Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ақлни ишлатиб фаоллаштириш ва уни қўллашнинг муҳимлиги

Ақлни ишлатиб фаоллаштириш ва уни қўллашнинг муҳимлиги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Инсоннинг қиладиган ҳар бир иши, хатти-ҳаракати унинг билим ва маърифатидан келиб чиқади, табиати ва инстинктидан эмас. Шунинг учун инсонни бирор иш-фаолият ва ҳатто юриш-туришга чорлайдиган нарса унинг қўлга киритган тушунчаси ва маърифатидир, бошқа нарса эмас. Инсон ўзи учун керакли бўлган билим ва маърифатни қўлга киритиши учун Аллоҳ таоло инсонга зарур воситани, яъни ақлни берган. Ушбу ақл ёрдамида инсон айрим нарсаларни тушуниши ва билиб олиши мумкин, кейин уни ўз ирода-ихтиёри билан ярата олади.

Демак, инсон бошқа жонзотлардек табиат ва инстинкт доирасига чекланиб қолмаган. Ва асосан, инсоннинг қадр-қиммати мана шундай ўз ирода-ихтиёри билан бажарган амалида намоён бўлади. Бундай ирода-ихтиёр хусусиятига эга бўлган амал конструктив ҳаракатларга ва такомил топиш сари ўзгаришларга олиб келиб, инсон ҳаётини, жамиятни ва тарихни яратади ва бу эса «инсон ҳаётини» «жонзотлар ҳаёти»дан ажратиб туради. Демак, инсон икки хил ҳаётга эга: бири инстинктив ҳайвоний ҳаёт бўлиб, унда бошқа жонзотлар билан шерик бўлса, иккинчиси эса ақл юритишга асосланган инсоний ҳаётдир. Ва киши ушбу ақлоний хусусияти билан юқори инсоний мартабага кўтарилади.

Яна шуни ҳам қўшимча қилмоқлик керакки, ҳозирги залворлик вазиятда ҳар бир оқим, гуруҳ, фирқа, фалсафий ва ирфоний ғоялар ўзларининг турли-туман таълимотларини баён этиб ўз томонларига чақираётган ҳамда мафкуравий кураш шиддаатли ва кенг кўламда амалга ошаётган бир пайтда тўғри ва саодат йўлини топиш учун ақл юритиш ўта улкан аҳамиятга эга эканлиги янада ошкор бўлади.

Аллоҳ таолонинг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда ақл юритишга кўп тарғиб қилинган. Бу ерда айрим оятларни келтирамиз:

وَسَخَّرَ لَكُمُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ ۖ وَالنُّجُومُ مُسَخَّرَاتٌ بِأَمْرِهِ ۗ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ ﴿١٢

«У сизлар учун кеча ва кундузни, қуёш ва ойни бўйсундириб қўйди. (Барча) юлдуз-сайёралар Унинг амрига бўйсундирилгандир. Албатта, бунда ақл юритадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир». (Наҳл сураси, 12-оят)

وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ أَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا فِي أَصْحَابِ السَّعِيرِ ﴿١٠

«Ва дўзах аҳли: «Агар [ҳақ сўзларни] эшитганимизда ёки ақл юритганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмас эдик», дерлар». (Мулк сураси, 10-оят)

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَىٰ قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا ﴿٢٤

«Ахир улар Қуръон устида фикр юритмайдиларми? Ёки қалбларида қулфлари борми?» (Муҳаммад сураси, 24-оят)

Қуръони Карим таълимотига кўра, ҳар бир нарсани чуқур тушуниш учун ақл юритиш ва тафаккур қилиш лозимдир. Ана ўшанда нодонлик ва жоҳиллик пардаси ўртадан кўтарилади, ҳамма нарса равшанлашади, қалб ҳаловат топади, виждон мусаффо бўлади. Аммо ақл юритмаслик натижасида киши қалбида қулф пайдо бўлади, у ҳолда кўп нарсаларнинг маъно-моҳияти унга берк бўлади ва оқибат инсоний ҳаётдан маҳрум бўлиб, ер юзидаги энг ёмон мавжудотга айланади. Бу борада Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

إِنَّ شَرَّ الدَّوَابِّ عِندَ اللَّـهِ الصُّمُّ الْبُكْمُ الَّذِينَ لَا يَعْقِلُونَ ﴿٢٢

«Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузурида жонзотларнинг энг ёмони кару соқовлар бўлиб, улар ақл юритмайдиганлардир» (Анфол сураси, 22-оят)

Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомлардан ривоят қилинган ҳадисларда ҳам ақл юксак ўринга эга эканлиги айтилган. Бу ерда уларнинг баъзиларини келтирамиз. Пайғамбаримиз шундай марҳамат қиладилар:

قال النَّبيُّ صلَّي الله عليه وآله وسلَّم: «إنَّما يُدْرَكُ الخيرُ كُلُّه بالعَقل، ولا دينَ لِمَن لا عَقلَ لَه»

«Яхшилик тамомила ақл-идрок билан қўлга киритилади ва ақли бўлмаганнинг дини ҳам бўлмас»

Манба: Туҳафул-уқул, 44-бет.

Еттинчи пешвоимиз ҳазрати имом Мусойи Козим (алайҳис салом) айтадилар:

قال أبو الحسن موسى بن جعفر عليهما السلام: «إن لله على الناس حجَّتين: حجَّة ظاهرة وحجَّة باطنة، فأما الظاهرة فالرُّسل والأنبياء والأئمة – عليهم السلام -، وأما الباطنة فالعقول»

«Аллоҳнинг одамларга нисбатан икки ҳужжати бор: ташқи ҳужжат ва ички ҳужжат. Аммо ташқи ҳужжат илоҳий анбиё, пайғамбарлар ва маъсум имомлар (алайҳимус салом) бўлса, аммо ички ҳужжат эса [инсонларга Аллоҳ томонидан берилган] ақллардир».

Манба: Усули Кофий, 1-жилд, 16-бет, 12-ҳадис; Васоилуш-шиа, 8-боб, 6-ҳадис, 11-жилд, 162-бет.

Юқоридаги ҳадисда ақл ҳам пайғамбарлар ва маъсум имомлар сингари Аллоҳ таолонинг ҳужжати эканлиги айтилган. Ушбу ҳужжат ҳар бир инсон билан бирга бўлиб, уни ишлатган ва юргизган тақдирда доимо тўғри йўлни инсонга кўрсатиб туради ва инсонни Парвардигори оламга бандалик қилиб жаннат аҳлидан бўлиш томонга етаклайди. Бу борада ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

قال أبو عبدالله عليه السلام: «العقل ما عبد به الرحمن واكتسب به الجنان»

«Ақл шундай нарсаки, унинг билан Роҳман ибодат қилинади ва жаннат унинг билан касб этилади».

Манба: Сиқатул-Ислом Кулайний, ал-Кофий, 1-жилд, 11-бет.

Ақл нури кимнинг замирида ёниб турса, мана шундай улкан ютуқ ва самараларни беради. Бироқ агар инсон ўз нафсининг истак-хоҳишларига эргашиб, Яратганнинг ҳужжати бўлмиш ақлнинг нуроний кўрсатмаларига эътиборсизлик қилса, у ҳолда инсоний ҳаётдан буткул маҳрум бўлиб, залолат ва тубанликка учрайди.

Сўзимиз ниҳоясида шуни айтишимиз керакки, ақл юритувчи кишилар турли фикр ва ғояларни эшитиб ўрганадилар ва кейин эса уларнинг саодат ва нажотга элтувчи энг яхшиси ва энг тўғрисини қабул қилиб унга эргашадилар. Бундай кишиларга Қуръони Каримда ақл эгалари дейилган ва улар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳидоятига нойил бўлган кишилар эканлиги таъкидлаб айтилган:

فَبَشِّرْ عِبَادِ ﴿١٧﴾ الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ ۚ أُولَـٰئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّـهُ ۖ وَأُولَـٰئِكَ هُمْ أُولُو الْأَلْبَابِ ﴿١٨

«Бас, эй Муҳаммад (с.а.о) Менинг бандаларимга хушхабар бер. Улар сўзга қулоқ тутиб, энг яхшисига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар сураси, 17 ва 18-оятлар).

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.