Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (1)

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (1)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ислом умматининг етмиш уч фирқага бўлиниши ҳамда улардан фақат бир тоифагина нажот топгувчи эканлиги ва қолганлар эса ҳалок бўлиши хусусида ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтганлар.

Шак-шубҳасиз, бизни эътиқодий масалаларни, хусусан, мазҳаб ва диний раҳнамолик, яъни имомат ва вилоят масаласини муҳокама қилишга ундайдиган омиллардан бири Ислом умматининг етмиш уч фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадисдир.

Аҳли суннатнинг ишончли ва мўътабар манбаларига асосан, Аҳли суннат мазҳабларининг ҳар бири ўзини нажот топувчи фирқа ва тоифа деб билади. Ашъарийлар биз нажот топувчи тоифамиз, дейишса, Мўътазила биз нажот топувчи тоифамиз, дейишади. Аҳли ҳадис бизлар нажот топувчи тоифамиз, дейди ва Мотрудийлар эса нажот топувчи тоифа биз бўламиз, дейишса, Ҳанбалийлар биз нажот топувчи мазҳабмиз, дейишади. Ваҳобийлар ҳам биз салафи солиҳлар йўлидан борганимиз учун биз фақат мусулмонмиз ва нажот топувчи тоифа ҳам биз бўламиз, деб айтишади. Демак, бутун сунний мазҳаблари ўзларини нажот топувчи тоифа, деб билишади. Аҳли суннат Абу Бакрнинг халифалигини қабул қилмаганларни кофирга чиқариб:

«Ким Абу Бакрнинг халифалиги ва имомлигини инкор қилса, у кофирдир», деб айтишган. Ҳатто Аҳли суннат мазҳаблари ўзаро бир-бирларини кофирга чиқаришган. Ҳанбалийлар Аҳли суннатнинг бошқа мазҳабларини рад этиб:

«من لم يكن حنبليًّا فليس بمسلم».

«Кимки Ҳанбалий бўлмаса, мусулмон эмас».[1]

Аҳли суннатнинг бошқа мазҳаблари ҳам ҳанбалийларнинг кофир эканлигини айтиб, уларни қуйидаги оятга ўхшатганлар:

﴿وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا﴾

«Сулаймон кофир бўлмади лекин шайтонлар [одамларга сеҳр ўргатиб,] кофир бўлишди». (Бақара сураси, 102-оят) Худди шундай Аҳмад ибн Ҳанбал кофир эмас эди, лекин унинг ҳамма тарафдорлари кофирдирлар.

Шунингдек, Аҳли суннат мазҳаблари, яъни шофеъийлар, моликийлар, ҳанафийлар ва ҳанбалийлар ўртасида кўп қонли тўқнашувлар ва қирғинбарот урушлар рўй бергани тарихда ёзилган. Шу боис, Аҳли суннатнинг баъзи йирик уламолари асосан Ислом уммати орасида нажот топувчи тоифа қайси бири эканлигини аниқлашнинг имкони йўқ, деб айтишади. Аҳли суннатнинг буюк уламоларидан бўлган Шотибий айтади:

«والحاصل أن تعيين هذه الفرقة الناجية في مثل زماننا صعب».

«Хулоса шуки, бизнинг замонамизда нажот топгувчи тоифани тайинлаш мушкул».[2]

Асрдош бўлган Аҳли суннатнинг буюк олимларидан бири Муҳаммад Абдуҳ бу ҳақда айтади:

«وأما تعيين أيِّ فرقةٍ هي النّاجية، أي التي تكون على ما كان النَّبيُّ عليه وأصحابه، فلم يتعين لي إلى الآن، فإنَّ كلَّ طائفة ممن يذعن لنبيِّنا بالرسالة، تجعل نفسها على ما كان عليه النَّبيُّ وأصحابه».

«Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зот саҳобаларининг йўлларидан борган нажот топгувчи тоифа кимлар экани ҳозиргача мен учун аниқлангани йўқ. Зероки, Пайғамбаримизнинг рисолатларини қабул қилиб бўйсунган ҳар бир тоифа ўзини Пайғамбар (с.а.в) ва у зот саҳобаларининг йўлини тутган деб билади».[3]

Ҳақиқатан ҳам, нажот топувчи тоифани аниқлаш жуда мушкул ва Муҳаммад Абдуҳнинг бу борада билдирган фикр-мулоҳазалари диққатга сазовор ва ўта ингичка масаладир. Зероки, Ҳанафийлар биз ўша нажот топувчи тоифа бўламиз, дейишса, Ҳанбалийлар уларнинг тутган йўли хато бўлиб, биз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва у зотнинг саҳобалари йўлидан борганмиз, дейишади. Ваҳобийлар эса ҳамманинг тутган йўли ботил ва нотўғри бўлиб, салафи солиҳларнинг йўлидан борган ҳақиқий мусулмон биз бўламиз ва биздан бошқа барча исломий мазҳаблар, ҳоҳ шиа бўлсин ёки сунний, ҳаммаси кофирдир. Демак, Ислом уммати орасида нажот топувчи тоифани аниқлаш ўта қалтис масаладир.

Биз дастлаб Саййидул анбиёнинг Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадисларини илмий-таҳлилий тарзда чуқур ўрганиб чиқамиз ва кейин эса ул ҳазратнинг ҳадисларида айтилган нажот топувчи тоифа билан ҳалок бўлувчи тоифанинг хусусиятларини ўрганиб чиқиб, мусулмонлар орасида нажот топувчи гуруҳ ким эканлигини аниқлашга ҳаракат қиламиз.

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг ривоятлари

Биринчи ривоят: Авф ибн Молик разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилади: Ул ҳазрат шундай деб марҳамат қиладилар:

عن عوف بن مالك رضي الله عنه عن النَّبيِّ صلَّى الله عليه [وآله] وسلَّم قال: تفترق أمتي على بضع وسبعين فرقةً أعظمها فتنةً على أمتي قومٌ يقيسون الأمور برأيهم فيُحِلُّون الحرامَ ويُحَرِّمُون الحلالَ.

«Менинг умматим етмиш неча фирқага бўлинади. Ушбу фирқаларнинг умматимга энг катта фитна уюштирадигани ўз раъй-фикрлари билан диний масалаларни қиёслайдиган тоифадир. Улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани қиёс қилиш ила ҳалол қиладилар ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани эса қиёс қилиш ила ҳаром қиладилар». [4]

Ҳоким Нисобурий ушбу ҳадис ҳақида айтади:

هذا حديثٌ صحيحٌ على شرط الشيخين و لم يُخْرِجَا

«Бу ҳадис Имом Бухорий ва Имом Муслим шарти бўйича саҳиҳ саналади, агарчи у иккаласи ушбу ҳадисни ривоят қилмаган бўлишса-да».[5]

Энди ўзингиз хулоса чиқаринг, шариат аҳкомларини истинбот қилишда, яъни қўлга киритишда шиалар раъй ва қиёсга амал қилишадими ёки ёки Аҳли суннатми?!

Ушбу ҳадисга кўра, шариат аҳкомларида раъй ва қиёсга амал қилиш Ислом умматида энг катта фитна қилиш ҳисобланган. Шиалар шариат аҳкомларида раъй ва қиёсга амал қилишни ҳаром деб билишади, лекин афсуски Аҳли суннатда раъй ва қиёсга амал қилинади.

Иккинчи ривоят: Ибн Можаҳ Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб айтадилар:

‏حَدَّثَنَا ‏عَمْرُو بْنُ عُثْمَانَ بْنِ سَعِيدِ بْنِ كَثِيرِ بْنِ دِينَارٍ الْحِمْصِيُّ ‏حَدَّثَنَا‏ ‏عَبَّادُ بْنُ يُوسُفَ‏ ‏حَدَّثَنَا ‏صَفْوَانُ بْنُ عَمْرٍو عَنْ رَاشِدِ بْنِ سَعْدٍ ‏عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ‏افْتَرَقَتْ ‏الْيَهُودُ عَلَى إِحْدَى وَسَبْعِينَ فِرْقَةً فَوَاحِدَةٌ فِي الْجَنَّةِ وَسَبْعُونَ فِي النَّارِ وَافْتَرَقَتْ النَّصَارَى عَلَى ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً فَإِحْدَى وَسَبْعُونَ فِي النَّارِ وَوَاحِدَةٌ فِي الْجَنَّةِ وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَتَفْتَرِقَنَّ أُمَّتِي عَلَى ثَلَاثٍ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً وَاحِدَةٌ فِي الْجَنَّةِ وَثِنْتَانِ وَسَبْعُونَ فِي النَّارِ قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَنْ هُمْ؟ قَالَ الْجَمَاعَةُ.

«Яҳудийлар етмиш бир фирқага бўлиндилар. Бас уларнинг бир тоифаси жаннатда ва қолган етмиш тоифаси дўзахдадир. Ва насронийлар эса етмиш икки фирқага бўлиндилар. Бас уларнинг етмиш бир фирқаси дўзахда ва бир тоифасигина жаннатда бўлур. Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, менинг умматим ҳам етмиш уч фирқага бўлинади. Улардан бир тоифагина жаннатда ва етмиш икки тоифа эса дўзахда бўлур. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, улар кимлар? Яъни дўзах оловига кирадиган ўша етмиш икки фирқа кимлар?», деб сўралди. Ул ҳазрат: «Жамоатдир, яъни кўпчиликдан иборат бўлганлардир», дедилар».[6]

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Сияру аълаамин-нубалааи», 17-жилд, 625-бет, яна ушбу муаллиф «Тазкиратул Ҳуффоз», 3-жилд, 1187-бет.

[2]. Шотибий, «Ал-Иътосом», 2-жилд, 255-бет.

[3]. Рашид Ризо «Тафсири ал-Манаар», 8-жилд, 221 ва 222-бетлар, иккинчи нашр.

[4]. Ушбу ҳадиснинг манбаи:

  • Ҳофиз Нуриддин Али ибн Абу Бакр ал-Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 1-жилд, 179-бет. Буюк Аҳли суннат олими ал-Ҳайсамий юқоридаги ҳадисни ривоят қилгач, ушбу ҳадисни ривоят қилган кишилар ишочли ва саҳиҳдир, деб айтади.
  • Табароний, «Ал-Мўъжамул Кабийр», 18-жилд, 51-бет.

[5]. Ҳоким Нисобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн», 4-жилд, 430-бет.

[6]. Ибн Можаҳ Қазвиний, «Сунани Ибн Можаҳ», Ал-Фитан китоби, Ифтироқул умам боби, 2-жилд, 1322-бет, 3992-ҳадис.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.