва қўзғатувчи бўлиш қайд-шартини ҳам қўшимча қилганлар[10].

Одам куй, ашула ва қўшиқ эшитиш таъсирида унинг нафсида пайдо бўладиган ҳамда уни мўътадил ва мувозанатли ҳолатдан чиқариб юборадиган ақлнинг енгил-елпи ҳолатига «мутриб» ҳолати дейилади. Мусиқа ва чолғу асбоблари орқали пайдо бўладиган оҳанг ва мусиқа борасида ҳам аксари фуқаҳолар «беҳуда» ва «бемаъни» бўлган мусиқаларни ҳаром деб биладилар ва баъзилари эса «мутриб», яъни ҳаяжонлантирувчи ва қўзғатувчи мусиқалар эшитишни ҳаром деб биладилар[11]. Барча мужтаҳидлар ҳалол мусиқа ва қўшиқ билан ҳаром қилинганни аниқлаб олиш мезони ҳақида айтадилар: «ҳаром ва ҳалол қўшиқларни аниқлашда умумни ташкил этган урфга мурожаат қилмоқлик керак».[12]

Ҳар ҳолда чиройли товушни мутлақо ҳаром деб билиш инсон фитрати ва ақлига уйғун ва монанд эмас ва Қуръонни чиройли товуш билан ўқишга буюрган ҳадисларга мухолифдир. Шунинг учун ҳаром деганда, махсус оҳангда куйланган қўшиқ ва ашула назарда тутилади ва ҳадиси шарифларда ботил ёки беҳуда деб келтирилган иборалардан ҳаром этилган оҳанг ва куйлар турининг меъёрини қўлга киритиш мумкин.

Умуман олганда, нимаики инсон руҳи ва жонига зарар етказса ва инсонни табиий ва оддий ҳолдан чиқариб юборса ҳамда уни салбий хулқ-атвор таъсири остида қолдирса, ўшалар шариати исломияда ҳаром қилинган. Шунга асосан, бугунги кунда одамни жарга итариб ҳаётни маъносиз қилиб кўрсатадиган айрим модага айланган дағал оҳанг ва мусиқалар шубҳасиз, Ислом динида ҳаром қилинган. Ва ҳатто бундай қўшиқ ва ашулаларни эшитиш натижасида худкушликка қўл урганлар сони оз эмас. Бу ҳақда мақоламиз давомида айрим кўрсатгичларни келтирамиз.

Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Саййид Мужтабо Ҳусайний, “Талабаларнинг савол-жавоблари” 169-бет; Имом Хумайний, “Ал-Макосибул маҳаррамаҳ” 1-жилд, 198-бетдан 224-бетларгача; Али Ҳусайний, “Ал-Мусиқо” 16 ва 17-бетлар; Оятуллоҳ Табризий, “Истифтоъот” 10, 46, 47 ва 48-саволлар; Оятуллоҳ Фозил Ланкароний, “Жомиъул масоил” 974, 978 ва 979-саволлар.

[2]. Саййид Муҳаммад Ҳусайн Таботабоий, “Тафсийрул-Мийзон” 16-жилд, 313-бет.

[3]. Аминул Ислом Шайх Табарсий, “Мажмаъул баён фий тафсийрил Қуръон” 7/8-бет, 490-бет.

[4]. Шайх Абду Али ал-Арусий, “Тафсири Нур ас-Сақалайн”, 4-жилд, 194-бет, 5-ҳадис.

[5]. Имом Хумайний, “Ал-Макосибул маҳаррамаҳ” 1-жилд, 299-бет.

[6]. Шайх Ансорий, “Ал-Макосибул маҳаррамаҳ” 1-жилд, 292-бет.

[7]. Саййид Мужтабо, “Талабалар рисоласи” 640 шаръий саволларга жавоблар, 171-бет.

[8]. Аҳмад Шармхоний, “Инсон, Ғино, Мусиқа” 14-бет.

[9]. Саййид Мужтабо, “Талабалар рисоласи” 640 шаръий саволларга жавоблар, 171-бет.

[10]. Юқоридаги манба.

[11]. Мужтаҳидларнинг “Тавзийҳул масоил” китоблари, 2-жилд, 813 ва 913-бетлар; “Масоили жадид” 1-жилд, 47-бетдан у ёғи.

[12]. Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Истифтоъот” 2-жилд, 659-савол; Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний, “Жомиъул аҳком” 1-жилд, 994, 1018 ва 1020-саволлар; Оятуллоҳ Шайх Жавод Табризий, “Истифтоъот” 1050, 1059 ва 1077-саволлар; Оятуллоҳ Фозил Ланкароний, “Жомиъул масоил” 1-жилд, 996-савол; Оятуллоҳ Хоманаий, “Ажвибатул истифтоъот” 1127 ва 1154-саволлар; Оятуллоҳ Систоний, “Минҳожус-солиҳийн” 2-жилд, 20-масала; Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний, “Истифтоъот” 1-жилд, 1008-савол; Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний, “Минҳожус-солиҳийн” 3-жилд, 17-масала.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Мусиқанинг охиратдаги оқибатлари

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан 1. «Ғино» оҳанги эгаларининг қиёматдаги ҳолатлари: Бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.