Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Қўлга киритилиши керак бўлган илм ва маърифат турлари ҳақида (2)

Қўлга киритилиши керак бўлган илм ва маърифат турлари ҳақида (2)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

2. Худони танимоқ;

Нафсни таниш ва ўзни англашнинг энг катта ва энг муҳим фойдаларидан бири Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони таниш бўлиб, бунинг учун энг яхши восита ва энг мукаммал сабаб ҳисобланади. Нафсни таниш ва ўзни англаш орқали Тангри таолони танишнинг икки йўли бор:

1. Инсоний нафс ва руҳ ҳақиқий (объектив) ва комил бир мавжуд бўлгани сабаб, бундай ғаройиб ва ғалати хусусиятларга эга бўлган нафсни таниш ва англаш унинг яратувчисини таниб олишни талаб қилади. Айниқса, агар бу маърифат ва англаш инсон нафсида мавжуд бўлган сифатлар ва фазилатларнинг энг буюги, яъни ер юзида Худонинг жонишини ва вориси эканлиги, унинг замири ва ботинида яширинган ҳайратланарли ва буюк белги-нишоналар борлиги билан боғлиқ бўлса.

2. Инсоний нафс ва руҳ илоҳий моҳият ва раббоний яратилишга эга бўлгани ва малакутий оламдан эканлиги ҳамда Яратган Парвадигорнинг сифатлари унда намоён бўлган ойна каби бўлгани учун агар инсон ўз нафсини шу йўсинда таниса ва англаб етса, шунда ботиний (ички) йўллар ва ҳақиқий билимлар унга очилади, одамлар ва ҳатто кўплаб олим ва мутафаккирлар билим ва маърифат деб ўйлаган ўй-хаёллар ва тасаввурлардан қутулади ва илму маърифатнинг ҳақиқий даражасига етишади ва бунинг натижасида бутун борлиқнинг негизи бўлмиш Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони таний бошлайди ҳамда жаҳондаги ҳақиқатларни ва борлиқнинг универсал объектларини кўради ва унинг кўзидан пардалар кўтарилади. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилади:

سَنُرِيهِمْ آيَاتِنَا فِي الْآفَاقِ وَفِي أَنفُسِهِمْ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُ الْحَقُّ

«Биз оят-белгиларимизни уфқларда ҳам, ўз нафсларида ҳам уларга кўрсатурмиз. Токи, уларга Аллоҳ (ва Унинг томонидан юборилган нарсалар)нинг ҳақлиги равшан бўлсин». (Фуссилат сураси, 53-оят)

Баъзи бир ҳадисларда ҳам Аллоҳни танимоқчи бўлсанг, аввал ўзингни таниб ол, деб айтилган. Мисол тариқасида, ушбу ҳадисни кўриб чиқамиз:

قال النَّبيُّ صلَّي الله عليه وآله وسلَّم: «مَنْ عَرَفَ نَفسَهُ فَقَدْ عَرَفَ رَبَّهُ»

«Ким ўзини таниса, Роббини ҳам танийди».

Манба: Биҳорул-анвор, 2-жилд, 32-бет, 22-ҳадис.

Шундай қилиб, бу ҳадисга диққат қилсак, шундай савол туғилади: Нимага ва қандай қилиб ўзини таниган одам Яратган Парвардигорини ҳам таниши мумкин?

Биз бу ўринда мазкур саволга жавоб бериш учун кўплаб бошқа ҳадис ва тафсирлардан келтиришимиз мумкин, аммо сизларни толиқтирмаслик учун қисқа ва лўнда қилиб жавоб бермоқчимиз:

Сиз ўзингизга бир назар ташланг, ақл эгаси ўлароқ, гўзалликни севасиз, эзгулик ва яхшиликни хуш кўрасиз ва … хуллас, нима яхши хусусият ва фазилатларингиз бўлса, билингки, бу гўзал хислатлар сизни яратган Эгангизда тўла ва чексиз ҳолда мавжуд ва мужассамдир.

Энди ўзингиздаги бошқа хислатларга назар солинг. Сиз овқатга, кийим-кечакка, ёрдамга ва ҳоказолар … хуллас, нимагадир муҳтожсиз. Билингки, Аллоҳ ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган Зотдир. Сизнинг яратувчингиз бор, аммо Унинг эса яратгувчиси йўқ! Сиз ота-онасиз дунёга кела олмас эдингиз, аммо У эса туғмаган ва туғилмагандир. Хуллас, ўзингизда қандай заифлик ва камчилик кўрсангиз, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони бундай камчиликлардан пок ва муназзаҳ деб билинг, шундагина чиндан ҳам Раббингизни таний оласиз. Бу эса юқоридаги ҳадиснинг оддий тафсиридир.

قال الإمام أمير المؤمنين عليٌّ عليه السلام: «غَايَةُ المَعرفَةِ، أَن يَعرِفَ المَرْءُ نَفسه»

«Илму маърифатнинг энг асосий мақсади киши ўзини танишидир».

Манба: Ғурарул-ҳикам, 222-ҳадис.

قال النَّبيُّ صَلَّى الله عليه وآله وسلَّم: «أَعْرَفُكُم بِنَفسِهِ أَعْرَفُكُم بِرَبِّهِ»

«Ўз нафсини энг кўп танувчиронғингиз Раббини энг кўп таниганингиздир».

Манба: Жомиъул ахбор, 35-бет, 12-ҳадис.

رُوِيَ في بَعْضِ الأَخبارِ أنَّهُ دَخَلَ عَلَي رَسُولِ اللهِ صَلَّى الله عليه وآله رَجُلٌ اسمُهُ مُجاشِعٌ، فَقالَ: يا رَسُولَ اللهِ، كَيْفَ الطَّريقُ إِلَى مَعْرِفَةِ الحَقِّ؟ فَقَالَ صَلَّى الله عليه وآله : مَعْرِفَةُ النَّفْسِ

Баъзи ҳадисларда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига Мужошиъ исмли бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳақни (Аллоҳ таолони) танишнинг йўли қандай?», – деб сўради. Шунда ул зот дедилар: «(Аллоҳни танишнинг энг яхши йўли) ўз нафсингни танишдир».

Манба: Биҳорул-анвор, 70-жилд, 72-бет, 23-ҳадис; Аволил-олий, 1-жилд, 246-бет, 1-ҳадис.

Демак, ўзингизни ва ўз нафсингизни қанча ва қай даражада танисангиз, Худони ҳам шу даражада танигайсиз!

Энди энг юқори нуқта ва чўққига, энг юксак ва якуний мақсадга ва орзу қилинган комилликка етдик, десак бўлади. Зероки, барча билим ва маърифатлар, ҳамма саъй-ҳаракатлар ва кўзланган мақсадлар ушбу олий мақсад ва юқори ҳадафга, яъни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони танишга ва Унга бўлган илму маърифатга бориб етади. Бу энг юқори маърифат, энг олий камолот, саодатлилик ва бахтлиликнинг ягона сабаби, яратилиш мақсади ва борлиқ коинотда вужудга келган ва мавжуд бўлган ҳамма нарсанинг ҳикматидир. Бу борада қуйидаги ояти каримани кўздан кечирамиз:

وَكَأَيِّن مِّنْ آيَةٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَمُرُّونَ عَلَيْهَا وَهُمْ عَنْهَا مُعْرِضُونَ ﴿١٠٥

«Улар осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят-белгилар ёнидан юз ўгирган ҳолларида ўтурлар». (Юсуф сураси, 105-оят)

Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, куч-қудратига, бошқарув ва тадбирига, билувчи ва донолигига ва бошқа камолотли сифатларига далолат қилувчи кўплаб оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин кўп одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Улардан ибратланиб, ваъз-насиҳат ва керакли ўгит олмайдилар ва шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.

Бу борада мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) шундай марҳамат қилганлар:

قال الإمام أمير المؤمنين عليٌّ عليه السلام: «مَا أَكْثَرَ الْعِبَرَ وَأَقَلَّ الِاعْتِبَارَ!»

«Нақадар ибрат саҳналари кўп ва ибрат олиш жуда оз».

Манба: Наҳжул Балоға, 297-ҳикмат.

Ул зот Аллоҳ таолони таниш ва Унга нисбатан маърифатни касб этиш хусусида шундай деганлар:

قال الإمام أمير المؤمنين عليٌّ عليه السلام: «أوَّلُ الدِّينِ مَعرِفَتُهُ، و كمالُ مَعرِفَتِهِ التَّصديقُ بِهِ، و كمالُ التَّصديقِ بِهِ تَوحيدُهُ»

«Диннинг аввали Худони танишдир ва Уни танишнинг мукаммаллиги Унинг Зоти Покини тасдиқлашдир ва Уни тасдиқлашнинг мукаммаллиги Уни яккаю ягона деб билишдир».

Манба: Наҳжул Балоға, 1-хутба.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.