Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Билим ва маърифат тажриба билан такомил топади

Билим ва маърифат тажриба билан такомил топади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қачонки инсон бирор илмни қўлга киритса, унга амал қилиши ва уни субъектив ҳолатдан, онгдан объектив борлиққа, ташқи оламга кўчириши керак. Субъектив билим ва тушунчалар, онгдаги маълумотлар ҳаракат ва амал босқичида объектив борлиқ ва реалликлар билан тўқнашади ва бу тўқнашувдан янги маърифат ва билим юзага келади. Ва бу ўша тажрибадир.

Ушбу тажриба янги билимни юзага чиқариб, унга амал қилишни инсондан талаб қилади. Демак, илм-маърифат ва амал бир-бирига доимий равишда таъсир кўрсатади. Субъектив билим ва маърифат амал қилиш билан объектив билимга айланади ва инсон шу услубда воқелик ва ҳақиқатни ҳамда унинг шаклларини англаб олади. Ва амал қилишдан келиб чиққан бундай объектив билимлар янги бир илмни натижа беради.

Ва бу жараён шу тартибда тажриба қилиш мумкин бўлган нарсаларда давом этади.

Шунингдек, илм-маърифат доимо иймон ва амал билан бирга бўлиши керак. Агар улар бир-бирларидан ажралсалар, унда шахс бутун қўлга киритган билим ва маърифати билан йўлдан адашиб тубанликка учрайди.

Дин ва илм-маърифат бир-бирлари билан боғлиқ эканлиги равшандир. Агар билим ва маърифат тўғри бўлса, тўғри йўлдан қўлга киритилган бўлса, жаҳолат ва ҳою ҳавасга эргашиш уни булғамаган бўлса, унда бундай илм-маърифат иймон ва эътиқоддан сира ажралмагай. Инсон бир нарсани билган ва унинг тўғрилигига аниқ ишонган пайтда унга иймон келтиради. Демак, иймон илм-маърифатдан кейин ҳосил бўладиган нарсадир. Агар иймон бу айтганларимиздан эмас, бошқа йўл билан қўлга киритилган бўлса, унда қатъий ва бошқарувчи бўлмайди. Шунинг учун Ислом дини фикрлаш ва ақл юритишга қайта-қайта чақирганини ҳамда мусулмонлардан мустақил ҳолда шахсан ақл юритиб ижтиҳод ва тиришиш билан дин асосларини қабул қилишларини сўраганини кўрамиз.

Ислом усули дин, яъни дин асосларида тақлид қилишни жоиз деб билмайди, лекин фуруъи динда, яъни шариат аҳкомларида тақлид қилишга буюрган. Ҳатто фуруъи диннинг тамойилларида ҳам ижтиҳод қилинади, яъни инсоннинг ўзи уларни билиб олиши ҳамда уларнинг ҳикмат, натижаларини ва улардан кўзланган мақсадни тушуниб етиши зарурдир. Демак, тақлид қилиш тушуниб етиш асосидаги фаръий амаллар ва уларнинг тафсилотига тегишли, уларнинг тамойилларига эмас. Бу борада Қуръони Каримнинг қуйидаги оятини кўздан кечирамиз:

لَّـٰكِنِ الرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ مِنْهُمْ وَالْمُؤْمِنُونَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنزِلَ مِن قَبْلِكَ ۚ وَالْمُقِيمِينَ الصَّلَاةَ ۚ وَالْمُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَالْمُؤْمِنُونَ بِاللَّـهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ أُولَـٰئِكَ سَنُؤْتِيهِمْ أَجْرًا عَظِيمًا ﴿١٦٢

«Лекин улардан илмда теранлашган зотлар ва мўминлар сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирурлар. Хусусан, намозни барпо қилувчилар, закот берувчилар, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчилар ҳам. Ана ўшаларга, албатта, улуғ ажр-мукофот беражакмиз». (Нисо сураси, 162-оят)

Ушбу мавзуга доир ҳадиси шарифларни кўздан кечирсак:

قال النَّبيُّ صلَّي الله عليه وآله وسلَّم: «إنَّما يُدْرَكُ الخيرُ كُلُّه بالعَقل، ولا دينَ لِمَن لا عَقْلَ لَه»

«Яхшилик тамомила ақл-идрок билан қўлга киритилади ва ақли бўлмаганнинг дини ҳам бўлмас».

Манба: Туҳафул-уқул, 44-бет.

قال أبو عبد الله عليه السلام: «من كان عاقلاً، كان له دين»

«Кимки ақлли бўлса, унинг дини бўлур».

Манба: Сиқатул-Ислом Кулайний, ал-Кофий, 1-жилд, 11-бет.

Билим ва амалнинг ўзаро боғликлиги

Шунингдек, илм-маърифат билан амал ва ҳаракат бир-биридан ажралмас эканини, балки ўзаро боғлиқлиги ва узлуксизлигини кўрамиз. Зероки, инсон бир нарсани тушуниб етса ва унга ишонч ҳосил қилса, уни амалга ошириш учун ҳаракат қилади ва оёққа туриб ишга киришади. Амал-ҳаракат ва йўналишни талаб қилмайдиган билим, ҳақиқий билим ва маърифат эмас, балки иккиланиш ва шубҳа туғдирадиган аралашма ва ноаниқ бир нарсадир. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилган:

أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنسَوْنَ أَنفُسَكُمْ وَأَنتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَ ۚ أَفَلَا تَعْقِلُونَ ﴿٤٤

«Одамларни яхшиликка буюриб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, сизлар [Аллоҳнинг юборган] Китоби [бўлмиш Таврот ва Инжил]ни тиловат қиласизлар. Ақлингизни ишга солмайсизларми?!» (Бақара сураси, 44-оят)

Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) тақводорлар хислатлари ҳақида айтадилар:

قال الامام عليٌّ عليه السلام: «كفى بالعالم جهلاً أن ينافي علمه عمله».

«Олимнинг илми унинг амалига зид келиши унинг жоҳиллиги учун етарлидир»

Манба: Ғурарул ҳикам, 243-ҳадис.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.