Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Билим ва маърифат касб этишни умумийлаштириш ҳақида

Билим ва маърифат касб этишни умумийлаштириш ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Билим ва маърифат касб этишни умумийлаштириш керак. Токи, ҳамма ундан баҳраманд бўлсин.

Ислом дини илм ва маърифатни кенг ёйишга тарғиб ва тавсия қилган. Токи, илм ва маърифат одамлар ва жамият орасида кенг тарқалсин. Чунки, умум халқнинг тушуниш ва фаҳмлаш даражасининг юқорига кўтарилиши илм ва маърифатнинг умумийлашишига боғлиқдир. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилади:

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا كَافَّةً لِّلنَّاسِ بَشِيرًا وَنَذِيرًا وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ ﴿٢٨

«Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар». (Сабаъ сураси, 28-оят)

قال النَّبيُّ صلَّي الله عليه وآله وسلَّم: «أربعة تلزم كلَّ ذي حجى و عقل من أمّتى. قيل: يا رسول اللَّه ما هنّ؟ قال: استماع العلم، و حفظه، و نشره، و العمل به»

Умматимдан бўлган ҳар бир ақл ва идрок эгасига тўрт нарса зарурдир: Эй Расулуллоҳ, улар нима? – деб сўралди. Ул зот дедилар: «Илмни тингламоқ, уни ёд олмоқ, (халқ орасида) уни ёймоқ ва унга амал қилмоқ».

Манба: Туҳафул уқул, 46-бет.

Қўлга киритилган билим ва маърифат ҳис-туйғу ва қалб билан алоқадор бўлиши керак.

Инсоннинг билим ва маърифати ҳис-туйғу ва қалб билан ўзаро боғлиқ ва алоқадор бўлиши керак. Токи, инсон ўзининг ақл-идроки билан тушуниб, қалби билан хоҳласин ва натижада тушуниб фаҳмлаган нарсасини ҳис қилган ва ёқтирган нарсаси билан бирга аралаштирсин. Шу тартибда, инсон қуруқ тушуниш ва юзаки фаҳмлашдан узоқлашади. Ақл ва унинг кўрсатмалари қалб билан боғлиқ ва алоқадор бўлгандагина инсоннинг бутун вужудига сингади ва инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб, покиза ва нуроний яшаш сари етаклайди. Биз иймонли инсонларнинг ҳаётида кўрганимиз ёрқин ҳаракатлар, буюк ишлар ва улкан фидокорликлар мана шундай ақл билан қалб ва ҳис-туйғунинг ўзаро боғлиқ ва алоқадор бўлишидан юзага келган. Бу борада Қуръони Каримнинг қуйидаги оятини келтирамиз:

وَإِذَا سَمِعُوا مَا أُنزِلَ إِلَى الرَّسُولِ تَرَىٰ أَعْيُنَهُمْ تَفِيضُ مِنَ الدَّمْعِ مِمَّا عَرَفُوا مِنَ الْحَقِّ ۖ يَقُولُونَ رَبَّنَا آمَنَّا فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ ﴿٨٣

«Улар (иймонли инсонлар) Пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръон оятларини) эшитганларида ҳақни таниганлари сабабли кўзларидан ёш оқаётганини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин» дейдилар» (Моида сураси, 83-оят).

Демак, бундан маълум бўладики, фақат ақл юритиш билан кифояланмай, ақл билан қалб ва ҳис-туйғу ўртасида алоқа ва боғлиқлик яратмоқлик даркор. Бу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

قال النَّبيُّ صلَّي الله عليه وآله وسلَّم: «عوِّدوا قلوبكم الرِّقَّة، و أكثروا التفكُّرَ»

«Қалбларингизни мулойимлик ва меҳрибонликка одатлантиринглар ва кўп фикр юритинглар».

Манба: Биҳорул анвор, 73-жилд, 81-бет.

Шуни билишимиз керакки, билим ва маърифат аста-секинлик билан юзага келади. Шунга кўра, билим ва маърифатни қўлга киритиш учун изчил ва бардавом ҳолда изланиш кераклиги алоҳида таъкидланган. Токи, шахс шу йўл билан мумкин бўлган энг юқори даражадаги илм ва маърифатга ета олсин. Ва албатта, бу аста-секинлик ҳаракатга асосланган табиатнинг яратилишидан келиб чиққан бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳикмат, донолик ва тадбирига мувофиқдир.

Яна шуни билишимиз керакки, инсондаги билим ва маърифат икки қисмдан иборат: биринчиси яратилишдаги илоҳий табиатга асосланган, инсоннинг фитрат ва замиридан келиб чиққан «фитрий илм» бўлса, иккинчиси эса ўрганиш ва изланиш йўли билан қўлга киритилган «иктисобий (касбий) илм»дир. Фитрий маърифат, илм ва тажриба орқали, ташқи воқелик ва ҳақиқатлар билан алоқада бўлиш, илоҳий оятлар устида тафаккур ва тадаббур қилиш, уфқлар ва жонларга чуқур назар солиш билан такомил топиб ошади. Буларнинг ҳаммаси инсондаги кучларнинг такомиллашишига олиб келиб, унинг қобилият ва истеъдодларини «қувва» ва «имкон» ҳолатидан чиқариб, «куч» ва «феъл»га айлантиради.

Фитрий маърифат бир неча қисмдан иборат. Жумладан: Тангри таолони таниш ва Унга етиш учун йўл қидириш. Бошқаси нафсни, унинг хусусият ва қобилиятларини танимоқ ҳамда нафснинг яхшиликлари билан ёмонликларини бир-биридан ажрата олиш. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилган:

فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا ﴿٨

«Бас, У [Аллоҳ таоло] нафсга фисқ-фужурини [ёмонликларини] ҳам, тақвосини [яхшиликларини] ҳам илҳом қилди [билдирди]». (Шамс сураси, 8-оят)

Яна бири эса ҳақ ва ботилни танимоқликдир. Агар инсонда фитрий илм ва маърифат бўлмаганда эди, иктисобий илм билан Аллоҳ таолони, нафсни, ҳақ ва ботилни танимоқлик инсонга мумкин бўлмасди.

Олган билим ва маърифатимизнинг натижаси эса иймон-ишонч, ҳаракат ва амал, нафс ва ўзни тузатиш, жамиятни ислоҳ қилиш, қийинчилик ва машаққатларни енгиш ва ҳоказолар бўлиши зарур.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.