Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Қўлга киритилиши керак бўлган илм ва маърифат турлари ҳақида (4-1)

Қўлга киритилиши керак бўлган илм ва маърифат турлари ҳақида (4-1)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

4. Аллоҳнинг ҳужжатларини танимоқ;

Аллоҳнинг инсонларга ато этган ҳужжати икки қисмдан иборат:

I. Ботиний (ички) ҳужжат;

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг инсонларга ато этган ботиний ҳужжати ақл бўлиб, унинг ўрни ва аҳамиятини билиб ва таниб олиш учун қуйидаги ояти карималар ва маълумотларни ўрганиб чиқамиз:

كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ اللَّـهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ ﴿٢٤٢

«Аллоҳ шундай қилиб сизларга Ўз оятларини баён этади. Шоядки ақл юритсангиз [ушбу оятлар устида ақл юритиб тўғри ва ҳақ йўлни топиб олсангиз]» (Бақара сураси; 242-оят).

أَفَمَن يَعْلَمُ أَنَّمَا أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ الْحَقُّ كَمَنْ هُوَ أَعْمَىٰ ۚ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ ﴿١٩

«Сенга Раббингдан нозил қилинган нарса албатта, ҳақ эканини биладиган киши (қалб ва ақл кўзи) кўр одамга ўхшармиди? Шубҳасиз, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Раъд сураси; 19-оят).

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ ﴿٩

«(Эй элчимиз Муҳаммад) айтгин: «Биладиган зотлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми?!» Шубҳасиз, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар». (Зумар сураси, 9-оят)

Бу асосий масала, яъни ақл юритиш ҳақида жуда кўп оятлар келган бўлиб, уларнинг барчаси ақлга мурожаат қилишга, унинг қайноқ булоғидан фойдаланишга, яшашни ақлийлаштиришга ва ақл юритиш асосида хулоса чиқаришга тарғиб этиб қаттиқ таъкидлайди ҳамда ақлдан фойдаланмай четга суриб қўйишдан, унинг нидосини эшитмасликдан ва ақл кўрсатмаларига эргашмасликдан қаттиқ қайтаради.

Ушбу оятлар ҳақиқатни таниш ҳамда тўғри ва покиза ҳаёт кечириш тарзидан иборат ҳидоят йўлидан устувор ва мустаҳкам боришни ақлдан фойдаланиш ҳамда унинг кўрсатмалари ва йўналишларига боғлиқ деб билади. Ва бу инсоннинг уйғоқ фитрати (илоҳий табиати) қўллаб қувватлайдиган ҳақиқатдир. Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

قال النَّبيُّ صَلَّى الله عليه وآله وسلَّم: «ما عُبِدَ اللَّهُ بمثلِ العقل»

«Аллоҳ таоло ақл билан ибодат қилинганчалик ибодат қилинмаган».

Манба: Сафийнатул Биҳор, 2-жилд, 214-бет.

Пайғамбаримизнинг ушбу ҳадисларига биноан, энг юқори ибодат бу ақл юритиш билан қилинган ибодатдир.

1. Ақлни ишга солиш ва ундан фойдаланиш услуби;

Бу борада қуйидаги оят ва ҳадисни кўздан кечирамиз:

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لَّعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ ﴿٢

«Дарҳақиқат, Биз уни [бу Китобни фасоҳатли ва равшан маъноли] арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик, шоядки ақл юритсангиз» (Юсуф сураси; 2-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

قال النَّبيُّ صلَّي الله عليه وآله وسلَّم: «ما ادَّى العبدُ فرائضَ اللَّه حتَّى عقل عنه».

«Ҳар бир банда Аллоҳнинг фарзларини [кўрсатмаларини] уларнинг устида ақл юритиб тушунмагунча бажара олмайди».

Манба: Сиқатул-Ислом Кулайний, ал-Кофий, 1-жилд, 13-бет.

2. Ақлнинг ҳақиқати;

وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ ۖ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ ﴿٤٣

«Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Бироқ уларни доноларгина ақл юритишлари билан тушуниб етурлар» (Анкабут сураси; 43-оят).

Чиндан ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда келтирган мисолларни фақат илм эгалари бўлган доно кишиларгина ақл юритишлари билан тўла тушуниб етадилар ва улардан ўзларига ибрат оладилар.

Олтинчи пешвомиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) ақлнинг юксак мартабаси ҳақида айтадилар:

أبو عبدالله عليه السلام في جواب من قال له: ما العقل؟ قال: «العقل ما عبد به الرحمن واكتسب به الجنان»

Ақл нима? деб сўралган саволга дедилар: «Ақл шундай нарсаки, унинг билан Роҳман ибодат қилинади ва жаннат унинг билан касб этилади».

Манба: Сиқатул-Ислом Кулайний, ал-Кофий, 1-жилд, 11-бет.

Ул ҳазратнинг каломларига биноан, ақл ўша ички ва ботиний нур ва куч бўлиб, художўй инсонлар Аллоҳ таолони у билан ва унинг ёрдамида таниб, кейин эса Унга ибодат қиладилар. Ва солиҳлар ҳам ақл раҳнамолигида жаннат томон йўл оладилар.

3. Ақл – далил ва мезон;

Ақл ҳар бир ҳақиқат ва воқеликни ноҳақлик ва адашишдан ажратиб олиш учун далил ва мезондир. Бу борада айрим оят ва ҳадисларни кўздан кечирамиз:

أَفَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَتَكُونَ لَهُمْ قُلُوبٌ يَعْقِلُونَ بِهَا

«Ахир, ер юзида сайр қилиб юрмайдиларми, токи улар учун ақл юритадиган қалблар бўлсин» (Ҳаж сураси, 46-оят).

Пайғамбаримиз (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда айтадилар:

قال النَّبيُّ صلَّي الله عليه وآله وسلَّم: «العلم خليل المؤمن و العقل دليله».

«Илм мўмин кишининг дўстидир ва ақл эса унинг йўл кўрсатувчиси».

Манба: Туҳафул-уқул, 44-бет ва шунингдек, бу борада Усули Кофийнинг Ақл ва Жаҳл китобига 1-жилд, 10-29-бетларга мурожаат қилинг.

4. Ақлнинг Аллоҳ ҳужжатига ва унинг раҳнамолигига бўлган эҳтиёжи;

Ақл Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган ҳужжати, ҳақни ботилдан ва тўғрини эгридан ажратувчи ботиний нур ва мезон бўлишига қарамай, айрим ўринларда Пайғамбаримиз ва ул зотнинг наслларидан бўлган маъсум имомлардан иборат Аллоҳнинг бошқа ҳужжатларига эҳтиёж сезади. Бу борада Қуръоннинг қуйидаги оятларини кўздан кечирамиз:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا ۚ وَاتَّقُوا اللَّـهَ ۖ إِنَّ اللَّـهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

«Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар (унга амал қилинглар) ва у зот сизларни нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Ва Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ жазоси шиддатли зотдир.» (Ҳашр сураси; 7-оят).

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الْأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَيٰ اللّٰهِ وَالرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللّٰهِ وَالْيوْمِ الآخِرِ ذَلِكَ خَيرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا ﴿٥٩

«Эй, мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлмиш иш эгалари [раҳбарлар ва бошлиқлар]га итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарса борасида тортишиб қолсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринглар [улар айтганини қабул қилиб, шу тарзда иш юритинглар], агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир» (Нисо сураси, 59-оят).

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ ﴿٤٣

«Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан [илм эгаларидан] сўрангиз» (Наҳл сураси, 43-оят).

Ушбу оятнинг тафсирида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

قال النَّبيُّ صلَّي الله عليه وآله وسلَّم: «الذّكر أنا، و الأئمّة أهل الذّكر».

«Оятдаги зикр менман ва [менинг наслимдан бўлган] имомлар зикр аҳлидирлар».

Манба: Тафсири ал-Бурҳон, 2-жилд, 369-бет.

Саккизинчи пешвомиз имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) ҳам бу борада айтадилар:

قال أبو الحسن الرِّضا عليه السلام: «نحن أهل الذِّكر و نحن المسئولون».

«Биз зикр аҳлимиз ва [барча илмлар ва ҳақиқатлар] биздан сўралади».

Манба: Тафсири ал-Бурҳон, 2-жилд, 369 ва 370-бетлар ва шунингдек Усули Кофий китобининг 1-жилд, 168-174-бетларида бобул изтирор илал ҳужжат (Аллоҳнинг ҳужжатига бўлган эҳтиёж бобида) кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.