Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Муслим ибн Ақилнинг икки ўғили тарихи ҳақида

Муслим ибн Ақилнинг икки ўғили тарихи ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ 

Муслим ибн Ақилнинг Иброҳим ва Муҳаммад исмли икки ўғли бор бўлиб, улар ўн ёшдан кичик эди. Муҳаммад Иброҳимдан каттароқ эди. Ушбу икки гўдакнинг шаҳид бўлиши тўғрисида Тарих саҳифаларида шундай дейилади;

Иброҳим ва Муҳаммад отаси Муслим ибн Ақил билан бирга Куфага келишган эди. Улар яширин ҳолда юрар эдилар. Ҳазрат Муслим ибн Ақил хатарни ҳис қилганларидан кейин Шурайҳ исмли қозига Муҳаммад билан Иброҳимни топшириб: «Уларга меҳрибонлик қилгин», – деб айтадилар. Шурайҳ уларни ўз уйида Муслим ибн Ақил шаҳид бўлгунга қадар сақлайди.

Ибн Зиёд: «Кимда-ким Куфада Муслим ибн Ақилнинг ўғилларидан хабардор бўлиб, бизга хабар бермаса, унинг қонини тўкиш биз учун раводир», – деб гап тарқатди.

Шурайҳ ушбу гапни эшитгач, у икки бола олдига келиб уларга ўзининг муҳаббати чексизлигини айтиб йиғлади. У икки бола: «эй Шурайҳ, нега йиғлаябсан?», – дейишди.

Шурайҳ: «Сизларнинг отангизни ўлдиришибди», – деди.

Бу гапни эшитган Муслим ибн Ақилнинг болалари фарёд солиб жуда қаттиқ йиғлашди: «Во Ҳасратоҳ, Во Ғурбатоҳ», деб баланд овозда фарёд этиб йиғлашди.

Шурайҳ уларни юпатиб тинчитишга уринди. Шундан сўнг у Ибн Зиёднинг эълонини уларга айтди. Бу иккала гўдак бу гапни эшитиб қўрқишди ва жим бўлишди. Шурайҳ уларга: «Сизлар кўзимнинг нури ва қалбимнинг мевасисиз. Мен ҳеч қачон Ибн Зиёд ёки унинг лашкарларидан бирортаси сизларга қўл узатишига йўл қўймайман. Мақсадим сизларни бир ишончли одам қўлига топшириб, Мадинаи Мунаввара томон равона қилишдир», – деди.

Шурайҳ у икки болани ўпиб уларга эллик динордан пул берди-да, улар билан хайрлашиб ярим кечаси ўзининг ўғли Асад билан у болаларни елкасида кўтариб, шаҳар четига олиб борди. Куфа шаҳридан бир неча келометр узоқлашдилар, лекин карвон ўтадиган жойга етиб борганларида карвон ўтиб кетган экан. Асад уларга: «Карвон ўтиб кетибди, унинг шарпаси узоқдан кўринаяпди. Сизлар тезроқ унинг ортидан боринглар, етиб оласизлар. Йўлда тўхтаб қолманглар», – деди ва болалар билан хайрлашиб уйига қайтди.

У икки бола қоронғу кечада биёбонда тез ҳаракат қилиб югурардилар, токи бир манзилга келиб чарчаб тўхтадилар. Шу вақтда Куфалик бир шахс уларни кўриб қолди ва уларни Ибн Зиёд ҳузурига олиб келди. Ибн Зиёд зиндонбонни чақириб, бу икки гўдакни унга топширди. Зиндонбон Машкур исмли шахс бўлиб, у Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадонининг дўстларидан эди.

У болаларни зиндонда таниганидан кейин уларга ўзининг чексиз муҳаббатини билдириб, қўлидан келгунча меҳрибонлик ва яхшилик қилди. Зиндонбон уларга таом ва сув олиб келар ва шу қадар уларга ўз муҳаббатини кўрсатдики, оқибат уларни зиндондан озод этди ва у икки болани Куфа шаҳридан ташқарига олиб чиқиб ўзининг узугини уларга берди-да: «Мана бу йўлдан боринглар, «Қодисия» деган жойга етиб борганингизда ўзингизни менинг у ердаги биродаримга таништирингиз. Сизлар унга бу узукни кўрсатсангиз, у сизларга ишонади ва сизларга Мадинаи Мунаввара йўлини кўрсатади. Мадинага етиб боришингизда сизларга ёрдам қилади», – деди.

Иброҳим ва Муҳаммад кечаси Куфадан чиқиб Қодисия томонга йўл олдилар, лекин улар йўлни билмаганлиги ва қоронғу бўлганлиги учун эрталабгача йўл юриб, тонг вақтида ўзларини Куфа шаҳри атрофида кўрдилар. Қўрққанларидан хурмозорга кирдилар ва хурмо дарахтига чиқиб ўзларини беркитдилар.

Шу вақтда бир ҳабаш [қора танли] каниз ўша жойдаги оқиб турган сувдан ичишга келиб, ногаҳон сувда икки боланинг расмини кўриб қолди. Тепага қараса дарахт устида икки бола ўтирганини кўрди. Улар чиройининг баҳоси йўқ эди. Каниз уларга нисбатан меҳрибонлик қилди ва улар дарахтдан ерга тушдилар. Каниз уларни ўз уйига олиб борди. Бу икки болани топиб олганлиги хабарини ўз эгасининг хоними (Ҳориснинг аёли)га айди. У аёл уларни кўрганида, ўз оғушига олди ва уларни ўпиб улардан: «Сизлар кимсизлар», – деб сўради.

Улар: «Биз ҳазрат Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) авлодлариданмиз ва Муслим ибн Ақилнинг фарзандларимиз», – дейишди. У аёл уларни таниганидан сўнг уларга кўпроқ ўз ҳурмат ва муҳаббатини кўрсатди. Болаларга овқат ва сув олиб келди. Хурсандлигидан канизини оғушига олиб унга: «Менинг эримга бу икки боланинг хабарини айтма», – деди. Чунки, аёл ўз эрининг бир фосиқ киши эканлигини яхши биларди.

Бошқа томондан эса зиндонбон Машкур Муслим ибн Ақилнинг болаларини озод этганлиги хабари Убайдуллоҳ ибн Зиёдга етиб боргач, Ибн Зиёд зиндонбонга беш юз дарра [қамчи] уришни буюрди. Зиндонбон дарралар остида Аллоҳга муножот қилди-ю, жон берди.

Иброҳим ва Муҳаммад овқатланиб сув ичиб, уларга кўрсатилган жойда ухладилар. Ярим кечаси бўлганда уйнинг эгаси Ҳорис ибн Урва ўз уйига келди. Аммо жуда ғазабланган ҳолда эди. Унинг аёли ундан: «Нимага ғамгинсиз», – деб сўради.

Ҳорис хотинига жавобан: «Ибн Зиёднинг қасри ёнида эдим, бир эълон қилувчининг зиндонбон Машкур Муслим ибн Ақилнинг болаларини озод этганмиш, уларни топиб Ибн Зиёд ҳузурига олиб келган кишига улкан мукофот беришини ва унинг қандай мушкули бўлса, ҳаммасини осон қилиб таъминлашини айтаётганини эшитдим ва шуни эшитганимдан буён Куфанинг бирорта кучаси қолмай у икки болани изладим, охир-оқибат отимнинг қорни дамлаб қолди ва мени кўтара олмаганидан узоқ масофадан пиёда келдим. Оч қолиб, чарчаб келдим», – деди.

Хотини унга: «Сизнинг ҳолингизга вой бўлсин! Аллоҳ ва Унинг Расули Муҳаммад (с.а.о) билан учрашадиган кундан қўрқинг. Ўзингизни болаларга жабру ситам қилишдан тийинг», – деди.

Ҳорис: «Эй аёл, овозинг чиқмасин. Агар уларни топсам, амир Ибн Зиёд ҳузурига олиб бораман. Зероки, амир менга кўплаб молу мулк ҳамда кумуш ва олтинлар беради. Ўрнингдан тур, менга овқат ва сув олиб келгин», – деди.

Хотини унга овқат олиб келди. Ҳорис овқатни тановул қилди-да, ўз ўрнига бориб ухлади.

Аммо Муҳаммад билан Иброҳим иккаласи бошқа бир уйда ухлаган эдилар. Ногаҳон каттароқ ёшдаги Муҳаммад уйқудан уйғониб укаси Иброҳимга: «Ўрнингдан тур, мен сенга ҳозир кўрган тушимни айтиб берай», – деди. Кўрган тушимдан ўйлайманки, эй биродарим, тез вақтда ўлдириламиз. Расулуллоҳ (с.а.о)ни жаннатнинг бир жойида кўрдим. Ул ҳазрат атрофидагилар билан жамланиб ўтиришган эдилар ва отамиз Муслим ибн Ақил ҳам ўша жойда эдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бизларга қараб йиғладилар-да, отамиз Муслим ибн Ақилга қараб: «Қандай ўз болаларингни душман ўртасида қўйиб келиш юрагинга сиғди», – дедилар. Отамиз Муслим ибн Ақил ул ҳазратга: «Улар эртага бизнинг ёнимизга келишади», – деб жавоб бердилар.

Иброҳим: «Мен ҳам худди шу тушни кўрдим», – деди. Шу вақтда бу иккала бола қаттиқ йиғлаб бир-бирларини қучоқлар ва бир-бирларини ҳидлашар эди.

Бу икки боланинг суҳбатларини эшитиб Ҳорис уйқудан уйғонди-да, дарҳол қўлига шам олиб уйларни бирма-бир излашга тушди. Муҳаммад ва Иброҳим олдига келди ва уларни бир-бирини қучоқлаётган ҳолда кўриб: «Сизлар кимсизлар ва бу ерда нима қилябсизлар», – деди.

Болалар: «Биз сизнинг меҳмонингизмиз, Пайғамбарнинг авлодиданмиз, Муслим ибн Ақилнинг фарзандимиз», – дейишди.

Ҳорис: «Мен ўзимни ва отимни сизларни топиш учун ҳалок қилдим, сизлар эса менинг уйимда экансизлар», – дея болаларни қаттиқ калтаклади. Сўнгра уларни елкама-елка боғлаб хонанинг бурчагига қўйди.

Ҳориснинг хотини келиб эрининг қўли ва оёғини ўпиб: «Болаларга азият-озор бермангбу икки бола отасиз етим қолган ва жуда кичик ёшдалар, қолаверса улар Пайғамбарнинг яқинларидан бўлиб, бизнинг меҳмонимиздирлар. Улардан қўлингизни тортинг», – деб ёлворарди.

Лекин бағри тош, раҳм-шафқатсиз ва зулкор Ҳорис ўз аёлининг илтимосига эътибор қилмай, болаларни эрталабгача ўша хонанинг бурчагида қолдирди. Эрталаб Ҳорис қиличини олиб уйида хизмат қиладиган қулини ҳам ўзига ҳамроҳ қилиб, болаларни Фурот дарёсининг бўйига олиб борди. Ҳориснинг аёли уларнинг ортидан йиғлаб югурар ва у болаларга яқинлашганида Ҳорис қиличи билан уни қайтарар эди.

Ҳорис қиличини ғуломига [қулига] бериб: «Бу икки боланинг бошини танасидан жудо қилгин», – деди. Ҳориснинг ғуломи унинг айтганини бажармай, унга бўйсунмади ва шу сабабли Ҳорис уни ўлдирди.

Шундан сўнг Ҳорис қилични ўзининг ўғлига бериб, унга ҳам болаларни бошини танасидан жудо қилишни буюрди. Ўғли унга: «Бунақа ишга қўл уришдан Аллоҳнинг Ўзи сақласин, уларни ўлдиришга йўл қўймайман ҳам», – деди.

Ҳориснинг хотини: «Бу икки бола нима гуноҳ қилишди, уларни тирик ҳолда амир Ибн Зиёд олдига олиб боринг», – деди.

Ҳорис: «Уларни ўлдиришдан бошқа йўл йўқ. Агар уларни тирик ҳолда амир ёнига олиб борадиган бўлсам, шиалар уларни йўлда кўриб қолиб мендан олмаслигига аниқ ишончим йўқ», – деди.

Шундан кейин Ҳорис шафқатсизларча ўрнидан туриб қиличини қинидан чиқарди-да, ўз ўғлини ўлдиришга аҳд қилди. Ҳар қанча Ҳориснинг аёли фарёд этиб унга ёлвормасин, фойда бўлмади. Натижада, Ҳорис ўз ўғлини ўлдирди. Кейин навбат болаларга келди. Ҳорис болаларга юзланганида, болалар титраб йиғлар ва: «Эй Ҳорис, Бизларга икки ракаъат намоз ўқишга муҳлат бергин», – дердилар.

Тарих манбаларининг гувоҳлик беришича, Ҳорис уларга муҳлат бермади. Ҳорис болаларнинг ёши каттароғини, яъни Муҳамадни ўлдирмоқчи бўлганида, кичик ёшдаги Иброҳим ўзини қилич остига ташлади. Малъун Ҳорис аввал Муҳаммаднинг бошини танасидан жудо қилди ва унинг баданини эса Фурот дарёсига ирғитди. Шу вақтда Иброҳим ўрнидан туриб ўз биродарининг бошини олиб уни ўпар эди. Малъун Ҳорис у кичик болага ташланиб, унинг қўлидан акасининг бошини олиб четга қўйди-да, унинг бошини ҳам танасидан жудо қилди.

Оқибат, ҳазрат Муслим ибн Ақил (алайҳис салом)нинг кичик ўғли Иброҳимнинг ҳам боши баданидан жудо бўлди. Аллоҳнинг лаънатига учраган Ҳорис Иброҳимнинг жасадини ҳам Фурот дарёсига ирғитди. Бу икки мазлум болаларнинг бошларини ёнидаги халтасига солиб шошилган ҳолда Дорул-Имора [ҳокимлик қасри]га Ибн Зиёд ёнига борди-да, бу икки бошни унинг ҳузурига чиқариб қўйди.

Буни кўриб Ибн Зиёд: «Бу бошлар кимники?», – деб сўради.

Ҳорис деди: «Душманнинг бошлари! Уларни топиб ўлдирдим-да, бошларини сизнинг ҳузурингизга олиб келдим, токи сиз берган ваъдангизга вафо қилиб, менга кўзлаган мукофотингизни берасиз деб».

Ибн Зиёд: «Қайси душманларим?», – деди. Ҳорис унга: «Муслим ибн Ақилнинг ўғиллари», – деди. Шунда Ибн Зиёднинг буйруғи билан болаларнинг кесилган бошларини ювиб покиза ҳолда бир тахта устига қўйиб, унинг ҳузурига олиб келишди. Шундан сўнг, Ибн Зиёд Ҳорисга юзланиб: «Ҳолингга вой бўлсин, Аллоҳдан қўрқмадингми бу икки гуноҳсиз болаларни ўлдирганингда?!», – деди.

Дарҳол Убайдуллоҳ ибн Зиёд ўзининг аскарлари орасидан Муқотил исмли шахсга: «Бу лаънати менинг рухсатимсиз бу икки болани ўлдирганлиги учун уни ўша болаларни ўлдирган жойга олиб боргин ва ўзинг истагандек уни ўлдиргин», деб буюрди. Муқотил Пайғамбар (с.а.о) Аҳли-Байтларини яхши кўрадиган ва ул зотларнинг дўстларидан эди.

Муқотил Ибн Зиёднинг буйруғидан жуда хурсанд бўлди ва Ҳориснинг қўлларини маҳкам боғлади-да, уни яланг оёғ ва боши очиқ ҳолда Куфанинг кўчаларидан олиб ўтди. Муслим ибн Ақил (алайҳис салом) болаларининг бошлари ҳам уларнинг ёнида эди. Муқотил Куфа кўчаларида: «Эй инсонлар, Бу шахс Муслим ибн Ақилнинг болаларини ўлдирган қотилдир!!», – деб фарёд солиб борарди.

«АЙЮҲАН-НАС ҲААЗА ҚОТИЛУС-САБИЙЯЙН»

«Эй одамлар, Бу шахс Муслим ибн Ақилнинг болаларини ўлдирган қотилдир!!».

Одамлар йиғлаб Ҳорисни лаънатлар эдилар ва кўпчилик Фурот дарёси бўйига йиғилишди. Ногаҳон у ерда икки одамнинг жасадини кўрдилар. Улардан бири Ҳориснинг ғуломи, яъни қули эди ва иккинчиси Ҳориснинг ўғли эди. У ерда узалиб ётган бир ярадор аёлни ҳам кўриб, Ҳориснинг ўта раҳмсиз ва шафқатсиз эканлигидан таажжуб қилардилар. Ҳорис Муқотилга: «Мени озод этсанг, ўн минг динор бераман», – деди.

Мақотил унга: «Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, агар дунёнинг ҳамма молу дунёси сенда бўлса-ю, сен уни менга берсанг ҳам, сени зинҳор озод этмайман. Мен сени ўлдириш билан жаннатга кирмоқчиман», – деди. Шундан сўнг Ҳориснинг қўл ва оёқларини баданидан жудо қилиб, Фурот дарёсига отди, кўзларини эса уйиб олди, қулоқларини кесди ва қорнини ҳам тешди. Кейин эса одамлар Ҳориснинг нопок жасадини оловга ташладилар.

Манба: Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг «Амолий» асари, 19-бобида баён қилинган.

Бошқа тарихий манбаларга кўра, Ҳорис эрталаб болалар ёнига келиб ўзининг Фулайҳ исмли қулига: «Бу икки болани Фурот дарёси бўйига олиб бор ва уларнинг бошини танасидан жудо қилиб, бошларини менинг ёнимга олиб кел ва мен бу бошларни амир Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳузурига олиб бориб, ундан икки минг дирҳам мукофот оламан», – деди.

Ҳориснинг ғуломи [қули] у болаларни ўзи билан бирга Фурот дарёси бўйига олиб борди ва қиличини уларнинг бошини танасидан жудо қилишга тайёрлади. Шунда болалардан бири Ғуломга: «Баданинг қоралиги Пайғамбар (с.а.о)нинг муаззини Билолга ўхшар экан» – деди.

Ғулом бу сўздан ҳайратланиб уларга: «Мени мавлойим сизларни ўлдиришимни буюрган. Сизлар кимсизлар?», – деб сўради.

Улар: «Биз Пайғамбаринг авлодиданмиз ва Ибн Зиёднинг зиндонидан қочиб, бир қария аёлнинг меҳмони бўлдик. Энди мавлойинг бизни ўлдиришни истаяпти», – дейишди. Қора танли Ғулом уларни танигач, оёқларига йиқилиб оёқларини ўпиб: «Жоним сизларнинг жонингизга қурбон бўлсин, эй Муҳаммад Мустафонинг авлоди! Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, мен Қиёмат кунида Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ғазабини келтирадиган бирор ишни қилмайман», – деди. Ўз қиличини бир томонга ташлади ва ўзини эса Фурот дарёсига отди ва дарёнинг иккинчи қирғоғидан чиқди. Шунда Ҳорис унга: «Эй Ғулом, менинг фармонимни бажармайсанми?» -деди.

Ғулом унга: «Агар Аллоҳга итоатсизлик бўлмаса, мен сенга итоат қиламан, бироқ агар Аллоҳнинг фармонига бўйсунмасанг, мен сендан дунё ва охиратда безорман», – деди.

Ҳорис ўз Ғуломидан хафа бўлиб, ўзининг ўғлини ҳузурига чақирди. Унга ҳам ўз Ғуломига айтганидек, Муслим ибн Ақилнинг болаларини ўлдиришни буюрди. Ҳориснинг ўғли у икки болани олиб Фурот дарёси бўйига равона бўлди. Йўлда Муслим ибн Ақилнинг болалари унга: «Эй Йигит, сен шу ёшингда жаҳаннамнинг оловидан қўрқмайсанми», – дедилар.

Ҳориснинг ўғли уларга: «Кимсизлар», – деди.

Улар: «Биз Пайғамбаринг авлодиданмиз, сенинг отанг бизни ўлдиришни истайди», – дедилар.

Ҳориснинг ўғли у икки болани танигач, уларнинг оёқларига йиқилиб ўпарди. У ҳам ўша Ғулом айтган сўзларни айтиб, қиличини бир томонга ташлади ва ўзини Фурот дарёсига отди ва дарёнинг иккинчи қирғоғига ўтди. Шунда унинг отаси: «Эй ўғлим, менинг фармонимга бўйсунмайсанми?», – деди. Ўғли отасига: «Сизга итоат қилиб Аллоҳга итоат қилмаслигимдан кўра, Аллоҳга итоат қилиб сизга итоат қилмаслигим афзалдир», – деди.

Бу нопок ишни бажаришда ёлғиз қолганини кўрган Ҳорис: «Ўзимдан бошқа ҳеч ким уларни ўлдирмаслиги керак», – деди ва қиличини олиб болаларни олдига солиб Фурот дарёси бўйига олиб келди. Қиличини қинидан чиқарганини кўрган Муслим ибн Ақил болаларининг кўзлари ёшга тўлиб йиғлаган ҳолда Ҳорисга: «Бизни бозорга олиб бориб сотгин ва пулидан фойдалангин! Қиёмат куни Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ғазабини келтирадиган ишни қилма», – дейишди.

Ҳорис у икки болага: «Йўқ сизларни ўлдириб, бошларингизни амир Ибн Зиёднинг олдига олиб бориб ундан 2000 дирҳам мукофот оламан», – деди.

Болалар унга: «Эй Ҳорис, Расулуллоҳ билан қариндошчилигимиз борлиги учун бизга раҳм қилмайсанми?», – дейишди.

Ҳорис уларга: «Сизларнинг Расулуллоҳ билан қариндошчилигингиз йўқ», – деди.

Болалар унга: «Бизларни тирик ҳолда Ибн Зиёднинг олдига олиб боргин, токи у биз тўғримизда ҳукм чиқарсин», – дейишди.

Ҳорис уларга: «Ибн Зиёдга яқин бўлишим учун сизларнинг қонингизни тўкишдан бошқа чорам йўқ», – деди.

Болалар унга: «Бизнинг ёш болалигимизга раҳм қилмайсанми?», – дейишди.

Ҳорис уларга: «Ҳақ таоло менинг қалбимда сизларга нисбатан ҳеч қандай раҳм солмаган», – деди.

Болалар унга: «Энди бизни ўлдиришга қарор қилибсан, бизга бир неча ракъат намоз ўқишимиз учун рухсат бер», – дейишди.

Ҳорис уларга: «Сизларга фойда келтирадиган бўлса, истаганингизча намоз ўқинглар», – деди.

Болалар тўрт ракъат намоз ўқишди ва қўлларини осмонга баланд кўтариб: «Ё Ҳайю ё Ҳакийм, Ё Аҳкамал Ҳокимийн, Уҳкум байнанаа ва байнаҳу билҳақ» [Эй Тирик, эй Ҳикматли Зот, эй ҳукм қилувчиларнинг энг ҳукм қилувчиси бўлган Зот, биз билан унинг (Ҳориснинг) ўртасида Ҳақ ила ҳукм қил], – деб дуо қилишди.

Ҳорис дастлаб болаларнинг каттаси Муҳаммадга ташланиб, унинг бошини танасидан жудо қилди ва бошни қопга солди. Кейин у болаларнинг кичиги Иброҳимга ташланмоқчи бўлганида, бола ўзини акасининг жасади устига ташлаб ҳамма жойини акасининг қонига буяган ҳолда: «Пайғамбар (с.а.о)ни кўргунимга қадар баданим биродаримнинг қони билан алвондир», – дерди. Сўнг Ҳорис кичик болакайнинг ҳам бошини танасидан жудо қилди ва бошни қопга солди. Кейин эса у икки боланинг жасадини Фурот дарёсига ташлади.

Сўнгра уларнинг бошини тезда Ибн Зиёд ҳузурига олиб келди. Ибн Зиёд қўлидаги ишора қиладиган таёғи билан ўз тахтида ўтирган эди. Ҳорис у икки бошни Ибн Зиёд олдига қўйди. Ибн Зиёд бу бошларни кўрганида, уч марта ўрнидан туриб ўтирди ва Ҳорисга: «Вой бўлсин сенинг ҳолингга!! Сени бу гўдаклар билан нима ишинг бор эди», деди. Ҳорис бўлиб ўтган воқеани унга айтиб бергач, Ибн Зиёд ёнидаги бир кишига: «Ҳорисни Фурот дарёси бўйига болаларни ўлдирган жойига олиб бориб бошини танасидан жудо қилгин ва унинг бошини менинг ҳузуримга олиб келгин», деб буюрди.

Буюрилган одам ишни Ибн Зиёд айтганидек амалга оширди ва Ҳориснинг бошини олиб келди. Сўнгра унинг бошини найзанинг учига илиб қўйишди. Куфалик болалар унинг бошига тош ва найзалар отиб: «Бу Пайғамбар авлодининг қотилидир», – дейишарди.

Муслим ибн Ақил болаларининг дафн этилган макони

Муслим ибн Ақил болаларининг дафн этилган жойи Карбалодан 30 километр нарида жойлашган Мусаййиб шаҳри чеккасидаги «Тифлони Муслим» номли қишлоқдадир. Ушбу қишлоқ Фурот дарёси бўйида жойлашган бўлиб, ёнма йўл орқали Карбала-Боғдод асосий йўлига қўшилади.

Муслим ибн Ақил болаларининг мақбараси қурилганидан бугунга қадар жуда кўп ўзгаришларга дуч келган. Ушбу мақбара дастлаб бир боғнинг ўртасида жойлашган икки қабр шаклида бўлган. Шоҳ Исмоил Сафавий Боғдодни забт этгандан кейин уни қайта тиклаб унга икки гумбаз қурди.

Қожорийлар ҳукмронлиги даврида Муслим ибн Ақил болаларининг мақбараси янада кенгайтирилди. Қожор вазирларидан бири мақбаранинг ён-атрофида зиёратчилар учун айвонлар ва дам олиш жойларини қуриб, гумбазларни кафел билан қоплади. Ундан кейин ҳам, эронлик баъзи савдогарлар мақбарани таъмирлаб, кенгайтиришди.

Муслим ибн Ақил болаларининг мақбараси фируза кафеллар билан қопланган икки гумбазга эга. Мақбаранинг асосий эшиги катта саҳнга [ҳовлига] очилади ва ҳовлининг кириш эшиги рўпарасида тўртбурчак шаклида ёпиқ айвон бор бўлиб, унинг иккала томонида ҳам пойафзал қўядиган жой мавжуд. Айвондан иккита эшик тўртбурчак шаклида бўлган зиёратгоҳ ичига олиб келади. Зиёратгоҳнинг ичида мақбара устига қурилган иккита панжара бор. Шарқий панжара Иброҳим ибн Муслимга ва ғарбий панжара эса Муҳаммад ибн Муслимга тегишлидир. Иккала зиёратгоҳ орасидаги масофа олти метрни ташкил қилади.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.