Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ислом динида ақида бобидаги турли йўналишларни ўрганиш кўпчиликка мушкул иш эмасми?!

Ислом динида ақида бобидаги турли йўналишларни ўрганиш кўпчиликка мушкул иш эмасми?!

Яна бир бор Ассалому алайкум. 

Ақида масаласида мусулмонларнинг кўплаб юналишлари мавжуд мутазила ашарий мотрудий шиа ва хокозо сиз айтганчалик чукур урганиш ва барча далилларни солиштириб чикиш хамда бир акидани танлаш кийин. Куплаб йиллар асрлар давомида не не уламолар бу масалада бахслар килганлар. Оллох субхана таолонинг сифатлари исмларини хар тоифа турлича тарифлашади. Биз оддий талабалар иккиланганимиздан Оллодан мадад сураймиз. Жавоб учун рахмат.

Ҳурмат билан
Расулбек

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Биродар.

Тўғри, шундай. Ислом оламида ақида масаласида мусулмонлар ўртасида кўплаб ихтилофлар юзага келган ва ҳижратнинг иккинчи асри аввалидан бошлаб турли ақидавий йўналишлар, жумладан ашъария, мўътизила, имомия, мотрудия ва аҳли ҳадис каби тоифалар пайдо бўлиб, ўзаро кўп илмий баҳс-мунозаралар қилганлар. Ва буларнинг ҳаммаси ўша замонда битилган ақида китобларида келтирилган. Лекин шунга қарамай, ҳақиқатни излаган кишилар учун Аллоҳнинг сўнгги каломи бўлмиш Қуръони Каримда керакли кўрсатмалар берилган. Уларнинг айримларини бу ерда кўздан кечирамиз:

فَبَشِّرْ عِبَادِ ﴿١٧﴾‏ الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ ۚ أُولَٰئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّهُ ۖ وَأُولَٰئِكَ هُمْ أُولُو الْأَلْبَابِ ﴿١٨﴾

«Бас, [эй Муҳаммад (с.а.в)] Менинг шундай бандаларимга хушхабар бергинки, улар турли сўзни эшитиб, унинг энг гўзалига [яъни саодат ва нажот сари элтгувчи тўғри сўз ва ақидага] эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир». (Зумар сураси, 17 ва 18-оятлар)

Ушбу ояти каримага биноан, ҳар бир инсон Аллоҳ таолонинг ҳидояти ва Унинг улкан хушхабарига ноил бўлиш учун албатта, турли сўз ва ақидаларни ақл чироғининг раҳнамолигида тафаккур юритиб қиёслаган ҳолда ўрганиб чиқиши ва натижада уларнинг энг гўзалига, яъни саодат ва нажот сари элтгувчи тўғри сўз ва ақидани танлаб, унга эгашиши зарур. Шундагина у Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳидоят қилган ва ақл эгаси бўлган банда бўлади. Бунинг учун инсон доим ҳаракат ва изланишда бўлиб, тиришқоқлик билан илм ўрганишда давом этавериши ва зинҳор саъй-ҳаракатдан тўхтамаслиги керак. Демак, «барча далилларни солиштириб чиқиш ҳамда бир ақидани танлаш қийин. Кўплаб йиллар асрлар давомида не не уламолар бу масалада бахслар қилганлар» деган мантиқ асосида илм ўрганиш ва изланишдан тўхтаб қолиш ҳамда асл масаланинг ечимини топиш ўрнига уни ўчириб ташлаб майдондан қочиб кетиш тўғри иш эмас.

Кимки, саодат ва нажот сари элтгувчи энг гўзал сўз бўлмиш тўғри ақидани холис ният ва тиришқоқлик билан қўлга киритиш учун имкони борича баҳоли қурдат ўз саъй-ҳаракатини қилса, шак-шубҳасиз, Аллоҳ таоло ўзи ваъда берганидек уни ҳидоят йўлига солади. Бутун борлиқнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли каломида бу ҳақда шундай марҳамат қилган:

﴿وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا ۚ وَإِنَّ اللَّهَ لَمَعَ الْمُحْسِنِينَ﴾‏

«Бизнинг [йўлимизда холис ният билан] жиҳод қилган – бор куч-қуввати билан тиришган кишиларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу амал қилгувчилар билан биргадир» (Анкабут сураси, 69-оят)

«Оллох субхана таолонинг сифатлари исмларини хар тоифа турлича тарифлашади» деган фикр-мулоҳазага келса, ушбу масала ҳақида турли ақидавий йўналишдаги илоҳиётчи олимлар томонидан етти ёки саккиз фикр ва қараш илгари сурилган бўлиб, уларни ақл чироғининг раҳнамолиги ёғдусида далил-исботлари билан ўзаро солиштирган ҳолда ўрганиб чиқиш ва натижада бир хулосага келиш сиз айтгандек амалга ошириб бўлмайдиган қийин иш эмас. Балки олий ҳиммат ва кучли ғайрат билан Аллоҳ таолога таваккул қилиб амалга ошириш мумкин, иншо Аллоҳ.

Шу ўринда бир аччиқ ҳақиқатга тўхталиб ўтишимиз керак. У ҳам бўлса, ислом оламида мусулмонлар ўртасида юзага келган кўпгина ихтилоф ва тортишувларнинг асл сабаби, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилган ҳақиқий илм эгалари бўлмиш зикр аҳлининг теран илмидан фойдаланмаслик бўлган:

﴿فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴾

«Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар». (Наҳл сураси, 43-оят ҳамда Анбиё сураси, 7-оят)

Оятдаги зикр аҳлидан мурод аҳли илмлар экани тафсир китобларида айтилган. Шак-шубҳасиз, ҳақиқий ва теран илм соҳиби бўлмиш Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) аҳли илмларнинг бошида туришлари ва ул ҳазратдан кейин Ислом умматининг ҳақиқий аҳли илмлари Сарвари оламнинг Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки имом ва пешво эканлиги шак-шубҳасиздир. Таассуфки, Ислом уммати юзага келган кўплаб ақидавий масалалардаги ихтилоф ва тортишувларда ушбу ҳақиқий аҳли илмлардан фойдаланиш ўрнига саёз илм эгалари бўлган бошқа шахсларга юзланишган. Натижада ихтилофлар доираси мусулмонлар орасида кенгайиб бораверди ва турли ақидавий йўналишлар ва оқимлар пайдо бўла бошлади.

Энди теран илм соҳиби бўлган ҳақиқий аҳли илмларни чуқур таниб, уларга эргашишимиз учун Аллоҳнинг Ўзидан мадад сўраймиз ва бу ҳақда ушбу мақолани ўқиб чиқишни сизги тавсия этамиз: 

https://najotkemasi.net/2016/02/men-ilm-sha-ri-bulsam-ali-uning-eshigidi.html

  • Эҳтиром ила:

  • Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.