Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / ИСЛОМ ДИНИНИНГ МАЪНО-МОҲИЯТИ ҲАҚИДА-1

ИСЛОМ ДИНИНИНГ МАЪНО-МОҲИЯТИ ҲАҚИДА-1

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ислом барча замонларнинг ва ҳамма умматларнинг динидир. Илгариги пайғамбарларнинг дини сингари муайян аср ва маълум замонларгагина чекланган муваққат дин эмас. Ислом динига қадар барча пайғамбарлар маълум бир замонгача юборилган бўлсалар, аммо пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қиёматга қадар боқий бир шариат келтириб, барча пайғамбарларнинг охиргиси ва якунловчисидирлар. Исломдан кейин бошқа шариат келмайди. Қуръони Каримдан сўнг бошқа илоҳий китоб тушмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин бошқа пайғамбар келмайди.

Ислом ҳеч бир замон ёки маконга чекланиб ва чегараланиб қолмаган бир дин бўлгани боис, қиёмат кунига қадар барча маконлар, бутун халқлар ва миллат-элатлар ва ҳамма табақадаги инсонларга тегишли бўлган диндир. Бошқа таъбир билан айтганда, Ислом дини Аллоҳ таоло томонидан барча миллатлар, жинслар, халқлар ва табақаларга баробар ҳолда юборилган кенг қамровли умумий бир диндир.

Ислом Аллоҳнинг «танланган халқи», деб айтиладиган айрим халқларнинг дини эмас, балки бутун инсоният ҳаётининг ҳамма томонларини қамраб олган, инсоннинг бутун борлиғини ўз ичига олган ва Аллоҳ таоло наздида мақбул бўлган ягона диндир.

Ислом Ернинг барча иқлимларини ўзига бўйсундириш ва барча бойликларни талашни шарт қилиб олган муайян бир қавмнинг дини ҳам эмас, балки Ер юзининг барча минтақаларида мислсиз адолат ва ҳурриятни жорий қилувчи ягона диндир.

Ислом бошқа табақаларни ўз манфаати ва хоҳиш-истагига бўйсундиришни кўзлаган камбағал ё бойнинг, кучли ё кучсизнинг ва умуман муайян бир табақа ёки синфнинг дини эмас, балки ҳамма миллат-элат ва табақалар ўртасида тенглик-тотувликни ўрнатувчи ҳамда барча дунё ва охират ишларини қамраб олувчи улуғ ва юксак бир диндир.

Ислом инсоннинг руҳи қолиб жисм-танасининг, жисми қолиб руҳининг ёки ҳис-туйғулари қолиб, фақат фикри ва ақлининг дини эмас, балки Ислом инсоннинг бутун борлиғи ва вужуди – руҳи ва ақлини, жисму танасини ақл-идроки ва замирини ҳамда иродаси ва виждони ҳидоят, бахт-саодат ва нажот сари йўналтирувчи холис диндир. Ислом ҳар бир инсоннинг ҳамда дунёдаги барча комил инсонларнинг динидир.

Ислом уммати ушбу илоҳий ва ҳаётбахш дин ила шарафланган ва улуғланган бўлиб, бу динга ҳар доим содиқ қолишга байъат берган ҳамда асрлар оша бу динни бутун инсониятга етказишга вазифадор ва бурчли бўлган саодатманд умматдир.

Умматларнинг энг улуғи, сараси ва юксаги Ислом умматидир. Умматларнинг йўлбошчиси, бутун инсониятга намуна-ўрнак бўладигани ва бошқа инсонларни эргаштирадигани ҳам Ислом умматидир. Умматларнинг энг илғори, афзали ва собитқадами ҳам Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримда:

﴿كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ ۗ﴾

«Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Зеро сизлар яхши ишларга буюриб, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз». (Оли Имрон сураси, 110-оят), деб марҳамат қилган.

Бу шарафланган ва эъзозланган умматнинг китоби Аллоҳ таолонинг сўнгги мўъжизавий каломи Қуръони Каримдир. Ушбу илоҳий китоб пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) орқали бутун инсониятга туширилган нуроний ва ҳаётбахш кўрсатмалардир. Унинг ҳукм ва таълимотлари қиёматгача амалда бўладиган ва ақлларни лол қолдирадиган Қуръони Каримдир. Таврот, Забур ва Инжил каби аввалги самовий китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилиб ва уларга қўшимчалар киритилиб асл ҳолатидан узоқлаштириб юборилган бўлса-да, бироқ Қуръони Каримни қиёматгача ҳатто бирор ҳарфи ўзгармасдан асл ҳолатида сақлаб қолишни Аллоҳ таолонинг Ўзи ваъда бериб, бу улкан ишни Ўз зиммасига олган.

Бу умматнинг пайғамбари Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳозиргача тарих кўриб, ўзида битиб қолдирган барча пайғамбарларнинг энг афзали ва шарафлисидир. Бу буюк зот бутун инсониятга йўлбошчи ўлароқ, Аллоҳ таоло томонидан танланган коинот сарвари ва фахри ҳамда инсонларнинг энг афзали ва комили, мусулмонларнинг қиёматдаги шафоатчиси ва Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг энг сўнггисидир.

Бу умматнинг ҳатто қибласини ҳам Аллоҳ таоло дунёдаги энг афзал қибла қилиб қўйган. Қибламиз бўлмиш Каъба ер куррасидаги қуруқликнинг қоқ марказида ва заминнинг энг баракотли ва муқаддас бир ерида жойлашганини ҳатто мусулмон бўлмаган олимлар ҳам тан олиб ўз асарларида ёзишди ва бундан кейин ҳам ёзишади.

Ислом дини инсонларнинг бир-бирларига бўлган ҳақ-ҳуқуқларидан тортиб, жамиятдаги муносабатларнинг ҳамма қирраларини ўз ичига олади ва уларни тўғри томонга йўналтиради. Инсонлар ҳаётининг бирор соҳаси йўқки, у соҳага Ислом дини кириб бормаган бўлса. Инсонлар жамиятининг бирор муаммоси йўқки, Ислом уни ҳал қилиб бермаган бўлса.

Ислом дини иймон ва куфрни, яхши ва ёмонни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаб беради. У фарзандни қандай эмизишдан тортиб, дунёдан ўтган кишини қандай дафн этишгача, вафот этган киши қолдирган меросни қандай тақсимлашдан тортиб, етимлар ҳаққини ҳимоялашгача, жониворларни қандай овлашдан тортиб, уй ҳайвонларини қандай сўйишгача, ота-онага қандай ҳурмат кўрсатишдан тортиб, бемордан қандай ҳол-аҳвол сўрашгача, қандай кийим кийинишдан тортиб, қандай еб-ичишгача, қандай олди-сотди қилишдан тортиб, қўшни билан қандай муносабатда бўлишгача ва ҳоказо – ҳамма нарсани ўз ичига қамраб олган кенг қамровли диндир. Ҳаётбахш динимиз аралашмаган, ислоҳ қилмаган, таъсир ўтказмаган, муносабат билдирмаган бирор соҳанинг, ҳатто энг майда-чуйда нарсанинг ўзи йўқ.

Ҳаётбахш ва нуроний кўрсатмаларга эга бўлган Ислом шундай бир динки, ўз номига муносиб равишда бутун халқларни адолат ва яхшилик қилиш, раҳмдил ва меҳр-шафқатли бўлиш, мўътадиллик ва эзгуликка чақириб, зулму-истибдод, фасод-бузуқлик, ёмонлик, душманлик ва тажовузкорликдан қайтаради.

Ислом шундай динки, мусулмонлар у ёқда турсин, ҳатто ўзга дин ва ўзга эътиқоддаги миллат вакилларига нисбатан мурувват ва мардоналик кўрсатишга, бутун халқлар ўртасида тенглик ва аҳилликка ҳамда одамлар билан алоқа қилганда, ўзаро ҳурмат-иззат кўрсатишга чақириб, аёллар шаънини кўтаради.

Ислом шунда бир динки, инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари – шарафли ва инсоний ҳаёт кечириш, одамларнинг обрў-ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлашда озод бўлиш, тафаккур юритиш ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, барча инсонлар ўртасида тенглик ўрнатиш, туғилгандан бошлаб ҳур ва озод бўлиш, одил муҳокама ва судлов, эркин сафар қилиш ва кўчиш, уйланиб оила қуриш, барча ишларда ислоҳотлар қилиш ҳамда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳуқуқларини кафолатлайди.

Ислом динига эргашиб, унинг ақийда, шариат, ибодат, одоб-ахлоқ каби кўрсатмаларига, асосларига, арконларига ва вожибларига амал қилиш – Аллоҳга бўлган иймоннинг шартидир. Ким бу айтилганларни қабул қилса, мусулмон ҳисобланади ва уни рад этган эса, ислом динидан ташқарида бўлади.

Ислом ўзининг нуроний таълимотлари билан чин фитрий инсонлигимизга қайтишга имкон яратади. У иймонимизни асровчи, хасталикдан қутқарувчи ва турмуш тарзи билан ҳаёт уммонидан сузиб ўтишга имкон берадиган нажот кемасидир. Ислом Аллоҳ юборган динлар ичида хотимаси-энг охиргиси, қиёматгача барча замонлар, маконлар ва жамиятлар талабига тўлиқ ва баробар жавоб бера оладиган, бахт-саодат ва нажот сари етаклайдиган ягона диндир. Ислом дини «Илгариги пайғамбарлар фақат ўз қавмига пайғамбар этиб юборилганди, мен эса ер юзидаги барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим», дея баралла эълон қилган хотамул-анбиё Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га туширилган илоҳий диндир.

Абдуллоҳ ибн Ҳузаймани Рим империяси ҳукмдори ўз динига даъват қилганида, агар унинг динига киришга кўнса, дунё молининг ярмини ва қизини бермоқчи бўлганида ушбу таклифни рад этишига ва иймонини сақлаб қолиш учун қизиб турган қозонга ташланишига рози қилдирган ҳам Ислом дини эди.

Демак, Аллоҳнинг Каломини қанчалик кўп такрор ўқисак, ўргансак, эшитсак, Аллоҳ азза ва жаллага шунчалик яқин бўламиз. Маъносини тушунмай ўқиганга шунчалик мартаба бўлса, тушуниб ўқиганларга қанчалик бўлишини ўзингиз тасаввур этинг.

Ҳа, Қуръони Карим мўъжизалари тугамайдиган бирдан-бир китобдир. Зотан, у барча мўъжизаларнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ таолонинг Китоби бўлганидан кейин, шундоқ бўлади-да!

Қуръони Каримнинг каттаю кичик мўъжизаларига дунуё халқлари ўн беш асрдан бери тан бериб келмоқда. Инсоният ақлий даражаси камол топган сари Қуръони Каримнинг янгидан-янги ҳайратланарли томонларини англаб етмоқда. Сўзимизга биргина мисол келтирамиз. Электрон ҳисоблаш машиналари чиқиб, ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиш осон ва атрофлича ўрганиб олиш имкониятлари яралгач, Қуръони Карим ҳам ўша машиналарга солиб ўрганиб чиқилди. Натижада, Қуръони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва оятлари – ҳамма-ҳаммаси ҳисобли экани маълум бўлди. Ана ўша ҳисоб асосида маънодош ва зид маъноли сўзлар ҳамда бошқа турдаги калималар қиёсланиб, кутилмаган хулосалар юзага чиқди. Охир-оқибат, Қуръоннинг математик мўъжизаларини ўрганувчи соҳа пайдо бўлди ва уламоларимиз бу борада ҳам китоблар ёза бошладилар.

Сўзимиз ниҳоясида бешинчи пешвоимиз ҳазрати Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) дан ривоят қилинган ҳадисни тақдим этамиз. Ул ҳазрат шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло дунёни дўстга ҳам, душманга ҳам бераверади. Аммо динни фақат дўстига беради».

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.