Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (3)

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (3)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Уҳуд урушида мусулмонлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг айтганларини қилмаганлари учун енгилгач, ул ҳазрат билан қолган 12 кишидан бошқа барча саҳобалар қочиб кетишди ва мусулмонлардан 70 нафар энг яхши кишилар, жумладан Сарвари оламнинг амакилари ҳазрати Ҳамза Саййидушшуҳадо шаҳид бўлишди.

«Саҳиҳул Бухорий»да ривоят қилинган бошқа бир ҳадисга кўра, Уҳуд жангида Ислом қўшини саҳобаларнинг Пайғамбар (с.а.в) кўрсатмаларига бўйсунмай, жанг ғаниматларини жамлашга киришишлари сабабли мағлубиятга учраши билан тугагач, саҳобалар Саййидул анбиёни ёлғиз ҳолда ташлаб қочиб, кофирларнинг қўлига топшириб қўйганликларидан ҳамда ўн икки кишидан бошқа ҳеч ким ул ҳазратнинг атрофларида қолмаганидан ул зот Аллоҳ таолога юзланиб дедилар:

اللَّهُمَّ إنِّي أعْتَذِرُ إلَيْكَ ممَّا صَنَعَ هَؤُلَاءِ، يَعْنِي المُسْلِمِينَ.

«Эй Аллоҳим, буларнинг [яъни мусулмонларнинг] қилган ножўя ишлари учун Сендан узр сўрайман».[1]

Энди ўзингиз айтинг-чи, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўрсатмаларига қарши чиққан ва у ҳазратнинг атрофларидан қочиб, у зотни жанг майдонида яккаю ёлғиз қолдирган бундай саҳобалар ҳақида ким уларнинг йўлидан юрса, нажот топувчи тоифа бўлади, деб айтиш мумкинми?

Иккинчи масала: Сулҳи Ҳудайбияда саҳобаларнинг Пайғамбар (с.а.в)га итоат қилмаслиги

Тарихда келган кўпгина маълумотларга кўра, Макка шаҳри атрофидаги Ҳудайбия деган жойда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Қурайш кофирлари билан сулҳ тузганларидан кейин Макка шаҳрига кирмай, Мадинага қайтиб боришга қарор қиладилар. Шунда Сарвари коинот саҳобаларига ҳаж амалларини бажармай туриб, ўзлари билан олиб келган қурбонликларини сўйиб, сочларини олиб эҳромдан чиқишни буюрадилар. Бироқ саҳобалардан ҳеч бир киши у зотнинг айтганларини қилмайди. «Саҳиҳул Бухорий»да бу ҳақда шундай ривоят қилинган:

قَالَ الزُّهْرِيُّ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِأَصْحَابِهِ: (قُومُوا فَانْحَرُوا ثُمَّ احْلِقُوا). قَالَ: فَوَاللَّهِ مَا قَامَ مِنْهُمْ رَجُلٌ حَتَّى قَالَ ذَلِكَ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، فَلَمَّا لَمْ يَقُمْ مِنْهُمْ أَحَدٌ دَخَلَ عَلَى أُمِّ سَلَمَةَ، فَذَكَرَ لَهَا مَا لَقِيَ مِنَ النَّاسِ.

Зуҳрий айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларига: «Ўринларингиздан туриб, қурбонлик қилинглар. Сўнгра сочингизни олинглар», дедилар. Зуҳрий айтади: «Аллоҳга қасамки, улардан бирортаси у зотнинг айтганларини бажармади. Токи, ул ҳазрат сўзларини уч марта такрорладилар. Сўнг улардан ҳеч ким Пайғамбарнинг айтганларини қилмагач, у зот завжалари Умму Саламанинг олдига кириб, одамларнинг у зотга бўлган муносабатани унга айтдилар».[2]

Ҳатто ваҳҳобийларнинг буюк пешвоси бўлган Ибн Таймия ҳам Ҳудайбия сулҳида юз берган ушбу ачинарли воқеани инкор этиб бўлмас қатъий бир масала сифатида тилга олган. Унинг бу ҳақда айтган гаплари улкан аҳамиятга бўлгани учун биз уни бу ерда келтирамиз:

وَكَذَلِكَ «لَمَّا صَالَحَ النَّبِيُّ – صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ – الْمُشْرِكِينَ يَوْمَ الْحُدَيْبِيَةَ، وَقَالَ لِأَصْحَابِهِ: «انْحَرُوا وَاحْلِقُوا رُءُوسَكُمْ» فَلَمْ يَقُمْ أَحَدٌ، فَدَخَلَ مُغْضَبًا عَلَى أُمِّ سَلَمَةَ، فَقَالَتْ: مَنْ أَغْضَبَكَ – أَغْضَبَهُ اللَّهُ؟ فَقَالَ: «مَا لِي لَا أَغْضَبُ وَأَنَا آمُرُ بِالْأَمْرِ فَلَا يُطَاعُ»

«Шунингдек, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ҳудайбия куни мушриклар билан сулҳ тузгач, саҳобаларига: «Қурбонлик қилинглар ва сочингизни олинглар», дедилар. Лекин ҳеч бир киши у зотнинг айтганларини қилмади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ғазабланган ҳолда завжалари Умму Саламанинг олдига кирдилар. Умму Салама у зотга: «Эй Расулуллоҳ, сизни ким ғазаблантирди? Аллоҳ унга ғазаб қилсин!», деди. У зот: «Нега ғазабланмай? Ҳолбуки, мен бир ишни бажаришга буюрсам-у, лекин унга итоат қилинмаса», дедилар».[3]

Учинчи масала: Рўза масаласида саҳобаларнинг Пайғамбар (с.а.в)га қарши чиқиши

Муслим ибн Ҳажжож Нишобурий ўзининг «Саҳиҳ» китобида Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

(١١١٤) حَدَّثَنِي مُحَمَّدُ بْنُ الْمُثَنَّى. حَدَّثَنَا عَبْدُ الْوَهَّابِ (يَعْنِي ابْنَ عَبْدِ الْمَجِيدِ) حَدَّثَنَا جَعْفَرٌ عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا؛أنَّ رَسولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عليه وسلَّمَ خَرَجَ عَامَ الفَتْحِ إلى مَكَّةَ في رَمَضَانَ، فَصَامَ حتَّى بَلَغَ كُرَاعَ الغَمِيمِ، فَصَامَ النَّاسُ، ثُمَّ دَعَا بقَدَحٍ مِن مَاءٍ فَرَفَعَهُ، حتَّى نَظَرَ النَّاسُ إلَيْهِ، ثُمَّ شَرِبَ، فقِيلَ له بَعْدَ ذلكَ: إنَّ بَعْضَ النَّاسِ قدْ صَامَ، فَقالَ: «أُولَئِكَ العُصَاةُ، أُولَئِكَ العُصَاةُ».

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Макка фатҳ қилинган йили Рамазон ойида Макка томон йўлга чиқдилар. Шунда ул ҳазрат рўза тутдилар ва одамлар ҳам рўза тутишди. Токи, «Куроъ ал-Ғомим» деган жойга етиб келганларида, у зот бир коса сув сўраб, уни одамларнинг кўз ўнгида кўтариб ичдилар ва бу билан рўзани очиб, одамларга ҳам рўзаларини очишга буюрдилар. Шундан сўнг у зотга: «Баъзи одамлар рўзаларини очмай, биз рўзадормиз, деб туриб олишган», дейилди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Ана ўшалар итоатсиз исёнкорлардир! Ана ўшалар итоатсиз исёнкорлардир», дедилар».[4]

Дарҳақиқат, бу ҳадис «саҳобаларнинг ҳаммаси адолатли кишилар» деган ақидага барҳам беради ва барча саҳобалар адолатли эканлигини оқлашнинг иложи йўқ. Чунки, «العُصَاةُ» “итоатсиз исёнкорлар” деган сўзнинг маъноси адолатли бўлмаган киши демакдир.

Энди холислик билан юқоридаги ҳадисдан хулоса чиқарадиган бўлсак, бундай хислатга эга бўлган бу саҳобаларнинг йўлидан бориш нажот топувчи тоифадан бўлишнинг мезони бўла олади ёки йўқми?! Муҳокамани ўзингизга қўйиб берамиз.

Тўртинчи масала: Эҳромдан чиқиш масаласида саҳобаларнинг Пайғамбар (с.а.в) фармонларидан бош тортиши

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Ҳажжатул Видо», яъни видолашув ҳажларида умраи таматтуъ амалларини бажариш масаласида Бухорий ва Муслимнинг қилган ривоятига кўра ва шунингдек, чамаси 14 манбада ривоят қилинишича, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Маккага етиб келганларида, саҳобаларга: «Кимки қурбонликка туя олиб келмаган бўлса, эҳромдан чиқсин», деб буюрадилар. Саҳобалар эса у зотга жавобан: «Эҳромдан чиқиш нимани англатади? Яъни ҳамма нарса ҳалол бўлади, деганими?! Ҳатто аёллар билан алоқа қилиш ҳам ҳалол бўладими?!», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларга: «Ҳа, ҳалол бўлади», дедилар. Шунда саҳобалар Пайғамбар (с.а.в)ни масхара қила бошлашди.

Муслим ибн Ҳажжож Нишобурий ўзининг «Саҳиҳ» китобида Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Жобир айтади:

قَالَ جَابِرٌ: فَقَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صُبْحَ رَابِعَةٍ مَضَتْ مِنْ ذِي الْحِجَّةِ، فَأَمَرَنَا أَنْ نَحِلَّ. قَالَ عَطَاءٌ: قَالَ: حِلُّوا وَأَصِيبُوا النِّسَاءَ. قَالَ عَطَاءٌ: وَلَمْ يَعْزِمْ عَلَيْهِمْ، وَلَكِنْ أَحَلَّهُنَّ لَهُمْ، فَقُلْنَا لَمَّا لَمْ يَكُنْ بَيْنَنَا وَبَيْنَ عَرَفَةَ إِلَّا خَمْسٌ، أَمَرَنَا أَنْ نُفْضِيَ إِلَى نِسَائِنَا، فَنَأْتِيَ عَرَفَةَ تَقْطُرُ مَذَاكِيرُنَا الْمَنِيَّ. قَالَ: يَقُولُ جَابِرٌ بِيَدِهِ: كَأَنِّي أَنْظُرُ إِلَى قَوْلِهِ بِيَدِهِ يُحَرِّكُهَا.

«Зулҳижжа ойининг тўртинчи куни эрталаб Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келдилар ва бизга муҳил бўлишимизни, яъни эҳромдан чиқишимизни буюриб: Эҳромдан чиқинглар ва аёллар сизларга ҳалол бўлди», дедилар. У зот уларни мажбурламади, балки уларга аёлларни ҳалол қилдилар. Биз саҳобалар: «Биз билан Арафа куни орасида бор-йўғи беш кун вақт қолганида, Пайғамбар (с.а.в) бизга аёлларимиз билан жинсий алоқа қилишга буюрдиларми? Арофатга таносил аъзоларимиздан маний оққан ҳолда борарканмизми?!», дедик. Жобир қўлини кўрсатиб деди: Гўё мен у зотнинг сўзларини қўллари билан қимирлатаётган ҳолда айтганларини кўргандекман».[5]

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Юқоридаги манба, 67-Китобул мағозий, 14-бобу ғазвати Уҳуд, 3822-ҳадис, 4-жилд, 487-бет.

[2]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 58-Китоб: Аш-Шурут, 15-Боб: Аш-Шуруту фил-жиҳаад вал-мусолаҳату маъа аҳлил-ҳарб, 2581-ҳадис, 2-жилд, 978-бет. Ва шунингдек, Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал», 31-жилд, 220-бет, 8910-ҳадис, ар-Рисолаҳ чопи.

[3]. Аҳмад ибн Таймия Ал-Ҳарроний, «Минҳожус-суннатин-набавийяҳ», Риёз – Саудия Арабистон, Муҳаммад Рашод Солим нашриёти, 1406-ҳижрий қамарий, 1986-милодий йили, 4-жилд, 315-бет.

[4]. Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож, Ал-Қушайрий, Ал-Нисобурий, «Саҳиҳул Муслим», 13-Китобус-сиёми, 15-бобу жавозис-совми вал-фитри фий шаҳри Рамазона лил-мусофир, 1114-ҳадис., 2-жилд, 785-бет.

[5]. Муслим ибн Ҳажжож, «Саҳиҳул Муслим», 15-Китобул-ҳаж, 17-бобу баёни вужуҳил эҳром, 1216-ҳадис, Ливан-Байрут нашрида 2-жилд, 883-бет ва Туркия нашрида эса 4-жилд, 37 ва 38-бетлар.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.