Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (4)

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (4)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Саҳобалар томонидан Савари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шаънларига мутлақо тўғри келмайдиган бундай хунук ва ножўя гапларнинг айтилиши умуман қабул қилинмайди. Ҳаттоки бир оддий одам бундай хунук ва ножўя таъбирларни ишлатишдан уялади. Яна Жобирнинг бу гапларга қўшимча қилиши жуда ҳам уятли ҳолат!

Яна ушбу «Саҳиҳи Муслим» китобида Сарвари коинотнинг завжалари Оишадан ул ҳазрат саҳобаларнинг бу хатти-ҳаракатидан ғазабланиб, унинг олдига келганликлари ҳақида шундай ривоят қилинган: Оиша айтади:

عَنْ ‌عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ: «قَدِمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِأَرْبَعٍ مَضَيْنَ مِنْ ذِي الْحِجَّةِ، أَوْ خَمْسٍ، فَدَخَلَ عَلَيَّ وَهُوَ غَضْبَانُ، فَقُلْتُ: مَنْ أَغْضَبَكَ يَا رَسُولَ اللهِ أَدْخَلَهُ اللهُ النَّارَ؟ قَالَ: أَوَمَا شَعَرْتِ أَنِّي أَمَرْتُ النَّاسَ بِأَمْرٍ، فَإِذَا هُمْ يَتَرَدَّدُونَ».

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Зулҳижжанинг тўртинчи ёки бешинчи куни Маккага етиб келдилар ва ул ҳазрат саҳобаларнинг хатти-ҳаракатидан ғазабланган ҳолда менинг олдимга кирдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким сизни ғазаблантирди? Аллоҳ уни дўзахга киргизсин!», дедим. Ул зот: «Эй Оиша, кўрмаяпсанми, мен одамларга бир ишни бажаришни буюрсам, лекин улар иккиланиб менинг айтганимни бажаришмайди», дедилар».[1]

Саҳобаларнинг пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) йўл-йўриқларидан бош тортиб итоат қилмаслиги ҳақиқатан ҳам дардли ва аянчли ҳолатдир!! Яна бошқа бир ривоятда “Абдуллоҳ ибн Умар”дан “Мутъатул ҳаж”, яъни ҳаж мутъасининг ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида сўралганида, у: «Мутъатул ҳаж жоиз ва ҳалол», деб жавоб беради. Одамлардан бири унга: «Отангиз Умар ибн Хаттоб Мутъатул ҳажни ҳаром деб айтган», деди. Абдуллоҳ ибн Умар уларга жавобан:

«ويلك، إن كان أبي نهى عنها، وقد فعله رسول اللّه، وأمر به، أفبقول أبي آخذ، أم بأمر رسول اللّه؟»

«Сенга вой бўлсин! Агар отам Мутъатул ҳажни ман қилиб ундан қайтарган бўлса, ваҳоланки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уни бажарган ва унга амал қилишга буюрган бўлсалар, мен отамнинг сўзини қабул қилиб оламайми ёки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг буюрганлариними?». Кейин Абдуллоҳ ибн Умар ўша сўраган кишига: «قُمْ عَنِّي» «Менинг олдиндан туриб кет», деди.[2]

Абдуллоҳ ибн Умар айтган гапининг маъноси шуки, сизлар отамнинг гапларини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўрсатмалари қаршисида қўймоқдасиз ва у бу ишни нотўғри деб билган.

Энди инсоф билан холисона хулоса чиқарадиган бўлсак, биринчи келтирилган ҳадисга кўра:

مَا أَنَاْ عَلَيْهِ الْيَوْمَ وَأَصْحَابِي

«Мен ва саҳобаларимнинг бугунги йўлидан борганлар нажот топувчи тоифа» деб айтилгани «Сиҳоҳ» китобларида, яъни Саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлган китобларда келган ҳадисларда саҳобаларнинг бош тортиш ва итоатсизлик қилиш хусусиятига эга бўлганликларига мутлақо зид ва қарама-қарши бўлиб, нажот топувчи тоифа саҳобалар йўлини тутганлар эканлигини савол остида қолдиради.

Бешинчи масала: Саҳобаларнинг Пайғамбар (с.а.в)ни қолдириб тижорат карвони томон югуриб боришлари

Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

﴿وَإِذَا رَأَوْا تِجَارَةً أَوْ لَهْوًا انفَضُّوا إِلَيْهَا وَتَرَكُوكَ قَائِمًا ۚ قُلْ مَا عِندَ اللَّهِ خَيْرٌ مِّنَ اللَّهْوِ وَمِنَ التِّجَارَةِ ۚ وَاللَّهُ خَيْرُ الرَّازِقِينَ﴾‏

«Қачон улар [саҳобалар] бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, масжиддан чиқиб ўша томонга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сени [хутба ўқиётиб] тик турган ҳолингда тарк этурлар. Уларга: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир!», деб айт» (Жума сураси, 11-оят).

«Саҳийҳул Бухорий» китобида ривоят қилинишича, жума кунида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) тик турган ҳолда жума хутбасини ўқиётганларида, Шом заминидан савдогарлар карвони ноғора ва карнайлар чалиб савдо моллари билан Мадинага кириб келади. Шунда саҳобаларнинг аксарияти Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни тик туриб хутба ўқиётган ҳолларида қолдириб савдо-сотиқ қилиш учун масжиддан чиқиб карвон томонига югуришади. Шу вақт Аллоҳ таоло Жума сурасининг ушбу оятини нозил қилади.

Хўш, энди ўзингиз айтинг, бир муфтий ёки имом хатиб масжидда хутба ўқиб маъруза қилиб турганида масжид ташқарисида бир воқеа содир бўлса, масалан, икки киши жанжаллашиб қолса, биз ояти каримада келганидек ўйин-кулги бўлса демаймиз, шунда жума намозига келган намозхонлар хутбанинг ўртасида масжиддан ташқарига югуриб чиқишса, хутба қилаётган муфтий ёки имом хатиб бу ишга нима деб айтади ва уни қандай баҳолайди? Намозхонларнинг бу ишини яхши ва одобли иш бўлди, деб айтадими ёки буткул нотўғри ва ножўя иш бўлди, дейдими?!

Муфтий ёки имом хатиб бу саволга нима деб жавоб берсалар, биз ҳам ўша жавобни саҳобаларга нисбатан айтамиз.

Олтинчи масала: Пайғамбар (с.а.в) васият ёзиб қолдирмоқчи бўлганларида саҳобалар томонидан у зотга ҳурматсизлик қилиниши

Аҳли суннатнинг бир неча мўътабар ва ишончли манбаларида, жумладан «Саҳийҳул Бухорий» ва «Саҳиҳул Муслим» китобларида ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) умрларининг охирги дамларида васият ёзиб қолдирмоқчи бўладилар. Шунда ул зот менга: «Бир қоғоз ва қалам олиб келинглар, токи сизларга бир нарса ёзиб қолдирай», деб айтганларида баъзи саҳобалар ул ҳазратга беадаблик ва ҳурматсизлик қилиб: «У алаҳсираяпти, унга дард ғолиб келди», дейишади. Ушбу дардли воқеа-ҳодисанинг аҳамияти юқори бўлгани учун биз бу ерда ҳадиснинг арабча матнини таржимаси билан бирга келтирамиз.

Биринчи ҳадис: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

٢٨٨٨ – حدثنا قبيصة: حدثنا ابن عيينة، عن سليمان الأحول، عن سعيد ابن جبير، عن ابن عباس رضي الله عنهما: أَنَّهُ قَالَ: يَوْمُ الْخَمِيسِ، وَمَا يَوْمُ الْخَمِيسِ ثمَّ بَكَى حَتَّى خَضَبَ دَمْعُهُ الْحَصْبَاءَ، فَقَالَ: اشْتَدَّ بِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَجَعُهُ يَوْمَ الْخَمِيسِ، فَقَالَ: (ائْتُونِي بِكِتَابٍ، أَكْتُبْ لَكُمْ كِتَابًا لَنْ تَضِلُّوا بَعْدَهُ أَبَدًا). فَتَنَازَعُوا، وَلَا يَنْبَغِي عِنْدَ نَبِيٍّ تَنَازُعٌ فَقَالُوا: هَجَرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: (دَعُونِي فَالَّذِي أَنَا فِيهِ خَيْرٌ مِمَّا تَدْعُونِي إِلَيْهِ).

«Пайшанба куни, Пайшанба куни қандай кун эди?! дедилар-да, сўнг йиғладилар, шу даражадаки, у зотнинг кўз ёшлари тошчаларни намлади. Кейин Ибн Аббос сўзларини давом эттириб дедилар: Пайшанба куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг касалликлари оғирлашди. Бас у зот: «Менга бир қоғоз келтирингиз, токи сизларга шундай бир мактуб ёзиб қолдирайки, ундан кейин ҳеч қачон адашмагайсиз», дедилар. Шунда саҳобалар ўзаро низо қилиб тортиша бошлашди, ваҳоланки, Пайғамбар ҳузурларида тортишиш ярашиқли иш эмасди. Шу пайт баъзи кимсалар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) алаҳсираяпти», деди. Бу ҳолатни кўрган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Мени тарк этинглар! Чунки, мендаги бўлган нарса сизлар мени чақираётган нарсадан кўра яхшироқдир», дедилар».[3]

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Юқоридаги манба, 1211-ҳадис, Ливан-Байрут нашрида 2-жилд, 879-бет ва Туркия нашрида эса 4-жилд, 33 ва 34-бетлар.

[2]. Абу Умар Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Абдулбар ан-Намирий, «Ат-Тамҳийду лимаа фил-Муваттоъи минал маъааний вал-асаанийд», тадқиқотчи: Мустафо бин Аҳмад ал-Алавий ва Муҳаммад Абдулкабийр ал-Бакрий, Ал-Мағриб – Умумий вақфлар ва исломий ишлар вазирлиги, 1387-ҳижрий йил, 8-жилд, 209-бет.

[3]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 60-Китобул жиҳоди вас-сияри, 172-Бобу жавоъизил вафди, 3-жилд, 111-бет, 2888-ҳадис.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.