Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Қўлга киритилиши керак бўлган илм ва маърифат турлари ҳақида (1)

Қўлга киритилиши керак бўлган илм ва маърифат турлари ҳақида (1)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Касб этиш керак бўлган билим ва маърифат нималардан иборат? Бошқа таъбир билан айтганда, қандай турдаги маърифатларни қўлга киритиш ва нималарни таниб ва билиб олиш керак?

Қуръони Карим оятларида, Пайғамбаримизнинг ва ул зот Аҳли-Байтларининг Суннатларида етти нарсани таниб ва билиб олиш зарур эканлиги тўла-теран баён қилинган. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Нафсни танимоқ ёки ўзни англамоқ;

2. Худони танимоқ;

3. Оламни танимоқ;

4. Аллоҳнинг ҳужжатларини танимоқ;

5. Халқни танимоқ;

6. Замонни, замонани ва унинг инсон камолотига кўрсатадиган таъсирини танимоқ;

7. Тарихнинг ўзгармас қонунларини танимоқ.

Юқорида келтирилган етти нарсани бирма-бир баҳоли қудрат ўрганиб чиқамиз:

1. Нафсни танимоқ ёки ўзни англамоқ;

Сўзимизни мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг каломлари билан бошласак:

قال الإمام أمير المؤمنين عليٌّ عليه السلام: «رحم الله امرءً علم من أين و في أين و إلي أين»

«Қаердан эканлигини, қаерда яшаётганини ва қаерга қайтажлигини билган кишини Аллоҳ Ўз раҳматига олсин»

Биринчи пешвоимиз ва мавлоимиз ҳазрати Али (алайҳис салом) ушбу ҳадиси шарифда уч мавзуга ишора қилганлар:

1. Қаердан эканлигини билмоқлик; Бундан мурод бутун борлиқнинг негизи бўлган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони, Унинг сифатларини, жумладан биз инсонларни Ул Зоти пок муайян мақсад билан яратганини, бир сўз билан айтганда ҳамма мавжудот, жумладан биз инсонлар Ундан эканимизни билишимиздир.

2. Қаерда эканлигини ёки яшаётганини билмоқлик; Бу иборадан кўзланган маъно-мазмун барча мавжудот, жумладан биз инсонлар бу фоний дунёда вақтинча яшаётганимизни, бир кун келиб бу фоний дунёни тарк этишимиз кераклигини ва шунинг учун бизни йўқдан бор қилиб яратган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг кўрсатган йўл-йўриқлари асосида покиза ва инсоний ҳаёт кечириш кераклигини билимоқликдир.

3. Қаерга қайтишини билмоқлик; Ушбу иборанинг маъноси, ҳар бир инсон охир-оқибат бу фоний дунёни тарк этиб охират оламига йўл олишини ва бу дунёда қилган каттаю кичик ҳамда яхшию ёмон амалларига яраша мукофотланишини ёки жазоланишини, шунинг учун ҳам бу дунёда қўлидан келганича, Аллоҳ таолонинг ризолигини жалб этадиган шариати исломия кўрсатмаларига мувофиқ ҳолда фақат яхши ва эзгу ишларни бажариш кераклигини билишдан иборат.

Билиш ва ўрганиш зарур бўлган юқоридаги уч нарсани тўла-теран англаш учун дастлаб нафсни танимоқ ёки ўзни англамоқ зарур. Шунинг учун биз ушбу суҳбатимизда бу мавзуни баҳоли қудрат ўрганиб чиқамиз.

Жаноби Мавлавий «Маснавий» номли китобларида бу борада айтадилар:

روزها فکر من اين است و همه شب سخنم              که  چرا غافل ز احوال دل خويشتنم

از کجا آمده ام آمدنم بهر چه     بود                به کجا  مي روم اخر ننمايي وطنم

«Кун тунлар менинг фикрим ва сўзим шулким, нега қалбим аҳволидан ғофилман?

Қаердан келганман? Келишим нечун эди? Қаерга бораман? Оқибат ватанимни кўрсатмасанг!»

Шубҳасиз, нафсни (ўзни) тузатиш, поклаш ва юксалтиришнинг биринчи шарти – уни танимоқликдир. Чунки, инсон ўз нафсининг мавжуд қадриятларини, унга ато этилган буюк илоҳий инъомларини ва ички истеъдодларини билмай ва танимай туриб, уни тарбиялаш, кучайтириш ва такомил топтириш учун ҳаракат қилмайди ва уни юксалтириш йўлида куч сарфламайди. Чунки, одамнинг ҳар бир нарсага қаратилган саъй-ҳаракати ўша нарсани ва унинг қадр-қимматини билиш ва таниш даражасида бўлади. Қанчадан қанча истеъдод, қобилият ва иқтидорлар борки, улар қўлга киритилиш имкониятига эга бўлмай, улардан бирор фойда ҳам ҳосил бўлмайди. Бунинг сабаби танилмаганлиги ва кашф этилмаганлигидир.

Нафсни таниш ёки «ўзни англаш»нинг бир неча босқичи ва даражаси бор: Инсон ўз нафсини илмий ва назарий жиҳатдан таниб олгач, тажриба ва амалиёт орқали ҳам уни билиши керак бўлади. Бунинг маъноси шуки, инсон дастлаб нафс бадандан мустақил ва фарқли бир мавжуд эканлигини билиши керак, кейин эса нафснинг ҳар бир ишга кучи етишидан, воқелик ва ҳақиқатлар билан юзма-юз бўлишга қодир эканлигидан огоҳ бўлмоғи даркор. Бундай билиш ва англаш ўта фойдали ва улкан бир илм-маърифатдир, чунки кишига ёрдам беради, токи ўз нафсига тааллуқли бўлган нуқсон ва камчиликларни имкон қадар бартараф қилсин. Ва бу ишнинг аҳамияти ўткир кўзли, фаҳмли, зийрак ва доно инсонга сир эмас. Ва агар улкан бир ишни бажармоқчи бўлган киши ўзининг истеъдод ва куч-қувватларидан огоҳ бўлмаса, ўша иш муносиб ва арзирли шаклда амалга ошмайди. Шунинг учун мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) айтганлар:

قال الإمام أمير المؤمنين عليٌّ عليه السلام: «هلك امرءٌ لم يعرف قدره»

«Ўз қадр-қимматини танимаган киши ҳалок бўлди».

Юқорида айтилганлардан ташқари, нафсни таниш ва ўзни англашнинг шахсий ва ижтимоий томондан бошқа азирли ва ҳаётий фойда ва натижалари ҳам бор бўлиб, бу ерда уларнинг баъзиларига ишора қиламиз:

1. Нафснинг айбларини танимоқ: Нафсни танишнинг фойда ва натижаларидан бири, унинг айбу камчиликларини танимоқликдир. Ва бу эса нафсни ислоҳ қилиш ва тузатиш учун илк одимдир.

2. Нафснинг куч-қувватлари ва имкониятларини танимоқ: Айтиб ўтганимиздек, бундай билиш ва англашнинг шахсий ва ижтимоий масалалардаги аҳамияти юқори даражада бўлиб, нафсни, унинг куч-қувватларини ва қобилият-истеъдодларини билмаслик ва танимаслик кўп одамларнинг зарар кўришларига ва зиёнкор бўлишларига сабаб бўлган. Зероки, улар вужудларининг асоси ва тамали бўлган ўз нафсларининг куч-қудрати ва яроқлилик даражасидан огоҳ бўлмаганлари учун ҳаддан ошиб, ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам қийинчилик ва машаққат туғдирадилар ёки эришиш мумкин бўлган мартаба ва камолотга етиш учун саъй-ҳаракат қилмайдилар.

3. Нафснинг фазилатларини танимоқ: Агар ушбу маърифат, яъни инсоний фазилатларни, ҳаётий ҳақиқатларни ва ахлоқий юксалишларни танимоқлик амалга ошса, унда инсонни ушбу фазилатлар ва ахлоқий юксалишларни касб этиш томонга етаклаб, инсонни жониворлик ҳаёти ва унинг хусусиятларидан озод этиб инсоний ҳаёт ва унинг хусусиятларига етказади.

4. Бошқа одамларни ва уларнинг даражаларини танимоқ: Кимки, инсоний нафснинг ҳақиқатини таниса, инсониятни ва унинг қадр-қиймати, хусусиятлари, камолоти ва айбу нуқсонларини ҳам танияжакдир. Ва бундай билим ва маърифат кишининг инсониятга ва инсоний қадр-қийматини ҳурмат қилиш ва эъзозлашига, ўз тоифадошлари учун ҳаракат қилишига, комил кишиларнинг камолотидан баҳра олишига, нуқсонли кишиларнинг айбу нуқсонини бартараф этиш йўлида тиришишига ҳамда бошқаларга нисбатан фидокорлик ва жонкуярлик қилишига сабаб бўлади. Агар бунинг акси бўлса, яъни шахс инсон ўлароқ, ўз нафсининг қадр-қийматини билмаса, инсониятнинг қадр-қийматини ҳам билмайди. Шунда ҳар бир нарса унинг назарида қардсиз ва аҳамиятсиз бўлиб кўринади, ҳаётни мақсадсиз деб ўйлайди ва борлиқнинг қадр-қиймати, борлиқнинг инъомлари унинг назарида кичкина ва арзимас бўлиб кўринади. Шунда мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) айтганларидек бўлади:

قال الإمام أمير المؤمنين عليٌّ عليه السلام: «من جهل قدره، جهل كلّ قدر»

«Кимки ўз қадр-қийматини билмаса, ҳеч бир қадр-қийматни билмагай».

Шунингдек, андоза ва қадриятларни билмаслик атеистик ва пессимистик фалсафаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Бинобарин, инсон нафсини унга инъом қилинган хусусиятлар ва унга боғлиқ шаън-мартабалари билан танимоқлик инсониятни улуғлаш ва эъзозлаш ҳамда инсонларни, инсоний жамиятларни ва умум халқларни юқори баҳолаш учун восита бўлиб, бадбинона (пессимистик) ва дунёни пуч ва бемаъно деб талқин қилувчи қарашларни рад этиш учун кучли асос ва таянчиқдир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.