Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (2)

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (2)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Учинчи ривоят: Аҳли суннат биродарларимиз одатда ушбу ҳадиснинг учинчи ривотига алоҳида ихлос қўйиб, ўзларининг турли диний тадбирлари ва маърузаларида уни ўқийдилар. Термизий ўзининг «Ал-Жомиъул Кабийр» номли китобида ривоят қилишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қиладилар: 

‏حَدَّثَنَا ‏مَحْمُودُ بْنُ غَيْلَانَ ‏حَدَّثَنَا ‏أَبُو دَاوُدَ الْحَفَرِيُّ ‏عَنْ ‏سُفْيَانَ الثَّوْرِيِّ ‏عَنْ ‏عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ زِيَادٍ الْأَفْرِيقِيِّ ‏عَنْ ‏عَبْدِ اللَّهِ بْنِ يَزِيدَ ‏عَنْ ‏عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو ‏قَالَ ‏قَالَ رَسُولُ اللَّهِ ‏صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ‏لَيَأْتِيَنَّ عَلَى أُمَّتِي مَا أَتَى عَلَى ‏بَنِي إِسْرَائِيلَ ‏حَذْوَ ‏النَّعْلِ بِالنَّعْلِ … وَإِنَّ ‏بَنِي إِسْرَائِيلَ ‏تَفَرَّقَتْ عَلَى ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ مِلَّةً وَتَفْتَرِقُ أُمَّتِي عَلَى ثَلَاثٍ وَسَبْعِينَ مِلَّةً كُلُّهُمْ فِي النَّارِ إِلَّا مِلَّةً وَاحِدَةً قَالُوا وَمَنْ هِيَ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ مَا أَنَا عَلَيْهِ وَأَصْحَابِي.

«Бани Исроилнинг бошига тушган нарсалар бирма-бир менинг умматимнинг ҳам бошига келади… Бани Исроил етмиш икки фирқага бўлинган эди ва менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Бир гуруҳдан ташқари уларнинг ҳаммаси дўзах оловида бўлур». Шунда саҳобалар: Эй Аллоҳнинг Расули, ўша нажот топувчи бир тоифа кимлар? деб сўрашди. Ул ҳазрат: «Мен ва саҳобаларим йўлидан борган тоифадир», дедилар.[1]

Лекин Ҳоким Нисобурийнинг ривоятида эса Саййидул анбиё шундай марҳамат қилганлар:

مَا أَنَاْ عَلَيْهِ الْيَوْمَ وَأَصْحَابِي.

«Мен ва саҳобаларимнинг бугунги йўлидан борган тоифадир».[2]

Аҳли суннатнинг буюк олими Ҳофиз Нуриддин ал-Ҳайсамий ҳам ушбу ҳадисни шундай ривоят қилган:

تفترقُ أمَّتي على ثلاثٍ وسبعينَ فرقةً كُلُّهنَّ في النَّارِ إلَّا واحدةً قالوا وما تلك الفِرقةُ؟ قال: مَا أَنَاْ عَلَيْهِ الْيَوْمَ وَأَصْحَابِي.

«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтадилар: Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлинади. Бир тоифадан ташқари уларнинг ҳаммаси дўзах оловида бўлурлар». Шунда саҳобалар: Эй Аллоҳнинг Расули, ўша нажот топувчи бир тоифа кимлар? деб сўрашди. Ул ҳазрат: «Мен ва саҳобаларимнинг бугунги йўлидан борган тоифадир», дедилар».[3]

Табароний ҳам ушбу ҳадисни Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан худди шу мазмунда ривоят қилади:

تفترِقُ هذه الأُمَّةُ ثلاثةً وسبعينَ فِرْقةً كلُّها في النَّارِ إلَّا واحدةً قالوا وما تلكَ الفِرْقةُ؟ قال مَن كان على ما أنا عليه اليومَ وأصحابي.

«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтадилар: Бу уммат етмиш уч фирқага бўлинади. Бир тоифадан ташқари уларнинг ҳаммаси дўзах оловида бўлурлар». Шунда саҳобалар: Эй Аллоҳнинг Расули, ўша нажот топувчи бир тоифа кимлар? деб сўрашди. Ул ҳазрат: «Кимки мен ва саҳобаларим бугунги тутган йўлимиздан борса», дедилар».[4]

Юқоридаги ҳадиси шарифда саҳобалар Саййидул анбиёдан ушбу нажот топувчи тоифа ким деб сўрашганида, ул ҳазрат: «Кимки менинг ва саҳобаларнинг шу бугунги йўлимизни тутса, ўша нажот топувчи тоифадандир». Пайғамбаримиз (с.а.в) اليوم менинг бугунги йўлим, ўлимимдан кейинги эмас, деб қайд-шарт келтиришлари аниқ бир маънога ишорадир. Яъни ким менинг ва саҳобаларнинг бугунги юрган йўлига эргашса, у нажот топувчи тоифадандир. Бунинг маъноси, ул ҳазратнинг вафотларидан сўнг юзага келган ихтилоф ва келишмовчиликлар боис, саҳобалар орасида оғиш ва адашиш пайдо бўлган.

Албатта, бу ерда шуни таъкидлаш лозимки, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фақат Аллоҳ таоло томонидан ҳақ ва тўғри бўлган сўзни айтадилар, холос.

وَمَا يَنطِقُ عَنِ الْهَوَىٰ ﴿٣﴾‏ إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَىٰ ﴿٤﴾

«У [Пайғамбар] ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. Унинг сўзлари ваҳийдан ўзга нарса эмас» (Нажм сураси, 2 ва 3-оятлар).

У зотнинг ўзлари ҳам бу борада шундай марҳамат қилганлар:

والذي نفسي بيده لا يخرج من فيَّ إلَّا حَقٌّ

«Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, оғзимдан ҳақ сўздан бошқа нарса чиқмайди».

Агар мазкур ҳадисни чуқур таҳлил қилиб ўрганиб чиқадиган бўлсак, ушбу ҳадисга кўра, нажот топувчи тоифа пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазрат саҳобаларининг йўлини тутган кишилар бўлади, деган хулоса чиқарилади. У ҳолда ҳадиснинг ушбу маъно-мазмуни тарихий ҳақиқатга тўғри келмайди. Зеро, агар биз Аҳли суннат наздидаги Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим каби «Кутуби Сиҳоҳ»га, яъни Саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлган китобларга мурожаат қилиб, саҳобалар ҳақида келган ҳадисларни кўздан кечирсак, кимда-ким саҳобалар йўлини тутса, хоҳ Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларидаги саҳобалар бўлсин ёки у зотдан кейинги замонда яшаган саҳобалар бўлсин, нажот топувчи тоифадан бўлади деб айтиш ушбу ҳадисларнинг маъно-мазмунига мутлақо тўғри келмайди. Албатта, биз айтаётган ушбу даъвомизни исботлаш учун далилларни тақдим этамиз ва хулоса чиқаришни эса ўқувчиларнинг ўзига қўйиб берамиз.

Ушбу мавзуга доир далил-исботларни келтиришдан олдин бир ингичка масалага ишора қилмоқчимиз. Биз шиалар билан Аҳли суннат биродарларимиз ўртасидаги асосий фарқлардан бири – бу пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин кимга эргашиш ва кимнинг йўлини тутиш кераклиги ҳақидаги масаладир. Аҳли суннат биродарларимиз биз саҳобаларга эргашамиз ва уларнинг йўлларидан борамиз, деб эътиқод қилишади. Бироқ биз шиаларнинг эътиқоди эса Сарвари оламнинг Аҳли-Байтларига эргашиш ва у зотларнинг кўрсатган йўлларидан боришдир. Икки тоифа мусулмонлар ўртасидаги энг асосий фарқ ва ихтилофлар шу ердан келиб чиқади. Ҳатто имомат, хилофат ва ҳоказолар ҳақидаги баҳс-мунозаралар ҳам ушбу масалага асослангандир. Албатта, ушбу фарқ ва ихтилоф ақидавий масалада юзага келган бўлиб, икки тоифа мусулмонларнинг ғоявий қарашларидаги тафовутни кўрсатади. Лекин ушбу тафовут ва ихтилоф Аҳли суннат биродарларимизни кофир ва фосиққа чиқаришимизга сабаб бўлолмайди ва худди шундай улар ҳам бизни кофир ва фосиққа чиқаришларига сабаб бўлолмайди.

Энди эса нажот топувчи тоифа пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин ул зот саҳобаларининг йўлидан борган мусулмонлардан иборат деган ақида Аҳли суннатнинг «Сиҳоҳ» китобларида, яъни Саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлган китобларда келган ҳадисларга зид ва қарама-қарши эканлигини кўриб чиқамиз:

Саҳобаларнинг йўли билан Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг йўллари ўртасидаги зиддият:

Биринчи масала:

Аҳли суннат наздида Қуръони Каримдан сўнг энг мўътабар ва ишончли манба бўлган «Саҳиҳул Бухорий» китобида Уҳуд жанги борасида шундай ривоят қилинган: Буроъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади:

٣٠٣٩ – حَدَّثَنَا ‌عَمْرُو بْنُ خَالِدٍ: حَدَّثَنَا ‌زُهَيْرٌ حَدَّثَنَا ‌أَبُو إِسْحَاقَ قَالَ: سَمِعْتُ ‌الْبَرَاءَ بْنَ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا يُحَدِّثُ قَالَ: «جَعَلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى الرَّجَّالَةِ يَوْمَ أُحُدٍ وَكَانُوا خَمْسِينَ رَجُلًا عَبْدَ اللهِ بْنَ جُبَيْرٍ فَقَالَ: إِنْ رَأَيْتُمُونَا تَخْطَفُنَا الطَّيْرُ فَلَا تَبْرَحُوا مَكَانَكُمْ هَذَا حَتَّى أُرْسِلَ إِلَيْكُمْ، وَإِنْ رَأَيْتُمُونَا هَزَمْنَا الْقَوْمَ وَأَوْطَأْنَاهُمْ، فَلَا تَبْرَحُوا حَتَّى أُرْسِلَ إِلَيْكُمْ فَهَزَمُوهُمْ، قَالَ: فَأَنَا وَاللهِ رَأَيْتُ النِّسَاءَ يَشْتَدِدْنَ، قَدْ بَدَتْ خَلَاخِلُهُنَّ وَأَسْوُقُهُنَّ، رَافِعَاتٍ ثِيَابَهُنَّ، فَقَالَ أَصْحَابُ عَبْدِ اللهِ بْنِ جُبَيْرٍ: الْغَنِيمَةَ أَيْ قَوْمِ، الْغَنِيمَةَ، ظَهَرَ أَصْحَابُكُمْ، فَمَا تَنْتَظِرُونَ، فَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ جُبَيْرٍ: أَنَسِيتُمْ مَا قَالَ لَكُمْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ قَالُوا: وَاللهِ لَنَأْتِيَنَّ النَّاسَ فَلَنُصِيبَنَّ مِنَ الْغَنِيمَةِ، فَلَمَّا أَتَوْهُمْ صُرِفَتْ وُجُوهُهُمْ فَأَقْبَلُوا مُنْهَزِمِينَ، فَذَاكَ إِذْ يَدْعُوهُمُ الرَّسُولُ فِي أُخْرَاهُمْ، فَلَمْ يَبْقَ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ غَيْرُ اثْنَيْ عَشَرَ رَجُلًا.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Уҳуд куни Абдуллоҳ ибн Жубайрнинг қўмондонлиги остида эллик нафар ўқотарни Уҳуд тоғининг тепасига жойлаштириб дедилар: «Агар қушлар бизни юлиб олганини кўрсангиз ҳам, то сизларга хабар юбормагунимча, ўз жойингиздан қимирламанг ва агар бизни мушрикларни мағлуб этган ва уларни парчалаб юбораётган ҳолда кўрсангиз ҳам, то сизларга хабар юбормагунимча, ҳеч қаёққа қимирламанг!» Уруш бошланиб, мусулмонлар дастлаб ғолиб келиб, Макка мушрикларини мағлуб этдилар… Шунда мусулмонларнинг ғалаба қозонганини кўрган Абдуллоҳ ибн Жубайрнинг қўли остидаги эллик нафар ўқотар кишилар: «Эй одамлар, уруш ғанимати! Уруш ғанимати! Сафдошларингиз ғолиб келиб, жанг ғаниматини йиғмоқдалар! Сизлар нимани кутяпсиз?», дея бошлашди. Шунда улар уруш ғаниматини ўзларига йиғиб олиш мақсадида эгаллаб турган қалтис жойларини ташлаб кетмоқчи бўлганларида, Абдуллоҳ ибн Жубайр уларга: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сизларга нима деганларини унутдингизми?», деди. Улар унга жавобан: «Аллоҳга қасамки, биз ҳам одамларнинг олдига бориб, ғаниматдан баҳраманд бўлайлик», деб ўз жойларини тарк этиб, ўз қўмондонининг гапига қулоқ солмай, тоғдан пастга тушишди. Ушбу эллик нафар ўқ отар кишилар ғанимат йиғиб олиш учун мусулмонларнинг олдига пастга тушганларида ва мусулмонлар жанг ғаниматини йиғиб олиш билан банд бўлганларида, Макка мушриклари улар томон қайтиб келишди. Шунда Макка мушрикларининг қўмондонларидан бўлган Холид ибн Валид ушбу вазиятни кўриб, Уҳуд тоғининг довонли йўлидан айланиб ўтиб ўқотар кишиларнинг ўша бўшлиқ жойига кириб олиб, ғолиб мусулмонларни орқа томондан қира бошлашди. Шунда мусулмонлар мағлубиятга учраган ҳолларида ортга чекиниб жанг майдонидан қочишди. Ўшанда Пайғамбар (с.а.в) уларни орқаларидан чақирардилар ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга ўн икки кишидан бошқа ҳеч ким қолмади».[5]

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Абу Исо Термизий, «Ал-Жомиъул Кабийр», Абваабул иймаан: Маа жааъа фифтироқи ҳаазиҳил уммати, ҳадис рақами: 2641.

[2]. Ҳоким Нисобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн», 1-жилд, 122-бет.

[3]. Ҳофиз Нуриддин Али ибн Абу Бакр ал-Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 1-жилд, 194-бет.

[4]. Табароний, «Ал-Мўъжамул Авсат», 8-жилд, 22-бет, ҳадис рақами: 11061.

[5]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», Китобул-жиҳод вас-сайр, Бобу маа юкроҳу минаттанаазуъи вал-ихтилоф фил-ҳарб, 3039-ҳадис, 4-жилд, 65 ва 66-бетлар.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.